21.11.2013

2014 ЙИЛДА ИШ ЎРИНЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳаси муҳокама қилинди

Ҳар йили парламент томонидан янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури қабул қилинаяпти. Унда ҳар бир туман, шаҳар кесимида аниқ вазифалар белгиланаяпти. Бу бежиз эмас, албатта. Ҳар бир фуқаронинг турмуш фаровонлигида унинг доимий иш билан таъминлангани муҳим аҳамият касб этади.

Дастур ижроси таъминланиши, аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга тайёр бўлмаган кишилар манфаатига хизмат қилади. Шу жиҳатдан олиб қарасак, 2014 йилда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, янги иш ўринлари очишда фаол иштирок этиш ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлари зиммасига катта масъулият юклайди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг яқинда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг натижалари ҳамда Дастурнинг 2014 йилга мўлжалланган лойиҳаси атрофлича муҳокама этилди.

2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури лойиҳаси 6 қисмдан иборат. Унда Дастурнинг мақсад вазифалари, 2013 йилги Дастур ижроси натижалари, келаси йил иш ўринларига бўладиган эҳтиёж таҳлиллари, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг асосий устувор йўналишлари, мониторинг ва иш ўринларини ҳисобга олиш механизмлари, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришга йўналтирилган чоралар қамраб олинган.

Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлашнинг устувор йўналишлари таҳлил этилиб, Дастур лойиҳасида белгиланган вазифаларни самарали бажариш усуллари ҳақида фикр юритилди.

ЎзХДП фракцияси аъзоларининг қайд этишича, иш ўринлари ташкил этиш параметрлари Инвестиция дастури, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш, корхоналарни модернизациялаш, технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ижтимоий инфратузилма ва бошқа йўналишдаги дас­турлар билан бевосита боғлиқ. Шу боис Дастур фуқароларнинг бандлигини ошириш билан бир қаторда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва соҳалар ривожига янада кенг йўл очади.

Улуғбек ВАФОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари:

Бозор муносабатлари шароитида аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш долзарб масала ҳисобланади. Бу вазифани ҳал этишда янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳолига барқ­арор даромад манбаини яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Шундан келиб чиқиб, фракциямиз ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан Дастурнинг бажарилиши юзасидан ҳар йили изчил равишда назорат-таҳлил ишлари амалга оширилмоқда. Фракция ташаббуси билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг Дастур ижроси тўғрисида ҳисоботи эшитилмоқда. Мақсадимиз Дастурда кўзда тутилган иш ўринлари ўз вақтида очилиши, барқарор бўлишига эришишдир. Жорий йилда ҳам Дастур ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида парламент эшитуви ўтказилиб, келгуси йилда Дастурни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Мазкур таклифлар иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш жараёнларига ижобий таъсир этади, деб ўйлаймиз.  

Келгуси йил учун қабул қилинаётган бандлик Дастури ло­йиҳасига кўра, 984 мингга яқин иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилаяпти. Бунда иш жойларининг сонигагина эмас, балки  сифатига ҳам алоҳида аҳамият берилади. Дастур лойиҳасини ҳар томонлама муҳокама қи­лиш, унинг самаралилигини таъминлаш бўйича амалий таклифлар билдириш муҳим аҳамият касб этади. Чунки Дас­тур қанчалик пи­шиқ-пухта бўлса, турли соҳалар ва иқтисодиёт тармоқларида иш ўринлари ташкил этиш, унинг ижроси таъминланиши кафолати шунча мустаҳкам бўлади.

Ботир АЛИМУҲАММЕДОВ, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг биринчи ўринбосари:

2014 йилда иқтисодиётнинг барча тармоқларида амалга ошириладиган мақсадли дастурлар иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дас­тури ло­йиҳасини шакллантиришда тўлалигича ҳисобга олинган.

Келгуси йилда таълим муассасаларининг 500 минг нафардан ортиқ битирувчиси, ишга жойлашиши керак бўлган 630 мингга яқин киши меҳнат бозорига кириб келиши кутилмоқда. Уларнинг бандлигини таъминлаш тизимли ва мураккаб жараён. Шунинг учун Дастур лойиҳасида бу борадаги барча имкониятлар ҳисобга олинди, мутасадди идора ва ташкилотлар зиммасидаги вазифалар қатъий белгиланиши кўзда тутилди. 

Хусусан, Дастур лойиҳасида иш изловчи фуқароларни бўш иш ўринлари билан таништириш, уларга меҳнат бозори, корхоналар, ишга жойлашиш имкониятлари тўғрисида тўлиқ маълумотлар бериш мақсадида 1200 га яқин бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказиш режалаштирилган.

Жўрақўзи ҚЎЛДОШЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Гап битирувчиларни иш билан таъминлаш ҳақида кетганда, бир масалага тўхталиб ўтиш жоиз. Уларни ишга жойлаштиришда, меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилишда қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қў­шим­чалар муҳим ўрин тутади.

