23.11.2013

Қуёш энергияси – келажак энергияси

Пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида 22 ноябрь куни Осиё қуёш энергияси форумининг олтинчи йиғилиши бошланди

Мазкур тадбирнинг ўтказилиши Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 2010 йил май ойида Тошкентда ўтган йиллик мажлисида илгари сурилган Осиё минтақасида қуёш энергетикасини ривожлантириш бўйича Осиё тараққиёт банки ташаббуси доирасида эълон қилинган эди.

Осиё қуёш энергияси форумининг мазкур йиғилишида Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка мамлакатларидан қарийб 300 нафар халқаро молия институтлари, компания ва корпорациялар, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, олимлар, соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Осиё қуёш энергияси форумининг олтинчи йиғилишида нутқ сўзлади.

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барқарор ривожланаётган бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат барпо этишга қаратилган. Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган ва бутун дунёда кенг эътироф этилган тараққиётнинг «ўзбек модели» бу борадаги ишларда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу моделнинг асосий мақсади кучли миллий иқтисодиётни ташкил этиш, янги юқори технологияли корхона ва ишлаб чиқаришларни жадал ривожлантириш ҳисобидан унинг рақобатбардошлигини ошириш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун ресурсларни тежаш имконини берадиган замонавий технология ҳамда услубларни жорий қилишдан иборат. Шу боис ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантириш, жумладан, ресурсларни тежайдиган янги технологияларни жорий этиш ҳисобидан тараққий эттириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Мамлакатимизнинг тўла энергетика мустақиллигига эришгани ҳам ушбу йўналишдаги ишлар юксак самаралар бераётганидан далолатдир.

Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накао ўз нутқида Ўзбекистон Марказий Осиёда қуёш энергиясини ривожлантириш борасида етакчи мамлакат бўлиши учун зарур улкан ер ресурслари, қуёшли кунларга, юқори малакали ва билимли инсон ресурсларига эга эканини таъкидлади. Шу боис қуёш энергетикасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан биридир.

Истиқлол йилларида Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларидан, айниқса, қуёш энергиясидан фойдаланиш борасида бой тажриба тўпланди. Серқуёш ўлкамизда йилнинг 320 кундан кўпроғида қуёш чарақлаб туради. Қуёш энергиясининг йиллик салоҳияти эса нефть эквивалентида 51 миллиард тоннадан ошади. Бу қуёш энергиясидан электр энергияси ишлаб чиқариш, иссиқ сув ва иситиш тизими билан таъминлаш, қудуқдан сув олиш ва уни чучуклаштириш, мева-сабзавотларни қуритиш ҳамда бошқа кўплаб мақсадларда кенг кўламда фойдаланиш имконини беради.

Мажлисда Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш катта истиқболга эга экани ва бу борада самарали илмий тажриба тўплангани таъкидланди.

Мамлакатимизда қуёш ва биогаз энергиясини ишлаб чиқариш ҳамда ундан фойдаланиш учун зарур кўп тармоқли илмий-тажриба ва моддий-техник база самарали фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида қуёш энергиясини ярим ўтказадиган фотоўзгартиргичларни ишлаб чиқиш ва уларнинг назарий асосларини яратиш, турли мақсадларга мўлжалланган биоэнергетика манбалари, қурама гелиотехник қурилмалар, мустақил таъминот манбаларини лойиҳалаштириш, юқори ҳароратли гелиоматериалшунослик соҳасида илмий мактаблар шакллантирилган.

Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрда қабул қилинган «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарори қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини фаоллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Қарорда саноат тармоқлари, шу жумладан энергетика соҳасида таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга доир муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикасининг «Обод турмуш йили» Давлат дастури, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 1 мартда қабул қилинган “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида энергия тежайдиган тизимларни жорий этиш, муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланишга доир комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш кўзда тутилган. Ушбу ва бошқа дастурий ҳужжатлар энергия истеъмоли соҳасида юзага келаётган қатор масалаларни ҳал этиш, ноанъанавий энергетика ресурслари, жумладан, қуёш энергиясидан кенг кўламда фойдаланиш учун янги имкониятлар яратиш, қуёш панеллари учун тегишли ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни саноатлаштирилган ҳолда ишлаб чиқаришга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда кўплаб гелиотизимлар ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар фаолият кўрсатмоқда. “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, «Эко-энергия» илмий-тадбиқий маркази, “Mir Solar” масъулияти чекланган жамияти ва бошқалар шулар жумласидандир. Улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўлланилмоқда. Уй-жой коммунал хўжалигида қуёш энергияси элементларини жорий этишга ҳам катта эътибор берилмоқда. Чунончи, қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар асосида барпо этилаётган айрим уйларда қуёш ва шамол энергиясида ишлайдиган гибрид тизимлар ўрнатилмоқда. Яқин келажакда мамлакатимизнинг бориш қийин бўлган туманларида жойлашган умумтаълим ва касб-ҳунар ўқув муассасаларини ҳам қуёш энергияси элементлари билан таъминлаш режалаштирилмоқда.

