26.11.2013

ЙИЛНИНГ ЭНГ ФАОЛ МАЪНАВИЯТ ТАРҒИБОТЧИЛАРИ

Ўзбек Миллий академик драма театрида Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди.

Шу муносабат билан мазкур санъат масканига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, маҳалла, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, ёшлар таклиф этилди.

Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари Қ.Қуронбоев ва бошқалар Прездентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларни замонавий билим ва тафаккурга эга, юксак ижодий-интеллектуал салоҳият соҳиби этиб вояга етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар маънавий-маърифий соҳалардаги янгиланиш жараёнларида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда жаҳон талабларига тўлиқ жавоб берадиган таълим-тарбия, илм-маърифат, маданият ва санъат масканларини барпо этиш, уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий йўналишларда фаолият кўрсатаётган ҳамюртларимиз меҳнатини рағбатлантиришга оид тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Таълим тизимида “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” ўқув фани, “Маънавият соатлари” жорий этилгани ёшларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги юксак ўзгаришлардан хабардорлигини ошириш, уларни соғлом ва мустақил фикрли шахслар этиб вояга етказишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг 2006 йил 25 августда қабул қилинган “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарори мустақиллигимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, ёш авлод қалби ва онгига она юртга муҳаббат туйғуларини чуқур сингдиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Республика Байналмилал маданият маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” республика кўрик-танловидан кўзланган асосий мақсад ҳам маънавий-маърифий тарғибот соҳаси мутахассислари фаолиятини атрофлича ўрганиш, таҳлил этиш, бу борадаги илғор иш тажрибасини оммалаштиришдан иборатдир.

Танлов жараёнида тарғиботчиларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларини иш жараёнига унумли татбиқ эта олиши, кўпчилик, айниқса, ёшлар аудиторияси билан ишлаш маҳорати, уларга ижобий таъсир ўтказа олиш қобилияти, “оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан ҳимоялай олишга доир иш услубига асосий эътибор қаратилди.

– Инсон қалби ва онгини забт этишга интилиш тобора кучайиб бораётган бугунги мураккаб глобаллашув даврида ёшларнинг тарбияси, маънавияти, онгу шуури, дунёқараши учун барчамиз масъулмиз, – дейди танлов ғолиби, Навоий вилояти Хатирчи туманидаги тиббиёт коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Сайёра Эгамбердиева. – Бу эса биз – маънавият тарғиботчиларидан доимо сезгирлик, ҳушёрлик ва огоҳликни қўлдан бой бермай, фаол иш олиб боришга ундайди.

Тадбирда “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” республика кўрик-танловининг турли йўналишлар бўйича ғолибларига совринлар топширилди.

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: