23.11.2013

ДЕПУТАТЛИК ГУРУҲИ ЎЗ ПОЗИЦИЯСИНИ НАМОЁН ЭТИШИ КЕРАК

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ташаббуси билан Қашқадарё вилоятида семинар ўтказилди.

Тадбир халқ депутатлари вилоят Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида Президентимиз томонидан кўтарилган ижтимоий-иқтисодий вазифаларни бажаришда вилоят партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳларининг фаол иштирокини таминлаш масалаларига бағишланди.

Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари, туман, шаҳар партия кенгашлари ҳамда йирик бошланғич ташкилотлар раислари иштирок этди.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан бевосита боғлиқ бўл­ган қатор масалалар илгари сурилди. Минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш билан чамбарчас боғлиқ бу вазифалар халқ депутатлари Кенгашлари зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Ҳудудий ислоҳотларни чуқурлаштириш, уларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишда халқ депутатлари қа­бул қилаётган қарорларнинг аҳа­мия­ти катта. Маҳаллий вакиллик ҳо­кимиятини ҳаракатга келтирувчи асосий куч эса, шубҳасиз, сиё­сий партияларнинг депутатлик гуруҳларидир. Шундай экан сес­сияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш, ечимини кутаётган масалалар юзасидан муқобил таклифлар ишлаб чиқиш, маълум бир ижтимоий вазифани зиммага олиб, уни охиригача ҳал этиш учун курашиш депутатлик гуруҳларимиз зиммасидаги вазифадир.

Демак, бугунги кунда вилоят партия ташкилоти ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимизнинг асосий диққат-эътибори халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши сессиясида билдирилган фикрлар, партиямиз Сайловолди дастури, 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастуридан келиб чиқиб, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг аниқ вазифаларини бажаришга қа­ра­тилиши зарур.

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Янги иш ўринлари ташкил этиш масаласи ҳар доим долзарб масала ҳисобланади. Бу борада одамларнинг ўз ишини йўлга қў­йиш борасидаги ташаббуслари­ни қўллаб-қувватлаш, мустақил бизнес, оилавий тадбиркорлигини ташкил этишига ёрдам бериш муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, сессияда айтилганидек, вилоятнинг бир қатор туманларида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари фаолиятида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузиш ҳолатлари қайд этилган. Президентимиз «ўз хусусий ишимни очиб, нафақат ўзимни, оиламни боқаман, эл-юртга ҳам наф етказаман, деб ҳаракат қилаётган одамларнинг йўлига, тадбиркорлик йўлига ғов бўлиш — бу давлат сиёсатига, Президент­нинг сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланиши керак. Буни барча амалдор шахслар қулоғига қўрғошиндек қуйиб олсин», деб қатъий таъкидлади.

Чуқурроқ эътибор бериб қарайдиган бўлсак, бу ўринда жуда муҳим ҳаётий масала кўтарилди. Таҳлиллар кўрсатишича, кейинги йилларда бизнинг партиямиз электорати орасида ҳам ўз ишини ташкил этиш ҳаракатига тушган кишилар тобора кўпайиб бораяпти. Уларга амалий ёрдам бериш, қонунда белгиланган имтиёзлардан кенг фойдаланишларига кў­маклашиш бизнинг энг муҳим вазифаларимиздан бирига айланиши зарур, деб ҳисоблайман.

Олим РАВШАНОВ, Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Сессияда вилоятда саноат тармоқларини барқарор ривожлантиришга етарли эътибор берилмаётгани, режалаштирилган лойи­ҳалар ўз вақтида амалга оширилмаётгани, мавжуд салоҳият ва қувватлардан самарали фойдаланилмаётгани танқид қилинди. Маҳаллий хомашёни қайта ишлаш негизида юқори қийматга эга бўлган рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича вилоят мамлакатимиз эришган марралардан ор­қада қолаётгани таъкидланди.

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги, юқори ҳақ тўланадиган ва барқарор иш ўринлари ташкил этишда давлат, ҳукумат даражасидаги ҳамда маҳаллий дастурларнинг аҳамияти жуда катта. Бугунги кунда уларнинг ижросини таъминлашда депутатлик гуруҳларимизнинг иштироки масаласига янгича ёндашувлар зарур, назаримда. Аввало, иш ўринларини ташкил этиш, саноати, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни ривожлантириш, маҳаллийлаштириш дастурлари қандай ижро этилаётганини доимий равишда мониторинг қилиб боришимиз лозим. Уларнинг бажарилиши юзасидан қаерда муаммо пайдо бўлаётган бўлса, сабабларини тезкорлик билан аниқлаб, ечими бўйича муқобил таклифларимизни сессиялар му­ҳокамасига олиб кириш талаб этилади. Мамлакатни тараққий эттириш, одамлар ҳаёти — ўз турмушимизни янада яхшилашга қа­ратилган мазкур дастурлар иж­ро этилиши юзасидан мутасадди идоралар, уларнинг раҳбарлари масъулиятини ошириш масаласига ҳам ваколат даражасида алоҳида эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман.