Масалан, меҳнат қонунчилигига кўра, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари, олий таълим муассасаларида давлат грантлари асосида ўқиганлар ишга жойлашиши бўйича қўшимча кафолатлар белгиланган. Эндиликда таълим муассасаларини битириб ишлаётган ёшлар иш берувчининг ташаббуси билан бўшатилганда ҳудудий меҳнат органларига хабар берилиши шарт. Шунингдек, таълим муассасалари битирувчилари билан биринчи марта меҳнат шартномаси тузилаётганда дастлабки синов муддати белгиланмайди. Қонунчиликда жорий қилинган бу каби меъёрларга амал қилиниши муҳим масала.

Демак, депутатлик назорати ҳамда тушунтириш-тарғибот ишларини ана шу йўналишда изчил олиб боришимиз керак бўлади.

Хайрулла ЗИКРИЛЛАЕВ, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директорининг биринчи ўринбосари:

2012-2013 ўқув йилида республика бўйича 1391 та касб-ҳунар коллежининг 500 минг нафардан ортиқ битирувчиси 153 мингдан ортиқ корхона-ташкилотга бириктирилди. Олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг 19 октябрь ҳолатига кўра, коллеж битирувчиларидан 350 мингга яқини иш билан таъминланган.

Таҳлиллар битирувчилар бандлигини таъминлаш ишлари Бухоро, Навоий ва Наманган вилоятларида самарали ташкил этилаётганини кўрсатмоқда. Бироқ Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бу борадаги мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилаяпти, деб бўлмайди.

Битирувчилар ишга жойлашгани тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш жуда муҳим. Афсуски, жойларда шу масалада ҳам камчиликлар кўзга ташланмоқда. Яқинда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг қўшма буйруғи асосида республикамизнинг 14 та ҳудудида 9246 та корхонага ишга жойлашган 20993 нафар битирувчи фаолиятини танлаш асосида ўрганиш натижалари ишга жойлашганлик ҳақидаги маълумотлар ҳақ­қонийлигига эришиш бўйича олдимизда бир қатор вазифалар турганини кўрсатди.

Биринчи навбатда, коллеж битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш, маълумотларнинг ҳаққонийлигини ҳар бир коллеж кесимида мунтазам ўрганиб бориш керак.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан бирга, 2013-2014 ўқув йилида коллежларнинг 500 минг нафардан ортиқ битирувчиси ишлаб чиқариш амалиётини ўташи, кейинчалик ишга жойлашишини ташкил этиш юзасидан аниқ рўйхат ва электрон базани шакллантириш мўлжалланган.

Зафар ШАРИПОВ, Иқтисодиёт вазирлиги демография ва меҳнат бозори бўлими бошлиғи:

Республикамизда ишга лаёқатли иқтисодий фаол аҳоли сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бандлик таркибини таҳлил этадиган бўлсак, жами банд аҳолининг 12,9 фоизи саноатда, 26,8 фоизи қишлоқ ва ўрмон хўжалигида, 9,4 фоизи қурилишда, 11,1 фоизи савдо, умумий овқатланиш, тайёрлов ва таъминот соҳаларида меҳнат қилаяпти.

Таъкидлаш жоизки, саноатни, ишлаб чиқариш инфратузилмасини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган замонавий корхоналарни кўпайтириш, хизматлар кўрсатишни барқарорлаштириш, аҳоли бандлиги даражаси ва даромадларини кўтариш истиқболдаги энг долзарб вазифалардан ҳисобланмоқда.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари лойиҳаси доирасида 2014 йилда жами 18 минг 262 лойиҳа амалга оширилиши белгиланди. Мазкур лойиҳалар орқали замонавий ва барқ­арор иш ўринлари яратилади.

Боймурод ЮСУПОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

Аҳолини иш ўринлари билан таъминлаш даражасининг мувозанатини сақлаш, меҳнат бозорида барқарор иш ўринларини кўпайтириш, вақтинчалик ва мавсумий ишларда банд бўлган аҳоли сонининг кўпайиб кетмаслигига эришиш молиявий-иқтисодий инқироз шароитида жуда долзарбдир. 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда бу масалалар ҳисобга олинганини таъкидлаш жоиз.

Айтиш керакки, Дастур лойиҳасида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, яратилаётган иш ўринларининг сақланиб қолиши ва барқарорлигига эришиш, таълим муассасалари битирувчиларини, хотин-қизлар, ногиронлар ва ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳолининг бошқа тоифаларини ишга жойлаштириш, меҳнат бозори талабларига мос равишда касб-ҳунарга ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича муҳим чоралар белгиланаяпти.

Аҳоли бандлигини таъминлашнинг устувор йўналишларидан бири катта сармоя талаб қилмайдиган ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатишни ривожлантириш саналади. Булар бевосита ЎзХДП дастурий мақсадларига ҳамоҳанг масала. Келгуси йилда мазкур соҳаларда яратиладиган иш ўринлари жорий йилдагидан бир мунча юқори эканидан келиб чиқсак, 2014 йилда партиямиз ташкилотлари ва депутатлари олдида қатор масъулиятли вазифалар тургани ойдинлашади.

Йиғилишда 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури лойиҳаси ҳар томонлама таҳлил этилди. Сўзга чиққанлар томонидан янги иш жойлари ташкил этиш, аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, мутасадди ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари, ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари олдида турган муҳим вазифалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шулар асосида йиғилишда Дас­тур лойиҳаси бўйича партия дас­турий мақсадлари, электорат манфаатлари ҳимоя­сига қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.