26.11.2013

ЎЗБЕКИСТОН – ТУРКМАНИСТОН: ДЎСТЛИК ВА ҲАМКОРЛИКНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 25 ноябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ўзбекистон ва Туркманистон халқларини умумий тарих, муштарак маданият ва қадриятлар, ўхшаш тил ва урф-одатлар ўзаро боғлаб туради. Тақдир синовлари даврида бир-бирига елкадош бўлиб, саодатли дамларда қувончини баҳам кўриб келган ўзбек ва туркман халқлари азалдан бир-бирининг маданиятини бойитиб, савдо-сотиқ қилиб келади, бир дарёдан сув ичади.

Аждодларимизнинг илмий-маънавий ва адабий мероси халқларимизнинг умумий мулки саналади. Ишонч билан айтиш мумкинки, Туркманистонда Алишер Навоий, Ўзбекистонда Маҳтумқули асарлари кириб бормаган хонадон деярли йўқ.

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар мустақиллик йилларида янги, сифат жиҳатдан янада юқори босқичга кўтарилди. Бугун Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлиги 2007 йилда имзоланган Дўстона муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги давлатлараро шартнома руҳида жадал ривожланмоқда. Мунтазам равишда олий даражадаги учрашувлар ўтказиб келинаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг бу галги Тошкент учрашуви олий даражадаги самарадор ва фаол мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросимидан кейин Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг яккама-якка суҳбатида Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларига доир кенг кўламли масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Суҳбат чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, Туркманистон раҳбарининг ушбу ташрифи ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатдорлик, яхши қўшничилик тамойилларига асосланган икки томонлама муносабатларга янги суръат бахш этиши таъкидланди.

Ўзбекистон ва Туркманистон БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида изчил ҳамкорлик қилиб келаётгани, мамлакатларимизнинг минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммоларга ёндашувлари, қарашлари ўхшаш ва яқин экани қайд этилди. Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалаларни ҳам муҳокама этдилар.

Икки давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашар экан, Афғонистонда ҳарбий куч ишлатиш йўли билан тинчлик ўрнатиб бўлмаслигини яна бир бор таъкидлади. 2014 йилда халқаро коалиция кучларининг Афғонистондан чиқарилиши хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, беқарорликнинг мазкур мамлакат ҳудудидан ташқарига ёйилишига йўл қўймаслик учун кенг кўламдаги халқаро ҳамкорликни, саъй-ҳаракатларни янада фаол мувофиқлаштиришни тақозо этиши қайд қилинди.

Марказий Осиёда сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Сув-энергетика соҳасига оид масалалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойиллари асосида, минтақадаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро ташкилотлар иштирокида кўриб чиқилиши зарурлиги таъкидланди. Трансчегаравий дарёларда гидроэнергетика иншоотлари қуриш масалаларига БМТнинг трансчегаравий сув оқимларидан фойдаланишга оид конвенциялари талабларига риоя қилган ҳолда ёндашиш лозимлиги қайд этилди.

Президентлар икки томонлама ҳамкорлик стратегияси ҳамда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар юзасидан ўзаро келишилган позиция ишлаб чиқиш мақсадида олий даражадаги учрашувларни мунтазам давом эттиришга келишиб олдилар.

Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов музокарани Ўзбекистон ва Туркманистон расмий делегациялари аъзолари иштирокида давом эттирдилар.

Икки мамлакат ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларга мувофиқ изчил ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратади.

Кейинги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробардан зиёдроқ ўсиб, 2012 йил якунларига кўра 450 миллион АҚШ долларидан кўпроқни ташкил этди. Ўзбекистоннинг Туркманистонга экспорти минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, полиз маҳсулотлари, электрик ва механик ускуналар, транспорт воситалари, қора ва рангли металлардан ишланган буюмлар ва турли соҳадаги хизмат кўрсатишдан иборат. Туркманистондан юртимизга нефть маҳсулотлари, пропилен полимерлари, сульфат кислота каби товарлар келтирилади.

Ўзбекистон томони 2012 йилда имзоланган Ўзаро етказиб бериш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳамда 2013-2017 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага мувофиқ икки томонлама савдо ҳажмини янада ошириш ва уни диверсификация қилиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон корхоналари Туркманистон бозорига узоқ муддатли асосда ва кенг кўламда машинасозлик, электротехника ва кимё саноати маҳсулотлари, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, замонавий енгил ва юк ташувчи автомобиллар, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси, қайта ишланган полиз маҳсулотлари етказиб беришга тайёр.

Иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси самарали механизм вазифасини ўтамоқда. Жорий йил 11-12 ноябрь кунлари Ашхободда унинг тўққизинчи мажлиси бўлиб ўтди. Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Туркманистон ўзаро савдо ва сармоя ҳажмини ошириш, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг қўшни мамлакат бозоридаги ўрнини кенгайтириш учун барча имкониятларга эга. Бизнес-форумлар ташкил қилиш, миллий маҳсулот ва хизматлар кўргазмаларини ўтказиш ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Туркманистон иқтисодий ҳамкорлигида транспорт коммуникациялари устувор жиҳат саналади. Икки мамлакатнинг автомобиль ва темир йўллари яхши интеграциялашган тизим бўлиб, нафақат Ўзбекистон ва Туркманистон, балки учинчи давлатлар учун ҳам қулай транзит мажмуи вазифасини ўтамоқда. 2013 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон ҳудудидан Туркманистонга тегишли 304,9 минг тонна юк ташиб ўтилган бўлса, ушбу давлат ҳудудидан юртимизга қарашли 283,8 минг тонна юк олиб ўтилди. Транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро келишилган тариф сиёсати юритиш икки томон салоҳиятини тўлиқ юзага чиқарибгина қолмай, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг учинчи давлатлар учун жозибадорлигини ҳам оширади.