100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси лойиҳаси билан танишиш мақсадида Самарқанд вилоятига ташриф буюрган форум иштирокчилари ҳам бундай технологиялардан фойдаланиш яхши самара беришини қайд этди. Улар мамлакатимизда муқобил энергия манбаларини ривожлантириш соҳасидаги мавжуд имкониятлар ва олимларимизнинг бу борадаги энг сўнгги ютуқларини юксак баҳолади, Ўзбекистоннинг хорижий шериклар билан самарали ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади.

Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Хан Чжин Хён Корея Республикаси Ўзбекистонда Сургил кони базасида Устюрт газ-кимё комплексини қуриш ва “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасини ривожлантиришга оид муҳим инвестиция лойиҳалари ва дастурларини амалга оширишда иштирок этаётганини таъкидлади. Мамлакатимиз муқобил энергия манбалари соҳасида катта салоҳиятга эга экани эътиборга олиниб, қуёш энергетикасини ривожлантириш, шу жумладан қуёш электр станцияларини бунёд этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг Физика-техника институти олимларининг ишланмалари форум иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Бу ерда қаттиқ жисм назарияси, юксак технологиялар ва ярим ўтказгичлар, қуёш энергиясини ўзгартириш физикаси соҳасида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 1 мартда қабул қилинган Халқаро қуёш энергияси институтини ташкил қилишга оид қарорига мувофиқ, Фанлар академиясининг “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси негизида Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтлари иштирокида Халқаро қуёш энергияси институти ташкил этилди. Қуёш энергиясидан саноат кўламида фойдаланиш соҳасида юқори технологик ишланмаларни амалга ошириш, илғор ва иқтисодий жиҳатдан самарали технологиялар асосида иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳада қуёш энергияси имкониятларидан амалий фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлаш мазкур илмий даргоҳнинг асосий фаолият йўналишларидандир. Шунингдек, қуёш энергетикасидан иқтисодиётнинг турли тармоқларида фойдаланиш, шу жумладан махсус материалларни синтез қилиш ва уларга термик ишлов бериш технологияларини қўллаш билан боғлиқ амалий тадқиқотларни ўтказиш, қуёш энергетикаси соҳасидаги йирик лойиҳалар бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш ҳам институтнинг вазифалари сирасига киради.

Олимларимизнинг юқори ҳароратли материалшунослик соҳасидаги ютуқлари ҳам форум қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Экспертлар Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган 1 МВт иссиқлик қувватига эга катта қуёш печи барпо этилган «Қуёш» объектини бориб кўрдилар. «Физика-Қуёш» мажмуининг ушбу ноёб базаси қуёшни ҳар томонлама кузатиш, назарий ва тажриба тадқиқотлари билан шуғулланиш имконини беради.

– Ўзбекистон қуёш энергиясидан фойдаланиш борасида улкан салоҳиятга эга, – деди Бранденбург институти президенти, профессор Клозе Эдгар (Германия). Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар ўтказиш ва қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича илғор тизимлар ишлаб чиқариш имконини берадиган технологик база мавжуд. Ҳамкорлигимиз йўлга қўйилган “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасини бориб кўрганимиздан сўнг бунга яна бир бор амин бўлдик. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда кейинчалик бошқа мамлакатларда ҳам жорий этиш мақсадида қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида янги технологияларни ишлаб чиқмоқдамиз.

Халқаро экспертлар қуёш энергеткасини ривожлантириш истиқболлари ва ушбу соҳадаги технологияларни тараққий эттириш борасидаги сўнгги тенденциялар ҳақида атрофлича сўз юритди. Жумладан, Севилия университети профессори Эдуардо Галваннинг (Испания) фотоэлектрик технологияларни ривожлантириш тенденциялари, интеграция ва таҳдидлар масалалари, Европа қуёш иссиқлик энергияси уюшмаси бошқаруви директори Марсел Биалнинг (Бельгия) қуёш иссиқлик энергиясининг истиқболлари, “Solar Technology Advisors” компанияси бош ижрочи директори Йорге Сервертнинг (Испания) Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, “Алстом” компаниясининг стратегия ва бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Паоло Монтресорнинг КСЭ электр энергиясининг муҳим аҳамиятига доир маърузалари тингланди.

Осиё қуёш энергияси форумининг ялпи мажлисида сўзга чиққан Халқаро қуёш энергияси институтининг директори Алим Ҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг вице-президенти Саъдулла Лутфуллаев ва бошқалар Ўзбекистон олимларининг муқобил энергия манбаларини, шу жумладан, қуёш энергиясини ривожлантириш соҳасида катта ютуқлари ва ноёб ишланмаларини қайд этди.

Осиё қуёш энергияси форумининг олтинчи йиғилиши ўз ишини секцияларга бўлинган ҳолда давом эттирди. 

O'zA



DB query error.
Please try later.