23.11.2013

ЎЗБЕКИСТОН — ТУРКМАНИСТОН: ЯХШИ ҚЎШНИЧИЛИК МУНОСАБАТЛАРИНИНГ КЎЛАМЛАРИ КЕНГАЙМОҚДА

Жорий йил 25-26 ноябрь кунлари Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов расмий ташриф билан Ўзбекистон Республикасида бўлади.

Бир-бирини тарихий ва маънавий илдизлар муштараклиги, маданият, урф-одат ва анъаналар, қардошлик алоқалари, тили ва менталитетидаги яқинликлар боғлаб турадиган Ўзбекистон ва Турк­манистон кўп асрлик дўст­лик, ўзаро ҳурмат ва ишонч, икки халқнинг умумий манфаатлари асосида ўзларининг замонавий муносабатларини бунёд этмоқда.

Икки давлат раҳбарларининг бундан олдинги расмий учрашуви 2012 йилнинг октябрида Ашхободда бўлиб ўтган эди. Мазкур учрашув чоғида томонлар ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтиришга бўлган интилишни тасдиқлаганлари ҳолда эришилган келишувларни самарали амалга ошириш мақсадида давлатлараро ва ҳукуматлараро даражада биргаликдаги саъй-ҳаракатлар механизмларини изчил ривожлантириш тамойилларига содиқ эканликларини қайд этдилар.

Кейинги йиллар давомида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги анъанавий дўстона алоқаларда янги кўтаринкилик кузатилаётгани баробарида икки томонлама шерикликнинг ҳолати ўзининг ўсувчан эканлигини намоён қилмоқда.

Шак-шубҳа йўқки, икки мамлакат етакчилари ўртасидаги илиқлик ва ўзаро ишончга асос­ланган муносабатлар давлат­лари­миз­­аро алоқаларнинг олдинга қараб интилувчан ва самарали тараққиётига кўмаклашаётган энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Конструктивлик ва истиқболни мўлжаллаш, ҳар икки томонда мавжуд бўлган имкониятларни ҳисобга олган ҳолда аниқ-равшан натижаларга эришиш мақсадини кўзлаш икки қўшни давлат мулоқотларининг ажралиб турадиган хусусиятлари бўлиб қолди.

Икки томонлама муносабатларнинг кенг кўламли кун тартиби жўғрофий, геосиёсий ва маданий-гуманитар омиллар, шунинг­дек, икки давлат иқтисодиётларининг бир-бирини тўлдирувчанлиги ҳамда Ўзбекистон ва Туркманистон корхоналари ўртасидаги кооперацияга хос яқин алоқалар билан ўзаро боғланган.

Тошкент ва Ашхобод минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, афғон инқирозини ҳал этиш, халқаро терроризм ва экстремизм, наркотрафик, уюшган трансмиллий жиноятчилик сингари хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш масалаларида ўхшаш қарашларга эга.

Ўзбекистон ва Туркманистон Ўрта Осиёдаги сув-энергетика муаммоси масалалари юзасидан уларнинг минтақа барча мамлакатлари манфаатлари ва розилиги ҳисобга олинган ҳолда умум миқёсда эътироф этилган меъёр ва тамойиллар асосида кўриб чиқилишини назарда тутадиган муштарак нуқтаи назарларларга таянади.

Ўзаро иқтисодий ҳамкорликнинг ҳам кўламлари кенгдир. Ҳар икки мамлакатда нефт-газ жаб­ҳаси юқори суръатлар билан ривожланмоқдаки, бу уларга табиий газ қазиб оладиган ва уни транспортда ташийдиган етакчи мамлакатларнинг сафидан жой олиш имконини бермоқда. Муҳим стратегик хомашё экспорти йўналишини диверсификациялаш имконини берган Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой трансмиллий газ қувури қурилиши бўйича лойиҳанинг амалга оширилиши бу соҳадаги самарадор меҳнатнинг яққол тасдиғи ҳисобланади.

Транспорт коммуникациялари иқтисодий кооперациянинг муҳим йўналишларидан яна биридир. Мамлакатларимизнинг ривожланган транспорт-коммуникация тизими учинчи мамлакатлар учун транзит ҳисобланади. Бу омиллар Ўзбекистон ва Туркманистонда транзит соҳасида улкан салоҳиятнинг мавжуд эканлигидан далолат бергани баробарида минтақалараро ва қитъалараро халқ­аро савдонинг ҳамда кенг кўламли сармоявий ҳамкорликнинг ривожланишида ўта муҳим аҳамият касб этади.