Ўзбекистон томонининг фикрича, Эроннинг Бандар Аббос ва Туркиянинг Мерсин бандаргоҳлари йўналиши бўйича Туркманистон коммуникацияларининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш учун тарифларни оптималлаштириш, қулай преференциялар жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, мамлакатларимизнинг Форс кўрфази портларига чиқишини таъминлаш учун Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон-Қатар халқаро транспорт ва транзит йўлагини барпо этиш тўғрисидаги битимни изчил ва тизимли равишда амалга ошириш зарур.

Мамлакатларимиз халқаро миқёсдаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш борасида катта тажрибага эга. 2009 йилнинг декабрь ойида ишга тушган Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой газ қувури бунинг ёрқин тасдиғидир.

Музокарада қўшма корхоналар, миллий фирма ва компаниялар ваколатхоналарининг сонини кўпайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Масалан, Ашхобод шаҳрида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларни сотиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича Туркманистон-Ўзбекистон қўшма корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Хўжалик субъектлари ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги амалий қадам бўлган мазкур корхона икки мамлакат бу борада талай имкониятларга эга эканини намоён этади.

Тошкентда Туркманистон, Ашхободда Ўзбекистон миллий кўргазмаларини ташкил қилиш яхши анъанага айланган. Шу билан бирга, савдо-сотиқни ривожлантиришда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида тўлақонли эркин савдо тартибининг йўлга қўйилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Туркманистон томони “Навоий”, “Жиззах”, “Ангрен” иқтисодий зоналари билан таништирилди.

Музокарада агросаноат мажмуи соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни тўлиқ амалга ошириш зарурлиги қайд этилди. Бу битим қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб бериш, пахтачилик ва ғаллачилик, ўсимликларни кимёвий ва биологик ҳимоялаш, селекция, кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришни назарда тутади.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Бу борада 2011-2013 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида икки мамлакатнинг маданият ва санъат намояндалари Ўзбекистонда ва Туркманистонда ўтказиладиган турли концертлар, фестиваль ва кўриклар, кўргазма ва форумларда фаол иштирок этмоқда. 2009 йилги “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида туркманистонлик хонанда Лале Бегназарова Гран-при соҳиби бўлган эди, 2011 йилдаги фестивалда эса “Галкиниш” ижодий гуруҳи учинчи ўринни эгаллади.

Олий даражадаги учрашувлар доирасида бир неча марта Ўзбекистон ва Туркманистон санъаткорларининг қўшма концертлари ўтказилди. Ўзбекистон-Туркманистон халқларининг дўстлик фестивали деб аталган бу анжуманлар икки мамлакат маданий ҳаётида катта воқеа бўлди.

2013 йилнинг август ойида Ўзбекистон вакиллари Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган иқтидорли болаларнинг “Аваза – дўстлик ўлкаси” халқаро фестивалида иштирок этди.

Келишувга биноан бундан буён ҳам икки мамлакатда ўтказиладиган фестиваль, концерт, кўрик-танлов ва кўргазмалар, шунингдек, спорт мусобақалари ҳақида мунтазам равишда маълумот алмашиб борилади ҳамда маданият ва санъат намояндаларининг, спортчиларнинг фаол иштироки таъминланади.

Илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик юксалмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Генетика ва экспериментал биология институти вакиллари туркманистонлик ҳамкасблари билан Туркманистон шароитига мос келадиган уруғлик чигит ва дон навларини яратиш борасида ҳамкорлик қилмоқда. Илм-фан вакиллари нефть кимёси соҳасида ҳам қўшма изланишлар олиб бормоқда.

Музокарада сайёҳлик соҳасида мамлакатларимиз улкан имкониятларга эга экани таъкидланди. “Буюк ипак йўли” сайёҳлик лойиҳаси доирасида комбинациялашган саёҳатлар ташкил қилиш орқали бу соҳадаги алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олинди. Бошқача айтганда, Ўзбекистонга келган сайёҳ Туркманистон, Туркманистонга борган сайёҳ Ўзбекистон орқали қайтиб кетишини йўлга қўйиш мумкин. Шу тариқа миллий авиакомпанияларнинг ҳамкорлигини кенгайтириш учун ҳам яхши замин яратилади.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар. Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида Маданий-гуманитар соҳада 2014-2016 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, Жиноий йўл билан орттирилган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

Шунингдек, икки мамлакатнинг кимё саноати ва туризм компаниялари, ахборот агентликлари, товар-хомашё биржалари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов музокаралар очиқ, ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида, ишчан кайфиятда ўтганини, эришилган келишувлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар. Ўзаро муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида манфаатлар ва қарашларнинг муштараклиги, шунингдек, муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан позиция ва ёндашувлар ўхшаш ва яқинлиги яна бир карра ўз тасдиғини топгани қайд этилди.

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонига ташриф буюрдилар. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизнинг бош майдонида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига юксак баҳо берди.

Президентлар давлатимиз раҳбари ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган “Маърифат маркази”ни бориб кўрди. Ушбу мажмуадан ўрин олган Симпозиумлар саройининг кўрку салобати, меъморий ечими, йирик илмий анжуманлар ва халқаро симпозиумлар ўтказиш учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг бой ахборот-кутубхона фонди, бу ерга келган ёш йигит-қизларнинг юксак интеллектуал салоҳияти олий мартабали меҳмонда катта таассурот қолдирди.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи давом этмоқда.

ЎзА



DB query error.
Please try later.