19.11.2013

Руслан КУДАЕВ: «СПОРТДА ХАТОНИНГ КАТТА-КИЧИГИ БЎЛМАЙДИ»

Юртимизда  спортнинг қиличбозлик тури оммалашиб бормоқда. Янги истеъдодларни излаб топиш, тарбиялаш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Пойтахтимизда Қиличбозлик олий маҳорати мактаби халқаро андозалар асосида тўла қайта жиҳозланиб, ёшлар ихтиёрига топширилди.

Вилоятларда ушбу спорт турига ихтисослаштирилган махсус болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, тўгараклари ташкил этилгани ўз самарасини бермоқда. Кейинги йилларда мамлакатимиз спортчилари қитъа ва жаҳон чемпионатлари, ёзги Олимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.

Иқтидорли ёшлардан бири — қиличбозликнинг шпага йўналиши бўйича жаҳон чемпионати сов­риндори, Марказий Осиё чемпиони, Лондон олимпиадаси иштирокчиси Руслан Кудаевдир.

— Андижон вилоятининг Асака шаҳрида туғилганман, — дейди ­Руслан КУДАЕВ. — Ўн бир ёшимдан бошлаб шаҳримиздаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мураббий Ринат Семенеевдан қиличбозликнинг илк сир-асрорларини ўрганганман. Устозимнинг талабчанлиги ва қаттиққўллиги туфайли орадан бир неча йил ўтиб, шпага бўйича ўсмирлар ўртасида мамлакат миқ­ёсида ўтказилган мусобақаларда ғалаба қозона бошладим. Сўнгра айнан Ринат аканинг тавсияси билан пойтахтимиздаги Республика Олимпия захиралари спорт коллежида таҳсил олдим. Ҳозиргача қўлга киритган ғалаба ва ютуқларим замирида аввало мураббийларимнинг беқиёс хизматлари ётибди. Шу боис халқаро мусобақаларда уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.

— Мустақил Ўзбекистон қиличбозларидан эркаклар ўртасида биринчи бўлиб сизга Лондон олимпиадасида қатнашиш бахти насиб этди. Унда дастлаб Жанубий Корея вакили Парк Кёнг Дуни мағлубиятга учратдингиз. Аммо ярим финал йўлланмаси учун кечган баҳсда Венесуэла спортчиси Сильвио Фернандесга 3:15 ҳисобида имкониятни бой бергандингиз. Шу ўринда, Лондон олимпиадасидаги иштирокингиз хусусида ҳам тўхталсангиз...

— Аслида ҳар бир спортчи учун Олимпия ўйинларида қатнашишнинг ўзи — катта шараф! Дунёда бир неча бор жаҳон чемпиони бўла туриб, бирорта ҳам олимпиадада иштирок этолмаганлар оз эмас. 2004 йили ­Афина, орадан тўрт йил ўтиб, Пекин олимпиадасига йўлланмани қўлга киритиш учун менга бироз омад ва тажриба етишмаганди. Айрим вазиятларда арзимаган биргина хато тўрт йиллик меҳнатингни чиппакка чиқариши ҳеч гап эмас. 2012 йилги Лондон олимпиадасида қатнашиш шарафига муяссар бўл­дим. Биринчи жангда Жанубий Корея спортчисини енгганимдан сўнг, ўзимга бўлган ишонч янада ортди. Аммо венесуэлалик спортчи билан бўлган учрашувда бироз толиққаним панд берди.

Қиличбозликни кўпчилик бежизга шоҳмотга қиёсламайди. Сабаби, бу спорт тури инсондан нафақат чаққонлик, балки ақл-идрок, чидам, мўлжални аниқ ва тез олишни талаб қилади. Бир сўз билан айтганда, Лондон олимпиадаси мен учун катта маҳорат ва синов мактаби бўлди. Айни вақтда 2016 йили Бразилияда бўладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш орзусида ўз устимда астойдил ишлаяпман. 2014 йили Жанубий Кореяда Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Ҳозир шу мусобақага тайёргарликни бошлаганмиз. Январь ойидан бошлаб машғулотларни Япония давлатида олиб борамиз.

Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Рустам Дўстмуҳаммедов, ­Рустам Иброҳимов, Искандар ­Баширов, Роман Александров, Гулмира Мамадалиева каби спортчиларимизга ишонч катта.

— Кейинги йилларда дунёда ўзбек қиличбозлик мактаби нуфузи сезиларли даражада ортди, — дейди Ўзбекистон терма жа­моа­си бош мураббийи Александр Пелих. — Бу ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Аввало, буни мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор ва ғамхўрлик билан изоҳлашни истардим. Илгари нафақат вилоятларда, балки пойтахтимизда ҳам маш­ғулотларни кўнгилдагидек ташкил этиш учун шароит йўқ эди. Бугун манзара буткул ўзгача. Қиличбозлик мактаблари, тўгаракларида минглаб ўғил-қизлар ўз маҳоратини оширмоқда. Уларга малакали мутахассислар сабоқ бераяпти. Болалар ва ўсмирлар ўртасида бир йилнинг ўзида ўнлаб нуфузли мусобақалар ўтказиш анъанага айланганлиги янги-янги истеъдодларни кашф этишга хизмат қилмоқда.

Қиличбозликнинг ватани Франция саналади. Мусобақаларда асосан француз тилидаги терминлар ишлатилади. Шу боис бу йилдан бошлаб мамлакатимизда ушбу спорт турига қизиқувчиларга француз тилини чуқурроқ ўргатиш чора-тадбирлари амалга оширилаяпти. Мисол учун, айни пайтда пойтахтимизда қиличбозларга амалий машғулотлардан таш­қари, француз тили дарслари ўтила бошланди.

Спортчиларимиз нафақат жанг  йўлакчасида, балки тил билишда ҳам ҳеч кимдан кам эмасликларини намойиш этишмоқда.

Аброр МЕЛИБОЕВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.