Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
21.11.2013

КОНСТИТУЦИЯ КИЧКИНТОЙЛАР НИГОҲИДА

Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.

Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади.

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг

41-моддасидан)

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз таълим-тарбия тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ёш авлоднинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш, ҳуқуқий таълимни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2001 йил 4 январда қабул қи­линган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўр­ганишни ташкил этиш тўғрисида»ги фармойиши бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Ушбу фармойишдан кўзлан­ган мақсад Ўзбекистон Конс­титуциясининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини, маъно-мазмунини ўрганиш, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги, тафаккури ва маданиятини тўғри шакллантириш ҳамда юксалтириш, шунингдек, Конституцияни билиш, унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қи­лишдан иборат. Бугунги кунда мазкур ҳужжат асосида Асосий Қонунимизда белгиланган тушунча ва тамойиллар мамлакатимиздаги мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб барча ўқув масканларида кенг ўргатилмоқда.

Буни Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги 589-мактабгача таълим муассасаси фаолияти мисолида ҳам кў­риш мумкин. Ушбу муассасанинг катта ва мактабга тайёрлов гуруҳларида «Конституция сабоқлари» машғулоти қизиқарли ва таъсирчан воситалар ёрдамида ташкил этилмоқда. Бош қомусимизнинг 21 йиллиги олдидан «Конституция — ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати» шиори остида ҳуқуқий ва маънавий-маърифий тадбирлар ўт­казилмоқда.

...Боғчанинг болалар қий­қириғига, шодон кулгуси-ю завқли таассуротларга бой одатдаги куни. Катта ва кичик гуруҳдаги кичкинтойлар қўлини кўксига қўйиб, ширин талаффузда давлатимиз мад­ҳиясини куйлайди. Беғубор қалблар меҳри-ла янграган бу қўшиқ ўз ифодаси ва сеҳри билан ҳар қандай кишининг кўнглини фахру ифтихор­га тўлдириб юборади. Мад­ҳия якунлангач, тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Манзура Нурматова болаларга содда, уларнинг ёши ва дунёқарашига мос воситалар — турли суратлар, буклет ва плакатлар ёрдамида Ўзбекистон Конституцияси, мамлакатимиз мустақиллиги, давлат рамзлари, тили, пул бирлиги, шу юртда яшаётган ҳар бир кишининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳақида тушунарли тилда ҳикоя қилади. Ке­йин савол беради:

— Қани, ким айтади: мамлакатимизда яқинда қандай байрам нишонланади?

Болалар ҳаммаси жажжи қўлчаларини кўтаради:

— Мен айтаман! Мен биламан!..

— Севара, сен айт-чи.

Севара Муртазоева қувониб кетади ва дона-дона қи­либ жавоб беради:

— Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунини.

— Конституциямиз қачон қабул қилинган?

— 1992 йил 8 декабрь куни.

— Балли! Қани, энди ким айтади: Ўзбекистон Республикаси қандай давлат рамзларига эга?

Болалар яна чуғурлашиб қўл кўтаради:

— Улуғбек! — деб ишора қилади тарбиячи.

— Ўзбекистон Республикаси ўз Байроғи, Герби ва Мад­ҳиясига эга.

— Тўғри! — деб қувонтиради М.Нурматова болакайни...

Фарзандларимизни гўдаклигидан ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишга, давлат ва жамият олдидаги бурч ва масъулиятини теран ҳис этишга ўргатиш тарбиячи ва мураббийларнинг энг муҳим вазифаларидан. Шу боис мазкур муассасада «Конституция сабоқлари» машғулотлари кичкинтойларга ҳуқуқий давлат ҳақидаги илк тушунчаларни, ўз ҳуқуқ ва бурчларини англатишда, уларни Ватанга садоқат, истиқлол ғояларига му­ҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Зеро, бугунги глобаллашув даврида ўз ҳақ-ҳуқуқини теран англаган, ва бурчига садоқатли, мустақил фикрлайдиган, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга авлодгина эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучига айланади.

Дарҳақиқат, Асосий Қонуни­миз юртимизнинг ҳар бир фуқароси учун нафақат ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати, айни пайтда давлат ва жамият олдидаги бурчларини ҳам белгилаб берган. Айниқса, болаларни кичик ёшданоқ билим олишга, қизиқишига қараб касб-ҳунар эгаллашга, малакали мутахассис бўлиб вояга етишга жалб қилишда, уларни Президентимиз таъкидлаганидек, кучли, билимли, до­но ва бахтли авлод бўлиб яша­шини таъминлашда Конституция асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.

589-мактабгача таълим муассасасида 500 нафарга яқин бола тарбияланмоқда. Бу ер­да уларнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун барча шароит яратилган.

Боғчада хорижий тиллар, бадиий гимнастика, рақс, шашка тўгараклари ташкил этилган, мусиқа сабоқлари ва жисмоний тарбия машқлари, болаларнинг ёшига мос ўйин ва машғулотлар ўтказилиши уларнинг жисмонан соғлом, руҳан тетик, ақлан зийрак улғайишига, турли кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, концерт дастурлари эса улардаги истеъдод ва қобилиятни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Байрам АЙТМУРОДОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.