Шу ўринда «Ўзбекистон — Турк­манистон — Эрон — Ўмон» янги халқаро транспорт-коммуникация йўлагини бунёд этиш бўйича ­Ашхободда имзоланган Битимнинг тарихий аҳамиятини қайд этиш жоиздир. 2010 йил октябрь ойида Туркманистонга қилган расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан мазкур йўлакни яратиш тўғрисидаги келишувга эришилган эди.

Самарали ва конструктив ҳамкорлик йиллари давомида икки давлатнинг барча соҳалардаги кўп қамровли ҳамкорлиги йўлидаги муносабатларини тартибга соладиган, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига асосланган 150 дан зиёд ҳужжат имзоланди.

2011 йили Савдо ваколатхоналарини ўзаро таъсис этиш тўғрисидаги Ҳукуматлараро битимнинг имзолангани минтақавий шерикликнинг ривожланишида жуда муҳим воқеа ва, албатта, иқтисодий йўналишда икки мамлакат муваффақиятли ҳамкорлигининг яққол далили ҳамда ўзаро савдо-иқтисодий фаолиятни кенгайтириш учун кучли туртки бўлди.

Мамлакатимиздан Туркманистонга экспорт тизимини минерал ўғитлар, хизматлар, янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, тош ва гипсдан тайёрланган буюмлар, транспорт воситалари, механик ва электр ускуналари, қора ва рангли металлар ҳамда улардан тайёрланган товарлар, қурилиш материаллари, ойна ва бошқа маҳсулотлар ташкил этади. Ўзбекистоннинг Туркманистондан импорти эса қайта ишланган нефт, мол мойи ва ўсимлик ёғи, пластмасса ҳамда кимёвий маҳсулотлардан иборатдир.

Республикамиз ҳудудида туркман капитали иштирокидаги тўққизта корхона фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, уларнинг иккитаси 100 фоизлик хориж маблағи асосида ташкил этилган. Туркманистон ҳудудида эса Ўзбекистон Республикаси резидентлари иштирокида ташкил топган олтита объект иш олиб бормоқда.

Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон ва Туркманистон маданий-гуманитар соҳадаги икки томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватлаб келмоқда ва ривожлантирмоқда. Икки мамлакат маданият вазирликлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. 2011-2013 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури доирасида биргаликда таниқли рассомлар асарларининг кўргазмалари ўтказилмоқда, халқ амалий санъати вакиллари ва усталар ҳунарманд­лар ярмаркаларида қатнашмоқда, мусиқа ва театр жамоаларининг ижодий сафарлари уюштирилмоқда. 2012 йилнинг декабрида Тошкентда Турк­манистон рассомларининг кўр­газмаси муваффақият билан ўтди. 2013 йил августида Туркманбоши шаҳрида қобилиятли болаларнинг «Аваза — дўстлик ўлкаси» халқаро фес­тивалида Ўзбекистон деле­гация­си иштирок этди, 2013 йилнинг сентябрида эса Хивада Республика турк­ман маданият маркази томонидан туркман шоири Махтум­қули таваллудининг 290 йиллигига бағишлаб юбилей тадбири ташкил этилди. Туркманистон санъат усталари «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида мунтазам равишда иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистонда миллатлараро ҳамжиҳатлик, тарихий ватани ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган барча халқларнинг вакилларига нисбатан ҳурмат таъминланмоқдаки, бу ҳар икки мамлакатда яхши анъанага айланиб қолган. Ўзбекистонда қарийб 170 минг нафар туркман яшайди. Туркман миллатига мансуб 8 минг нафардан зиёд болалар туркман тили ўқитиладиган 46 та мактабда таҳсил олмоқда. 24 та мактабда эса таълим тўлиқ туркман тилида олиб борилади.

Мамлакатимизда еттита туркман миллий маданий маркази иш олиб бормоқда. Уларнинг фао­лияти эса Республика туркман маданият маркази томонидан мувофиқлаштирилмоқда.

Илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муваффақият билан ҳаётга тадбиқ этилаётир. 2011 йили Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Туркманистон Миллий кутубхонаси ўртасида имзоланган Ўзаро англашув меморандуми халқаро китоб алмашуви ишидаги алоқаларни кучайтириш, замонавий кутубхона технологияларини ўрганиш ва амалда қўллаш, шунингдек, ўзаро тажриба ва илмий ишланмаларни алмашиш учун янги имкониятларни яратди.

Икки мамлакат халқлари ўртасида тарихан таркиб топган дўстона алоқалар замирини маданиятларнинг муштараклиги, бир-бирини тўғри тушуниш ва ўзаро ишонч ташкил этади. Ана шундай омилларнинг мавжудлиги боис Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва тинчлик таъминланмоқда.

Туркманистон Президенти ­Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистон Республикасига бую­ражак расмий ташрифи икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга янги туртки беради.

«Жаҳон» АА



DB query error.
Please try later.