23.11.2013

Ўзбекистонда муқобил энергия манбалари энергия тизимига кенг жорий этилмоқда

Тошкентда ўтаётган “Қуёш энергияси технологияларини ривожлантириш тенденциялари ва истиқболлари” мавзусидаги Осиё қуёш энергияси форумининг олтинчи мажлисида Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка мамлакатларидан қарийб 300 нафар халқаро молия институтлари, компания ва корпорациялар, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, олимлар, соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирок этмоқда. ЎзА мухбирлари уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

Абанг Абдуллоҳ Абанг Али, Малайзия муҳандислик ва технология жамияти президенти:

– Анжуманнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этгани ва нутқ сўзлагани йиғилиш нуфузини янада оширди. Нутқда энергетика соҳасини, хусусан, қуёш энергетикаси тармоғини ривожлантириш бўйича жаҳонда кечаётган жараёнлар ва мамлакатингизда амалга оширилаётган ишлар чуқур таҳлил қилиб берилди. Ўзбекистонда қуёш энергетикаси тармоғини равнақ топтиришга қаратилаётган улкан эътибор таҳсинга сазовор.

Йорге Серверт, “Solar Technology Advisors” компанияси бош ижрочи директори (Испания):

– Ўзбекистоннинг қуёш энергиясидан фойдаланиш имконияти жуда катта. Мамлакатингиз ушбу соҳани ривожлантириш бўйича малакали мутахассисларга эга. Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, энергия ишлаб чиқаришдаги энг янги технологияларни жорий этиш ва соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётир. Мавжуд имконият ва салоҳият тўлиқ ишга солинса, Ўзбекистон минтақада қуёш энергиясини ривожлантиришнинг энг йирик марказига айланиши шубҳасиз.

Агамподи Викрамаратни, “Ceylon Electricity Board” компанияси бош муҳандиси (Шри Ланка):

– Жаҳон иқтисодиёти тармоқларида энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж йил сайин ошиб бормоқда. Мазкур форум инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатни таъминлаш ва барқарор ривожланишга эришишда табиий ресурсларни тежаш, қайта тикланувчи, экологик соф энергия манбаларидан фойдаланиш каби муҳим масалаларни муҳокама этиш, фикр ва тажриба алмашиш, соҳада янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имконини беради.

Президент Ислом Каримов нутқини анжуманнинг барча иштирокчилари сингари мен ҳам катта қизиқиш билан тингладим ва кўплаб қимматли маълумотларга эга бўлдим. Ўзбекистонда энергетика соҳасини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдаланиш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида изчиллик билан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг юксак самаралари ва аҳамияти теран таҳлил қилинди.

Майкл Читам, Америка фан тараққиётига кўмаклашиш ассоциациясининг Халқаро фан ва технологиявий ҳамкорлик ташкилоти директори (АҚШ):

– Жаҳон иқтисодиёти тармоқларида энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж тобора ошмоқда.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида энергетика соҳасини тубдан такомиллаштиришга катта эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Энергетика тизимини модернизация қилиш, энергия сарфини камайтириш ва энергияни тежаш тизимини жорий этишга йўналтирилган изчил ишлар ўзининг юксак самараларини бераётгани таҳсинга лойиқ.

Юсеф Бен Тайиб Арфауи, Африка тараққиёт банкининг қайта тикланадиган энергетика масалалари бўйича бош мутахассиси:

– Форумнинг юксак савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлашни истардим. Анжуманда таъкидланганидек, углеводород хомашёси камайиб бораётган бугунги шароитда жаҳоннинг деярли барча мамлакатлари иқтисодиётни барқарор юксалтириш ва унинг рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим манбаи бўлган қайта тикланадиган, соф энергия манбаларидан фойдаланишга доир ишланмалар устида изланмоқда. Деярли йил давомида қуёш порлаб турадиган Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбалари катта имконият ва кенг ривожланиш истиқболига эгадир. Ўзбекистон олимларининг қуёш энергиясини электр энергиясига айлантириш бўйича инновацион технологияларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этаётганига ҳавас қилса арзийди.

Чжан Сюн, “Baoding Tianwei Baibian Electric” компанияси вице-президенти (Хитой):

– Компаниямиз трансформаторлар, реакторлар, қуёш моторлари, металл конструкциялар каби маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Қуёш электр станциялари барпо этиш бўйича катта тажрибага эгамиз. Қуёш моторларимизнинг 80 фоизини Европа мамлакатларига етказиб берамиз. Соҳага оид лойиҳаларни амалга оширишда имтиёзли кредитлар ҳам таклиф этамиз.

Бугун бутун дунёда энергияга эҳтиёж шиддат билан ортиб бораётгани муқобил энергия манбаларини ривожлантиришни тақозо этмоқда. Ўзбекистонда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти учун мосланган қурилмаларни яратиш, электр қуввати олиш учун фотоэлектрик ва термодинамик ўзгарткичлар, махсус материаллар синтези технологияларида, материаллар ва конструкцияларга термик ишлов беришда қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари самарали амалга оширилаётганини, муқобил энергия манбалари мамлакат энергия тизимига кенг жорий этилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш станциясини қуриш кўзда тутилаётгани бунинг яққол далилидир.

Томас Меттин, “Pretherm Solutions” компанияси бош ижрочи директори (Германия):

– Ўзбекистон Фанлар академиясининг “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси фаолияти билан танишиб, мамлакатингизда бу борада амалга оширилаётган улкан ишлар бераётган самараларга жуда ҳавасимиз келди. Мазкур бирлашма негизида барпо этилаётган Халқаро қуёш энергияси институти Ўзбекистонда қуёш энергиясидан саноат кўламида фойдаланиш соҳасида юқори технологик ишланмаларни амалга ошириш борасида катта салоҳиятга эга.

ЎзА



DB query error.
Please try later.