16.11.2013

ТОШКЕНТ — ДУНЁНИНГ ЭНГ ГЎЗАЛ ШАҲРИ

Дунёда шаҳарлар кўп, бири-биридан зиёда. Бироқ шундай шаҳарлар борки, улар фақат ўзигагина хос кўрку таровати, ноёб хусусиятлари билан эътиборни тортади. Ўзбекистонимиз пойтахти бўлмиш Тошкент — ана шундай бетакрор шаҳар. Тўғри, ҳар кимнинг она Ватани ўзига азиз ва қадрли. Лекин худди Тошкентдагидек тарих ва бугунни ўзида намоён этган шаҳарни топиш қийин.

Дунёнинг исталган бурчагига боринг, бинолари осмонга бўй чўзган номдор шаҳарлар кўчаларини айланинг, Тошкентдагидек ажиб бир осудалик ва меҳрни, бағрикенгликни ҳис этиш қийин. Шунданми, Тошкентга бир келган одам яна келишни ният қилади.

Одамзод ҳам, ҳатто қушлар ҳам тинч жойга, яхшилик кўрган жойи­га интилади. Тошкентга лайлаклар қайтгани ҳам шундан аслида. Хастимом миноралари узра улар қанот қоқади. Мустақиллик майдонидаги Эзгулик аркасида Лайлак ва турналар, «Ўзбекистон» халқ­аро анжуманлар саройи гумбази узра яна турналар...

Вақт ўтган сайин одамлар ҳам, ҳаёт ҳам, шаҳарлар ҳам ўзгариб бораверади. Бугунги Тошкент кечаги Тошкент эмас. Кўкчадан — Қўйлиққача, Юнусободдан — Дўмбрободгача кезиб чиққан одам мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорликларни хотирасига сиғдиролмайди.

Мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида олиб борилган беқиёс ишлар туфайли пойтахтимиз қиёфаси тамоман ўзгарди.

Бугунги кенг ва равон кўчалар илгари қандай аҳволда эди? Ҳозирги муҳташам бинолар ўрнида нималар бор эди?.. Пойтахтимиз марказида, Амир Темур хиёбонининг кунчиқар томонида қад ростлаган «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройини олиб кўрайлик. Эрта тонгда қуёш гўёки шу бино узра шаҳарга нур таратиб тургандек бўлади. Тунда эса шаҳар бағри — гўё юлдузлар чарақлаган осмон. Бу бино тўлин ой мисол шаҳарни ёритиб туради.

Бундан атиги бир-икки йил илгари Алишер Навоий шоҳ кўчасининг Абай кўчаси билан кесишган чорраҳасидан Хадра майдони томон юрсангиз, чап томонда нималарни кўрар эдингиз? Буни ҳамма билади. Ўша савдо дўкончалари ўрнида бугун замонавий, муҳташам, меъморий жиҳатдан ўзига хос турар-жойлар бунёд этилди. Унинг ёнидан ўтган ҳар бир ҳамюртимиз кўкси беихтиёр фахр-ифтихор туйғусига тўлади.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, мустабидлик даврида ҳам Тошкент пойтахт сифатида тилга олинарди. Аслида эса республика бош­қарув идоралари жойлашган марказ эди, холос. У ҳеч қандай ваколатга, мақомга эга эмасди.

Бугун Тошкент — ҳақиқий маънода Ўзбекистон Республикасининг пойтахти. Бугун бу ерда олтмишдан ортиқ элчихона ҳамда халқ­аро ташкилотлар ваколатхоналари жойлашган.

Тошкент халқаро аэропортидан дунёнинг 40 дан зиёд шаҳрига «Ўзбекистон ҳаво йўллари» самолёт­лари парвоз қилмоқда. Мамлакат келажаги, тақдири билан боғлиқ қонунлар, қарорлар Тошкентда қабул қилинмоқда...

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тошкентни «Тинчлик элчиси» шарафли номига муносиб кўргани, «Тошкент — ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилингани замирида ҳам олам-олам маъно бор.

