23.11.2013

Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накаонинг нутқи

Муҳтарам Президент Жаноблари!

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Осиё тараққиёт банки, Осиё қуёш энергияси форуми йиғилиши иштирокчилари номидан Ўзбекистон раҳбариятига ушбу тадбирнинг юксак савияда ташкил этилгани учун миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсизлар. Шуни таъкидлаш керакки, бундай нуфузли анжуман Марказий Осиёда илк бор ўтказилмоқда.

Ўзининг буюк мутафаккирлари, қадимий тарихи ва бой маданияти билан дунёга машҳур Ўзбекистонга ташриф буюрганимдан ғоят мамнунман. 2010 йилда Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 43-йиллик мажлиси ҳам Тошкентда ўтказилган эди. Айнан шу мажлисда Ўзбекистон ва ОТБнинг қуёш энергетикасини ривожлантириш бўйича яқин ҳамкорлигига асос солинганди. Бугунги мажлис эса ушбу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасидаги муҳим қадамдир.

Ўзбекистоннинг мустақилликка эришгандан сўнг ўтган қисқа вақт давомида қўлга киритган улкан ютуқ ва марралари мени ғоят ҳайратга солди. Бу, шубҳасиз, мамлакат раҳбариятининг хизматлари самарасидир. Президент Ислом Каримов ва мамлакатингиз ҳукуматини Ўзбекистон халқининг ҳаёт даражасини юксалтириш йўлидаги машаққатли меҳнати ўзининг улкан самараларини бераётгани билан табриклайман.

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари дунёдаги кўплаб ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардаги кўрсаткичлардан юқори бўлмоқда. Мамлакатингизнинг кучли солиқ-бюджет сиёсати ва ташқи қарзининг камлиги мустаҳкам макроиқтисодий асос яратилганидан далолат беради. Бу Ўзбекистонга аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, инвестицияларни фаол жалб қилиш имконини бермоқда. Бу инвестициялар, айни пайтда, саноат секторини модернизация қилиш ва кенгайтириш, асосий ва ижтимоий инфратузилмани такомиллаштиришни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда 2012 йилда жалб қилинган инвестициялар умумий ҳажми 2011 йилдагига нисбатан 14 фоизга ўсди. Хорижий инвестициялар жами инвестицияларнинг 22 фоиздан ортиғини ташкил қилди. Бу эса тараққиётнинг «ўзбек модели» муваффақияти, макроиқтисодий ва фискаль бошқарув пухта ўйлангани ҳамда бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш салмоқли натижалар бераётганининг ёрқин тасдиғидир.

Осиё тараққиёт банки олий таълим, банк сектори, капитал бозори, ахборот-коммуникация технологиялари, хусусий сектор ролини кенгайтириш ва хусусий сармояларни рағбатлантириш учун меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш каби алоҳида эътибор талаб қиладиган йўналишларда ислоҳотларни чуқурлаштириш мақсадида Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдордир. Бундай ёндашув Ўзбекистоннинг янада диверсификация қилинган иқтисодиётга ўтиш ва ишлаб чиқариш суръатларини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, жадал ривожланишни давом эттириш, пировард натижада, мамлакатнинг ривожланган давлатлар қаторидан жой олишига хизмат қилади.

ОТБ Ўзбекистоннинг фаол ҳамкори сифатида мамлакатнинг кенг кўламли масалалар бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. ОТБ томонидан Ўзбекистонга ажратилган кредитлар умумий ҳажми банкимиз мамлакатингизда фаолият кўрсатишни бошлаган 1996 йилдан буён 3,9 миллиард долларга етди. Сўнгги йилларда ОТБ ўз суверен операцияларига қўшимча равишда хусусий секторга оид янада самарали операциялар дастурини ишлаб чиқди.

Ўзбекистон билан замонавий таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари, ҳудудий алоқалар, савдо ва транзитни ривожлантириш имконини берадиган автомобиль йўллари ва темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, кичик ва ўрта корхоналарни кўпайтириш ҳисобидан хусусий сектор улушини ошириш, Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш бўйича комплекс дастур, замонавий ҳамда самарали энергетика секторини институционал ривожлантириш ва такомиллаштириш каби соҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.

Ўзбекистон ва ОТБ ҳамкорлигининг самаралари Ўзбекистондан ташқарида ҳам яхши маълум. Ўзбекистон ва ОТБнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самарасида Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажми ошди. Бунинг натижасида Мозори Шариф ва Қобул аҳолиси электр энергияси билан барқарор таъминланди. Шунингдек, трансчегаравий транспорт алоқаси кучайтирилди. Жумладан, «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компанияси Ҳайратон орқали Мозори Шарифгача темир йўл линиясини қурди.

Қуёш энергетикасини ривожлантириш ҳам ОТБ ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг яна бир муҳим йўналишидир.

Табиий газ, нефть ва кўмир каби анъанавий табиий ресурслар захиралари чекланган. Ушбу ресурслардан электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёнида атмосферага заҳарли чиқиндилар, жумладан, буғ газлари чиқарилмоқда. Бу эса экологик тоза ва чексиз салоҳиятга эга қайта тикланадиган энергия манбаларидан кенг фойдаланишни тақозо этади.