Партиямиз Сайловолди дастурида ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқариладиган сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат ҳамда ноозиқ-овқат маҳсулотлар билан етарлича таъминлаш бўйича вазифалар белгиланган. Аммо, очиғини тан олиш керак, бу борадаги ташаббус­ларимиз талаб даражасида эмас.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида кўрсатиб ўтилган хато ва камчиликларни бартараф этиш вилоят аҳолисининг узоқ муд­датли ижтимоий манфаатларига, ЎзХДП электорати ҳаёти дара­жасини юксалтиришга хизмат қи­лади. Шуларни ҳисобга олиб, вилоят партия ташкилоти ҳамда депутатлик гуруҳларининг биргалик­даги чора-тадбирлар дастурини қабул қилдик. Унинг рўёбга чиқарилиши вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда бизнинг иштирокимиз кучайишига олиб ке­лади.

Рашид МУРТАЗАЕВ, ЎзХДП Қарши шаҳар кенгаши раиси:

— Сессияда Президентимиз Қар­ши шаҳрини янада гўзал, замонавий, барчанинг ҳавасини тортадиган марказга айлантириш учун унинг 2030 йилгача мўлжалланган бош режасини амалга ошириш бўйича мамлакатимиз ҳукуматининг қарори ва махсус дастури қабул қилинганини таъкидлади. Дастурда Қар­ши шаҳрининг ҳудудини икки баробардан кўпроқ кенгайтириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, ичимлик суви таъминоти, канализация тизимининг техник ҳолатини яхшилаш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Қарши магис­траль канали, Қашқадарё ва бош­қа каналлар ҳудудида янги инфра­тузилма объектлари, оилавий дам олиш масканлари барпо этиш, шаҳарда 9 та янги майдон, 8 та хиёбон қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш, эски, яроқсиз ҳолга келиб қолган бир қаватли айрим бинолар ўрнида 2-3 қаватли замонавий уй-жойлар барпо этиш чора-тадбирлари белгиланган. Мазкур дастурни амалга ошириш учун жами 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтириш кўзда тутилаётгани ҳам бу ишларнинг кў­лами нақадар кенглигини кўрсатади.

Қаршини нафақат юртимиз, балки минтақадаги энг гўзал шаҳарга айлантириш борасидаги бу тарихий ишлар Юртбошимизнинг Қашқадарёга чексиз меҳри, халқимизга улкан ғамхўрлиги намунаси, деб биламан. Мамлакатимиз раҳбари шунчалик қайғураётган экан, нима учун биз жон куйдирмаслигимиз керак? Президентимиз таъкидлаганидек, илгари ҳам бирор бир ишни бизга четдан келиб ҳеч ким қилиб берган эмас, бундан кейин ҳам биров қилиб бермайди. Шаҳар ва қишлоқларимиз обод бўлиши, изчил ривожланиб боришидан, аввало, ўзимиз манфаатдормиз. Шундай экан, ислоҳотларни самарали амалга ошириш, ҳаётимизни бунданда гўзал қилиш учун астойдил курашишга ҳар биримиз бурчлимиз.

Дастурда белгиланган вазифалар ўз-ўзидан амалга ошиб қолмайди. Бу жараёнда қанча-қан­ча масалаларни ўз вақтида ҳал этиш, эзгу ишларга тўсиқ бўлаёт­ган муаммоларни бартараф қи­лишга тўғри келади. Буларнинг барчаси Қарши шаҳар партия ташкилоти, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди.

Семинар якунида халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи томонидан муқобил ва қайта тикланадиган қувват манбаларидан фойдаланиш ҳисобига аҳолини иссиқ сув ва марказлашган иситиш тармоқлари билан таъминлаш, Касби ва Шаҳрисабз туманларида хомашёни қайта ишлаш корхоналарини ривожлантириш ҳисобига аҳоли бандлиги даражасини ошириш, Қарши шаҳри, Китоб, Яккабоғ ва ғузор туманларида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳудудий дастурларни бажариш доирасида истеъмол бозорини маҳаллий товарлар билан таъминлаш, Деҳқонобод ва Косон туманларида ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш, шунинг­дек, кам таъминланган оилаларга имтиёзлар олишда кўмак бериш, Нишон туманида партия электора­тини, шу жумладан, коллеж битирувчиларини янги иш ўринлари билан таъминлаш масалаларини чуқур ўрганиш ҳамда маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига киритиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Бекзод ШУКУРОВ



DB query error.
Please try later.