21.11.2013

ПАРТИЯ ДАСТУРИЙ МАҚСАД ВА ҒОЯЛАРИ ТАРҒИБОТИ

таъсирчан, самарали бўлиши учун очиқ мулоқотлардан фойдаланиш зарур

Ҳар бир сиёсий партия ўз ғоя ва дастурий мақсадларини аҳоли ­ўртасида тарғиб қилади, бу ­жараёнда бошқа сиёсий кучлар билан рақобатга киришади.

ЎзХДП ҳам ўз дастурий мақсадлари, ғоясини кенг тар­ғиб этиш, электорат билан самарали мулоқот ўрнатишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада тарғибот гуруҳлари фаолиятини кучайтириш муҳим ўрин тутади. Шу боис тар­ғиботчилар гуруҳларига тажрибали партия фаоллари, халқ орасида обрў-эътиборга эга кишиларни жалб қи­лишга алоҳида аҳамият берилмоқда.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши тарғиботчилар фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказган ўқув-семинарда шу ҳақда сўз борди.

Унда Марказий Кенгаш, Тошкент шаҳар партия кенгаши масъул ходимлари, туман партия кенгаши раислари, тарғибот гуруҳлари аъзолари, фаоллар иштирок этди.

Семинарда партия дастурий мақсад ва ғояларини кенг омма­га етказиш, мамлакатимиздаги ўзгариш ва янгиланишлардан электоратни чуқур хабардор қилиш, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар мазмун-моҳияти билан уларни яқиндан таништиришда тарғибот гуруҳларининг вазифалари хусусида фикр юритилди.

Маргарита АҲМЕДБЕКОВА, Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси ўринбо­сари:

— Тарғиботчилар фаолиятининг бош мақсади — аҳоли орасига чуқур кириб бориш, партия ғоя ва мақсадлари ҳа­қида кенг тушунча бериш, электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни ўрганишдан иборат. Шунингдек, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар, давлат дастурларининг аҳамияти ва мо­ҳиятини электоратга етказиш ҳам тар­ғиботчиларнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Ўтган йили шаҳар ва туман пар­тия кенгашлари тарғиботчилар гуруҳлари томонидан 50 га яқин ижтимоий-сиёсий тадбирлар, давра суҳбати, учрашув ҳамда очиқ мулоқотлар ўтказилди. Гуруҳ аъзоларининг аҳоли, электорат вакиллари билан ишлаш тажрибасини ошириш мақсадида сиё­сий-ўқув, семинар-тренинглар уюштириб бораяпмиз. Машғу­лотларда тадбирларни ташкил этишда таъсирчан сиёсий технологиялардан, одамлар фикрини ўрганишнинг тезкор ва самарали усулларидан унумли фойдаланиш масалаларида таклифлар берилмоқда.

Насиба ТУРҒУНОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими:

— Дунёда ғоявий таҳдид ва ахборот хуружлари кучайиб, одамлар онги ва қалбини эгал­лаш йўлидаги кураш тобора мураккаблашиб бораётган бугунги кунда аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб бориш, уларнинг таъ­сирчанлигини оширишни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.

Айни пайтда ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан тарғиботчилар учун махсус тренинглар, давра суҳбатлари, очиқ мулоқот, баҳс-мунозаралар, танловлар ташкил этиш мақсадида тарғиботчилар клуби фаолия­тини йўлга қўйиш режалаштирилган. Шу орқали тарғиботчиларга баҳс-мунозараларда ўз фикрини эркин баён қила олиш ҳамда партия электорати вакиллари билан очиқ мулоқот ўрнатиш учун зарур бўлган нотиқлик кўникмалари шакллантирилади. Бунда клуб аъзолари ўз фикрини далиллар асосида исботлай олиш, ахборот манбалари билан ишлаш, суҳбатдош (аудитория)ни ишонтира билиш, масалани ҳар томонлама таҳлил қилишни ўрганадилар. Келгусида тарғиботчилар клуби туман кенгаш­ла­рида ҳам ташкил этилади.

Абдумалик САГАТОВ, ЎзХДП «Ёшлик» талабалар шаҳарчаси кенгаши раиси:

— Пойтахтимизда тарғибот гуруҳларининг 200 нафарга яқин аъзоси бор. Улар ораси­да сиёсатчилар, олимлар, маҳал­ла фуқаролар йиғинлари раислари, маслаҳатчилари, бир сўз билан айтганда, халқ орасида обрў-эътиборга эга кишилар кўпчиликни ташкил қилади. Улар партия дастурий мақсадларига мос равишда юртимизда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларни электорат орасида тар­ғиб этиш усулларини яхши билади. Шу боис уларнинг кучидан самарали фойдаланишимиз лозим.

Шунингдек, машғулотларни аудиториянинг ўзига хос хусусияти, тингловчининг кайфияти, онгининг ўзгариши, диққат-эътибори, тасаввури ва руҳиятини ҳар томонлама ҳисобга ол­ган ҳолда ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Аудиторияда тур­ли феъл-атвор, дунёқарашга эга кишилар бўлади. Тарғиботчи улар ҳақида қандай маълумотларга эга? У энг аввало, кишиларнинг ўзига хос дунёқараши, қизиқишини олдиндан ўр­ганиши керак. Шунда унинг сўз­лари таъсирчан, фаолияти самарали бўлади.

Семинарда, шунингдек, ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими Гулчеҳра Зоҳидова, 44-оилавий полик­линика бош шифокори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Муқаддас Раҳматуллаева сўз­га чиқиб, тарғиботчилар гуруҳлари аниқ режа асосида изчил фаолият кўрсатиши, маҳаллалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириши зарурлигини таъкидлашди. Бундан ташқари, тарғиботчиларнинг ўзаро тажриба ал­машишини йўлга қў­йиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фой­даланиш масалалари хусусида ҳам фикр алма­шилди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.