Шу сабабли биз энергияга нисбатан тобора камайиб бораётган эҳтиёжни экологик тоза ресурслар, хусусан, қайта тикланадиган энергия манбалари ҳисобидан таъминлашимиз лозим. Шу муносабат билан мен Ўзбекистоннинг Президент Ислом Каримов раҳнамолигидаги раҳбариятига энергия самарадорлигини ошириш, шунингдек, қуёш энергетикасини ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни мунтазам қўллаб-қувватлаётгани учун яна бир бор миннатдорлик изҳор этмоқчиман. Зеро, углеводород хомашёсига бой Ўзбекистонда бундай чора-тадбирларни амалга ошириш биринчилардан бўлиб бошлангани таҳсинга лойиқдир.

Ўзбекистон ҳукумати 2010 йилда ОТБнинг кредит шаклида ажратилган 350 миллион доллар ҳажмидаги кўмаги билан юқори технологияли буғ-газ турбиналарини жорий қилишга асосланган ҳолда энергия ишлаб чиқарадиган Таллимаржон иссиқлик электр станциясида лойиҳани амалга оширишга киришди. 2011 йилда ОТБ Ўзбекистонга ўз энергетика ресурсларидан янада самарали фойдаланишга кўмаклашиш мақсадида электр энергиясини автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимини жорий этиш учун 150 миллион доллар ҳажмида кредит ажратди. Яқин вақт ичида Ўзбекистоннинг ёқилғи- энергетика мажмуига қайта тикланадиган энергия манбалари ҳам қўшилади.

Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 2010 йил Тошкентда ўтказилган 43-йиллик мажлисида Қуёш энергияси бўйича Осиё ташаббуси бошлангани эълон қилинган эди. Бундай баёнотни қабул қилиш учун Тошкентнинг танлангани бежиз эмас. Серқуёш Ўзбекистон кенг ҳудудга ва юқори малакали мутахассисларга эга мамлакат бўлгани боис минтақада қуёш энергетикасини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон учун қуёш энергетикасини кенг кўламда ривожлантириш соф энергия билан таъминлаш, шунингдек, юқори малакали иш ўринларини ташкил қилиш, тадқиқотлар ўтказиш, қуёш энергетикасининг илғор тизимларини ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича технологик марказга айланиш имконини беради.

Ўзбекистон ҳукумати ва ОТБ қуёш энергетикасини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик доирасида айнан шундай комплекс ёндашувни кўзда тутади. Биринчи йўналиш – бу техник-иқтисодий жиҳатдан асосланган кенг кўламли қуёш энергетикаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан боғлиқдир. ОТБ ушбу мақсадларга эришишда техник жиҳатдан кўмаклашди ва Ўзбекистонда катта ҳажмдаги қуёш энергияси салоҳиятидан фойдаланиш имкониятига эга олтитадан зиёд участка аниқлангани қувонарли ҳолдир.

Мажлис қатнашчилари Паркент туманидаги Халқаро қуёш энергияси институтини бориб кўриш имкониятига эга бўлди. ОТБ қуёш энергетикасини ривожлантириш бўйича ўзининг иккинчи йўналиши доирасида ушбу институтни ташкил этишда техник ёрдам кўрсатди. Бу йўналиш тегишли илмий тадқиқотларни рағбатлантирадиган ва инсон ресурсларини ривожлантирадиган институтни ташкил қилишдан иборатдир. Мазкур институт кенгайиб, қуёш технологияси соҳасида тажриба алмашиш бўйича йирик марказга айланишига ишонамиз.

Инновацион молиялаштириш ва хусусий сектор иштироки Ўзбекистонда қуёш энергетикасини тез ва барқарор ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Ушбу жараёнда хусусий секторнинг иштироки узоқ муддатли истиқболда қўшимча маблағ жалб қилиш, лойиҳалаштириш ва қурилиш бўйича инновацион усулларни жорий этишга хизмат қилади.

Осиё қуёш энергияси форумининг олтинчи йиғилишида Марказий Осиёда илк бор турли халқаро молия институтлари вакиллари, шунингдек, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар делегациялари иштирок этмоқда. ОТБ 2010 йилдан буён Осиё қуёш энергияси форумини Манила, Токио, Бангкок ва Жодхпурда ўтказган. Бу учрашувлар Осиёда қуёш энергияси салоҳиятига тааллуқли зарур маълумотлар, мавжуд технологиялар, лойиҳалар қиймати ва қуёш энергетикасини ривожлантиришга қаратилган сиёсат йўналишларини аниқлаб олиш имконини берди.

Форумнинг бугунги йиғилиши алоҳида аҳамиятга эга эканининг яна бир сабаби бор. Биз Ислом тараққиёт банки ва Африка тараққиёт банкини Қуёш энергияси форумида илк бор иштирок этаётгани билан табриклаймиз. Африка ҳам яқин йиллар ичида қуёш энергетикасини ривожлантириш борасида йирик иштирокчига айланади, деб умид қиламиз. Осиё ва Африканинг айрим минтақаларида қуёш энергетикасини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар мавжуд. Бу Осиёга ҳам, Африкага ҳам мазкур соҳада ўзаро тажриба алмашиш имконини беради.

Президент Ислом Каримовга Осиё қуёш энергияси форумининг олтинчи мажлиси юксак савияда ташкил этилгани учун яна бир бор самимий миннатдорлик изҳор этишга ижозат бергайсизлар.



DB query error.
Please try later.