23.11.2013

ПОЧТА АЛОҚАСИ:

қонун талаблари даражасида хизмат кўрсатилаяптими?..

Бугун аҳолига, корхона-ташкилотларга почта алоқаси хизматлари кўрсатишнинг сифати қандай? Хизматлардан фойдаланувчиларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари таъминланаяптими? Умуман, ахборот ва коммуникация технологиялари тобора ривожланиб бораётган ­ҳозирги шароитда мамлакатимизда почта алоқаси тизимини янада ривожлантириш, халқаро стандартлар даражасида хизмат кўрсатишни ташкил этиш учун нималарга эътибор бермоқ керак?

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида «Почта алоқаси тўғрисида»ги қонуннинг Жиззах ва Хоразм вилоятларидаги ижроси муҳокама қилинганда ана шу масалаларга эътибор қаратилди.

Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Бахтиёр Соатов, Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ражаббой Рўзметов, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси ўринбосари Махсум Маҳмудов ҳамда «Ўзбекистон почтаси» очиқ акциядорлик жамияти бош директори ўринбосари Хатира Тожибоеванинг ахборотлари эшитилди.

«Почта алоқаси тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлаш бўйича муайян ишлар қилинаётгани таъкидланди. Хусусан, ҳар икки вилоятда ҳам почта алоқаси шохобчаларини замонавийлаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари негизида хизматларнинг янги турларини жорий этиш ва ривожлантириш юзасидан тегишли дастурлар қа­бул қилиниб, амалга оширилаяпти.

Почта алоқаси тармоқлари ва хизматларини ривожлантириш масалалари бўйича оператор ҳамда провайдерлар фаолиятини мувофиқлаштириш, почта, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, кўрсатилаётган хизматлар сифати устидан давлат назоратини амалга ошириш, фойдаланувчилар ҳу­қуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш бўйича эришилган натижалар эътироф этилди.

Таъкидлаганидек, почта соҳасининг моддий-техника таъминоти қонун талаблари асосида ривожланмоқда, ахборотлаштириш ва автоматлаштириш даражаси ошмоқда. Жумладан, почта алоқаси объектларида электрон пул жўнатмалари, коммунал хизматлар учун тўловларни қабул қи­лиш, почта жўнатмаларини қайд этиш, бошқа қатор интерактив хизматларни кўр­сатиш назоратини автоматлаштириш тизимли равишда жорий қилинаяпти.

Вилоятларнинг почта алоқаси корхоналарида элек­трон обунани амалга оширишга мўлжалланган даврий нашрлар тарқатилишини ҳисобга олиш ва назорат этиш автоматлаштирилган тизими ишлаб чиқилмоқ­да. Шунингдек, почта алоқаси корхоналарида почта ва курьерлик жўнатмалари хавфсизлигини таъминлаш бўйича видеокузатиш, электрон назорат қи­лиш имкониятлари кенгайтирилаяпти.

— Назорат-таҳлил тартибида ўрганиш давомида фуқароларга пенсия ва нафақаларни ўз вақтида етказиб бериш масаласига алоҳида эътибор берилди, — дейди Олий Мажлис Қо­нунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар Холиқова. — Жиззах ва Хоразм вилоятларидаги почта алоқаси объектлари томонидан пенсия ва нафақалар тўловини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича муайян ишлар олиб борилган. Шунингдек, уни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг «Пенсия» автоматлаштирил­ган тизимига улаш масаласи ҳал қилинган. Қонун ижро­си бўйича олиб борилган ўр­ганиш натижаларига асосланиб, почта алоқаси хизматлари кўрсатувчи субъ­ектлар фаолиятини яхшилаш зарурати юзага келганини, соҳада айрим жиддий хато ва камчиликлар кузатилаётганини айтиб ўтиш жоиз.

Масалан, почта алоқаси мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, почта алоқаси оператор ва провайдерлари томонидан почта, курьерлик хизматларини кўрсатиш, жў­натмаларни қабул қилиш ва етказишни ҳисобга олиш қо­нун талаблари даражасида эмас.

Қўмитадаги ЎзХДП фракцияси аъзоларининг фикрича, давлат пенсиялари ва нафақаларини етказиб беришга доир почта хизматлари кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, бунда қонуний меъёрларга қатъий риоя қилиниши зарур.

Депутатлар назорат-таҳлил жараёнида почта алоқа­си бўлимларида фуқароларнинг пенсия ва нафақа пуллари тарқатилмасдан ушлаб турилган ёхуд ўзлаштириб юборилган, хатлар, жўнатмалар, даврий нашрлар обуначиларга вақтида етказиб берилмаган ҳолатлар аниқлангани, бундай муаммоларни тизимли бартараф этиш бўйича жиддий чоралар кўриш лозимлигини ало­ҳида таъкидладилар.

Билдирилган фикр-мулоҳазалар аосида қонун ижросини таъминлаш, почта алоқасини янада ривожлантириш билан боғлиқ айрим тавсиялар билдирилди. Жум­ладан, почта алоқаси хизматлари турларини кўпайтиришда замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг имкониятларидан кенг ва самарали фойда­ланиш, универсал хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чораларини кўриш, соҳада стандартлар ва қоидаларнинг ягоналиги тамойилига амал қи­лиш, шу мақсадда амалий ўқув семинарлари ташкил этиб бориш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.

Йиғилишда айрим мутасадди раҳбарларнинг қонун ижроси бўйича вилоятлар ва тармоқларда амалга оши­рилаётган ишлар ҳақидаги ахборотларида чуқур таҳлил, масалага жиддий ёндашув етишмаслиги, бундай салбий ҳолатлар почта алоқасини яхшилаш билан боғлиқ масалаларни атрофлича муҳокама қилиш, аниқ таклифлар ишлаб чиқиш сифатига таъсир этиши ҳам айтиб ўтилди.

Кўриб чиқилган масала юза­сидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.