19.11.2013

2014 ЙИЛ УЧУН ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ

ҳамда солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тасдиқланди

Олий Мажлис Қонунчилик палата­сининг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамаси тақдим этган Ўзбе­кистон Республика­сининг 2014 йилга мўлжалланган Давлат бюджети лойи­ҳаси ва солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари кўриб чиқилди. Унда ҳукумат аъзолари, қатор вазирлик ва идораларнинг мутасаддилари иштирок этди. Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосариМолия вазири Рустам ­АЗИМОВ батафсил ахборот берди.

2014 йилги Давлат бюджети ло­йиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан жорий йилнинг 18 ян­варида Ҳукумат йиғилишида белгилаб берилган муҳим ва­зифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилгани йи­ғилишда алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Мамлакатимизнинг бош мо­лиявий ҳужжатида келгуси йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, иқ­тисодиётни янгилаш ҳамда модернизация қилиш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, юқори иқтисодий ўсиш суръ­атларига эришиш, қулай инвес­тициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, аҳоли фаро­вонлиги ва турмуш даражаси­ни ошириш масалалари қамраб олинган.

Ахборотга кўра, 2014 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 8,1 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,3, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,0, қурилиш ишлари ҳажми 9,3, чакана савдо айланмаси 13,8, хизмат кўрсатиш ҳажми 16,2 ва инвестициялар 9,5 фоизга ошиши кўзда тутилмоқда.

Келгуси йил мамлакатимизда макроиқтисодий бар­қарорликнинг янада мустаҳкамланиши, ялпи ички маҳсулот таркибининг такомиллашуви, инвестицияларнинг фаоллашуви, экспорт учун янги бозорларнинг очилиши каби ижобий жараёнлар кучаяди. Жумладан, инфляция даражаси жорий йилдаги 7,7-8 фоиздан 6-7 фоизгача пасайиши, хизмат кўрсатиш соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 53 фоиздан 54 фоизгача етиши кутилаяпти.

Реал секторнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш бўйича тасдиқланган 14 та мақсадли дас­тур доирасида 152 та янги йирик ишлаб чиқариш объ­екти фойдаланишга топширилади.

2014 йилда солиқ юкини янада пасайтириш эвазига ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва инвестиция муҳитининг жозибадорли­гини ошириш юзасидан муҳим чоралар амалга оширилади.

Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлашни рағбатлантириш мақсадида 2014 йилнинг биринчи январидан бошлаб фойдаланиш муддати 10 йилгача бўлган (ҳо­зирда бу муддат 5 йил) асбоб-ускуналар учун мол-мулк солиғи белгиланмайди. Маз­кур солиқ имтиёзи орқали 108 миллиард сўм маблағ корхоналар ихтиёрида қолиши кутилаяпти. Бу янги иш ўринлари очиш, ходимлар меҳнатини рағбатлантириш учун қўшимча имконият беради.

Йиғилишда маҳаллий бюд­жетларнинг даромадлар базасини мустаҳкамлаш, ҳудудларга бериладиган субвенция миқдорини камайтириш, ер ва бошқа ресурслардан янада самарали фойдаланишни рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

2014 йилда ҳам бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсия ҳамда нафақалар миқдори кутилаётган инфляция даражасидан юқори суръатларда оширилади. Илм-фан, маданият ва спорт харажатлари жорий йилдагига нисбатан 1,2 баробар юқори бў­лиши кутилмоқда.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосариМолия вазири Рустам АЗИМОВ аҳоли даромадлари ва турмуш фаровонлиги ошганини ҳи­собга олган ҳолда, 2014 йил­дан бошлаб ижтимоий нафа­қаларни тайинлаш, беришнинг янги мезонларини белгилаш чоралари ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Йиғилишда бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларнинг даромад ва харажатлари ўртасида мувозанатни таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2014 йилда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, технологик янгилашни жадаллаштириш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурларини амалга ошириш давом эттирилиши таъкидланди.

Ялпи мажлисда 2014 йилга мўлжалланган давлат бюд­жети лойиҳаси ва солиқ-бюджет сиёсатининг бошқа йўналишлари бўйича ҳам таҳлиллар асосида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг 2014 йилги Давлат бюджети лойиҳаси муҳокама этилди. Муҳокамаларда барча сиёсий пар­тиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқиб, Давлат бюджети лойиҳаси юзасидан ўз нуқтаи назарларини билдирди.

Атрофлича таҳлил ҳамда савол-жавоблардан кейин фракциялар муносабати, фикр-мулоҳазалари ҳи­собга олинган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2014 йилги Давлат бюджетини тасдиқлаб, тегишли қа­рор қабул қилди.

Хусусан, ЎзХДП фрак­цияси аъзолари муҳока­малар вақтида Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети аҳо­лининг фаровонлиги ва турмуш даражасини оширишга йўналтирилганини таъкидлади ҳамда Давлат бюд­жети ижросини таъминлаш, бюджет маблағлари самарали сарфланиши устидан назорат олиб боришда депутатлик корпусининг ўрни ва масъулиятини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Улуғбек ВАФОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари:

Бюджет тизимида маблағларнинг шаклланиши, манзилли ишлатилиши, бюджетнинг даромад ва харажат қисми ўртасида, ҳу­дудлар кесимида ҳамда маълум муддатларда мутаносибликни таъминлаш жу­да мураккаб жараёндир. Ундаги кичик бир тўхталишлар ҳам катта ижтимоий-иқ­тисодий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун Бюджет тизими соат механизмидек равон ишлаши талаб этилади.

