19.11.2013

СУД ОРҚАЛИ ҲИМОЯЛАНИШ ҲУҚУҚИ КАФОЛАТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси мустақилликнинг илк кунлариданоқ ўзига хос ва мос тараққиёт моделини ишлаб чиқди. Бу йўлнинг моҳияти миллий ва умуминсоний қадриятларни ўзида акс эттирувчи, бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат ва одил фуқаролик жамиятини қуриш, халқимизга ҳеч кимдан кам бўлмаган муносиб турмуш шароитларини яратиб беришдан иборатдир. Aсoсий қoнунимиз тараққиётнинг ушбу моделини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, миллий дaвлaтчилик вa унинг ижтимoий-сиёсий тизимини ярaтиш, дeмoкрaтик тaмoйиллaр aсoсигa қурилгaн сиёсий вa иқтисoдий тизимни шaкллaнтириш учун зaрур бўлгaн ҳуқуқий пoйдeвoр вазифасини бажармоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг 13-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахл­сиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши ҳамда демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конс­титуция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши кафолатланди. Бу эса фуқароларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг самарали, таъсирчан ва демократик усулларидан бири бўлган суд орқали ҳимояни мумкин қадар кенгайтириш, суд тизимининг демократик асосларини ислоҳ қилиш ва янада чуқурлаштириш, суд ишларининг адолатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш, фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишни тақозо этди. Ўзбекистон Республикаси Консти­туция­сининг 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқининг кафолатланиши мамлакатимизда шахс ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтирди.

Юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш борасидаги ишлар кўлами, миқ­ёси ва самарадорлиги кейинги ўн йилликда ниҳоятда кенгайиб, янги босқичга кўтарилди. Бу борада, аввало, суд ҳокимиятини босқичма-бос­қич мус­таҳкамлаб бориш, суднинг мус­тақиллигини таъминлаш, уни собиқ тузумда бўлгани каби қатағон қуроли ва жазолаш идораси сифатидаги орган эмас, балки инсон ва фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя ва муҳофаза этишга хизмат қиладиган том маънодаги мустақил давлат инс­титутига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди. Айниқса, фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатлари жиддий тарзда кучайтирилди, ушбу кафолатдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришни таъминлаш бўйича катта кўламдаги ишлар қилинди.

Маълумки, ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлиш билан бир қаторда суд томонидан ўз ҳуқуқларини самарали тарзда тиклаш ҳуқуқига ҳам эгадир. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 8-моддасида ҳар бир инсон, мабодо унда Конституция, қонун бериб қўйган асосий ҳуқуқлари бузилса, нуфузли миллий судлар томонидан ўз ҳуқуқларини самарали тарзда тиклаш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Миллий қонунчилигимизда ҳам судлар томонидан инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни кафолатлашга қаратилган қатор нормалар мавжуд. Хусусан, 1995 йил 30 августда қабул қилинган «Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида»ги қонун фуқароларнинг давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари ёки мансабдор шахсларни фуқароларнинг ҳуқуқ­лари ва эркинликларини бузувчи ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан судга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатлари жиддий тарзда кучайтирилиши, ушбу кафолатдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришни таъминлаш бўйича катта кўламдаги чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида умумий юрисдикция судларига тааллуқли бўлган фуқаролик ишларининг суд амалиётида кўпчиликни ташкил этишига олиб келди.

Конституциямизда ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини кафолатловчи муҳим норманинг мустаҳкамлаб қўйилиши 1997 йил 30 август­да қабул қилинган Фуқаролик процессуал кодексига «Давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризалар бўйича иш юритиш» деб номланган янги 3-кичик бўлимнинг киритилишига асос бўлди. Давлат органлари ва бош­қа органлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризалар бўйича иш юритишнинг ўзига хос хусусиятлари шундан иборатки, бунда процесс иштирокчиларининг муносабатлари давлат бош­қаруви органларининг фаолияти билан боғлиқ ҳолда кўрилади ва бу тўғридаги шикоятлар фақат қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина судга тааллуқли бўлади.

Қонунчиликда давлат бошқарув органлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан бериладиган шикоятлардан давлат божининг шикоят бериш вақтида эмас, балки суд ҳал қилув қарори чиқарилгач, айбдор шахслардан ундирилишининг белгиланиши суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқини қўшимча равишда кафолатлашга имкон беради. Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар ­Маҳкамасининг 2011 йил 18 май кунидаги қарори билан «Давлат божи ставкалари ҳа­қида»ги 1994 йил 3 ноябрдаги қарорига қўшимча ва ўзгартишлар киритилиб, унга кўра, давлат бошқарув органлари ва мансабдор шахсларнинг жисмоний шахсларнинг ҳақ-ҳу­қуқларини камситувчи ғайриқонуний хатти-ҳаракатларидан қилинган шикоятлардан ундириладиган энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги давлат божи камайтирилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 1 бараварига туширилганлиги ҳам эътиборга лойиқ.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг суд орқали ҳи­моя­ланиш ҳуқуқини янада такомиллаштириш ва бу борада кенг имкониятлар яратиш ҳисобланади.

Фуқароларга суд қарорлари устидан шикоят қи­лишлари ва ўзларининг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳи­моя қи­лишлари учун қўшимча кафолатлар яратиш мақсадида Фуқаролик процессуал кодексининг 37-боби «Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари ажримлари устидан апелляция шикояти бериш (протести келтириш)» деб номланди, кассация инс­титутининг мазмун-моҳияти тубдан ўзгарди.

Эндиликда суднинг қарори қонуний, асосли ва адолатли эканлиги юзасидан текширувни қўзғатиш ҳуқуқига эга бўлган шахс доираси янада кенгайтирилди. Амалга оширилган ўзгаришлар таҳлили шуни кўрсатадики, жорий этилган янгиликлар биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш, суд фаолия­тида сансалорликка йўл қўй­масликнинг муҳим кафолатига айланди.

Юқоридагиларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясида мустаҳкамлаб қўйилган суд орқали ҳи­моя ҳуқуқининг миллий қонунчилигимизда тўлиқ ўз ифодасини топганлигини, мамлакатимизда фуқароларнинг суд орқали ҳи­мояланиш кафолатларини кучайтириш ҳамда ушбу кафолатлардан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгайиб, такомиллашиб бораётганлигидан далолат беради.

Музаффаржон МАМАСИДДИҚОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бўлим бошлиғи.



DB query error.
Please try later.