Бюджетни қабул қилишдан тортиб, унинг ижросини таъминлашгача бўлган ҳамма жараёнларда бар­ча даражадаги депутатлик корпуси иштирокини янада фаоллаштириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Бизга тақдим этилган 2014 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳасида ҳукуматга ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига аниқ вазифалар белгиланган бўлса-да, Давлат бюджети ижросини таъминлаш бўйича депутатлик корпусининг иштироки билан боғлиқ вазифалар умуман назарда тутилмаган эди. Фракциямиз фикрича, Давлат бюджетини қабул қилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари маъқуллаш ёки ижро ҳокимияти олдига тегишли вазифалар қўйиш билангина чекланмаслиги керак. Аксинча, бюджет ижроси билан боғлиқ барча жараёнларда депутатлик корпуси фаол қатнашиши зарур.

Шундан келиб чиқиб, фракциямиз бу борада ўз таклифини берди. Бизнинг таклифимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2014 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги қарорида ўз ифодасини топди.

Унга кўра, Қонунчилик палатаси депутатларига 2014 йилда Давлат бюджети ижроси юзасидан депутатлик назоратини изчил олиб бориш, халқ депутатлари туман, шаҳар ва вилоят Кенгашларидаги депутатлик корпуслари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, Давлат бюджети ижроси устидан жойларда таҳлилий ишларни амалга ошириш, уларнинг якунларига асосан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифалари белгиланди.

2014 йилда ижтимоий соҳани ривожлантиришга 2013 йилдагига нисбатан қарийб 1,2 баробар кўп маб­лағ ажратилади. Демак, келгуси йил Давлат бюджети ижроси тўлиқ таъминланиши партиямиз дастурий мақсадлари изчил амалга ошиши, электорат манфаатлари самарали ҳимоя қи­линишида ниҳоятда му­ҳимдир. Шунинг учун фракциямиз бу борада барча имкониятларини ишга солади.

Улуғбек ЗОКИРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизда юридик ва жисмоний шахсларга солиқ юки йилдан-йилга енгиллашиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу ҳақда гап кетганда, 2014 йилда юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкасини 9 фоиздан 8 фоизгача пасайтириш кўзда тутилаётганига эътибор қаратишни истардим. Шунинг эвазига 132,5 миллиард сўм хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз ихтиёрида қолади. Яъни, уларнинг айланма маблағлари кўпаяди, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янги иш ўринлари яратиш учун қўшимча имкониятлар юзага келади.

Шунингдек, ижтимоий ёр­дамга муҳтож аҳолини қўл­лаб-қувватлаш, молиявий имкониятларини янада яхшилаш мақсадида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг би­ринчи шкала бўйича ставкаси 8 фоиздан 7,5 фоизгача пасайтирилмоқда. Бу аҳоли даромадлари келаси йил қўшимча равишда 95 миллиард сўмга кўпайишини англатади.

Таҳлиллар энг кам иш ҳақининг 5 баробаригача миқдорда даромад олувчи аҳолига солиқ юки сўнгги беш йил ичида қарийб икки баробарга камайганини кўрсатиб турибди. Хўжалик юритувчи субъектларга, кам даромад олувчи фуқароларга солиқ юки енгиллашиши Ўзбекистон Халқ демократик партияси Дастурида иқтисодиётни ислоҳ қилиш, аҳоли даромадлари кўпайишини таъминлаш бў­йича кўзда тутилган вазифалар амалга ошишига хиз­мат қилиши билан аҳамиятлидир. Биз 2014 йил учун солиқ-бюджет сиёсатидаги бундай ёндашувни тўғри деб ҳисоблаймиз.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонун­чилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

2014 йилда бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлик даража­­си сақлаб қолиниши, аҳоли турмуш фаровонлигини оши­­ришга катта эътибор қаратилиши партиямиз Дастурий вазифалари ижросида катта аҳамият касб этади. Гап шу ҳақда борар экан, аввало, ижтимоий соҳа тармоқлари ва ижтимоий қўл­лаб-қувватлаш ха­ражат­ларига Давлат бюд­жети маблағларининг 59,6 фоизи йўналтирилиши кўз­да тутилганини таъкидлаш лозим.

Жами бюджет харажатларининг 34 фоизи узлуксиз таълим тизимини молиявий таъминлашга йўналтирилади. Бунга қўшимча равишда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ҳисобидан келаси йил 220 та умумий ўрта таълим мактабини реконструкция қилиш, 160 тасини мукаммал таъмирлаш, 39 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежида қурилиш-реконструкция, 122 тасида мукаммал таъмирлаш ишларини олиб бориш мўл­жалланган. Жамғарма маблағлари ҳисобидан 2014 йилда касб-ҳунар коллежларини жиҳозлашга жорий йилдагига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ ажратилади.

Жами бюджет харажатларида соғлиқни сақлаш соҳасининг улуши 14 фоизни ташкил этаётгани, шу билан бирга, Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ҳисобидан келгуси йил 137 та соғлиқни сақлаш муассасасини бунёд этиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш режалаштирилаётгани пар­тиямиз Дастурида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, қишлоқларда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш бўйича кўз­да тутилган мақсадларга тўла мосдир.

2014 йилга мўлжалланган Давлат бюджетида белгиланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозидан кўриниб турибдики, ажратилаётган маблағлар, амалга ошириладиган солиқ-бюджет сиёсати натижалари мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётини жадаллаштириш, турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.