Тошкентни чин дилдан севган инсон Тошкентга шундай меҲр ва эътибор кЎрсатади

Ўтган асрнинг 80-йиллари охирига келиб, Тошкентда ҳам ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммолар тўпланиб қолгандики, уларнинг ечими йўқдай туюларди. Чунки бири-бири билан боғлиқ бу масалаларни ҳал этиш учун жуда катта маблағ талаб этиларди. Бундай маблағни собиқ марказдан сўрашга ҳеч ким журъат этмасди. Одамлар эса ноилож тақдирга тан бериб яшаб келарди. Кўплаб микрорайонлар одамларнинг ҳаётий манфаатлари ҳисобга олинмай барпо этилган эди. Болалар боғчаси, поликлиника, савдо марказлари, маиший объектлар, спорт майдончалари қуриш, кўкаламзорлаштириш тўғрисида ўйланмаганди. Шаҳар марказида саноат корхоналари, ароқ, пиво, чарм-мўйна заводлари қурилган бўлиб, Тошкентнинг қадим қиёфасини ўзгартириб, хунук кўринишга олиб келган, об-ҳавосига ҳам жиддий путур етказган эди.

Республикамизнинг янги раҳбари ­Ислом Каримов ана шундай бир пайт­да, аниқроғи, 1990 йил январь ойида Тошкент шаҳар фаоллари йиғилишида кўпчилик учун кутилмаган нутқ сўзлади. Тошкент­ни юксак тараққиёт ва маданият шаҳрига айлантиришимиз керак, деган масалани кун тартибига қўйди.

Эски шаҳарнинг тор, хароба, кулба уйларида зич яшаб келаётган оилаларни уй-жой билан навбатдан таш­қари таъминлаш кераклиги тўғрисида кўрсатма берилди. Маҳаллаларга газ, сув олиб келиш, йўлларни кенгайтириш, таъмирлаш, шаҳар марказидан 70 дан кўпроқ корхона, омборхона, автобазаларни шаҳар ташқарисига кўчириш бошланди.

Шу пайтгача ҳеч ким Тошкентнинг тақдири, келажаги учун тарихий аҳамиятга эга бўлган бундай қадамни қўймаган эди. Ҳеч ким Эски шаҳар аҳолиси дардини шунчалик ўзига яқин олмаган ва улар учун қайғурмаганди. Ўшанда ҳали биз ўзгаларга қарам эдик, ўз хоҳишимиз билан қарор қабул қилишга ҳаққимиз йўқ эди.

Шоиноят ШоабдураҲимов, меҳнат фахрийси, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби, ЎзХДП аъзоси:

— Ислом Каримов ўтказган ўша йиғилишда мен ҳам қатнашганман. У даврларда Ўзбекистон смета қиймати 1 миллион сўмгача бўлган бинони ўзи қуриши мумкин эди. Ундан у ёғига ҳақимиз йўқ эди. Собиқ Марказга бориб сўраларди. Мен Тошкент ­Темирйўл вокзали ёнида оддий бир меҳмонхонани қурдиришга рухсат олиш учун Марказга бориб, 15 кун қолиб кетганман. Унисига, бунисига ялиниб юрагим қон бўлган.

Ана шундай шароитда республика  раҳбари Тошкент шаҳри аҳолиси ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича қарор қабул қилди. Айниқса, Эски шаҳарни обод қилиш, аҳолисини уй-жой билан таъминлаш, маҳаллаларга сув-газ олиб бориш, канализация ўтказиш масаласи қатъий қўйилди. Ўша пайтда Эски шаҳарда одамлар жуда зич яшарди, ҳеч қандай шароитга эга бўлмаган тор ҳовлиларда икки-уч оила тиқилиб кун кўрарди, неча юз хонадон янги уйларга кўчирилди. Эсимда, Президент топшириғига кўра, Қорасарой ва Сағбон кўчаларини кенгайтириш мақсадида бузиладиган эски уйлардан бирида жами 24 киши яшаганини кўрганман.

Ўша 1990 йилда айтилган гаплар бос­қичма-босқич, изчил амалга ошириб келинмоқда. Эски шаҳарда кўплаб замонавий уйлар, равон йўллар барпо этилди. Эски Жўвадаги «Гулистон» ресторани ўрнида Болалар ижод уйи, босмахона ўрнида бошқа замонавий бинолар қад ростлади. Қанчалаб тиббиёт масканлари, спорт майдонлари қурилди. Эски Жўва бозори қайтадан қурилди.

Ўзим темирйўлчи бўлганим учун яна бир мисол келтирай. Мустақиллигимизнинг 22 йиллиги арафасида «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг Қуюв механика заводи реконструкция қилинди. Энди темирйўл учун зарур бўлган эҳтиёт қисм­лар шу ерда ишлаб чиқариладиган бўлди. Билишимча, 167 турдаги саноат маҳсулотлари маҳаллийлаштирилди. Вагонлар Германиядан олиб келинарди, энди ўзимиз қураяпмиз.

Тошкентга тўрт-беш йил илгари келган меҳмонлар бугун уни танимай қолдик, дейишаяпти. Буни ўзим ҳам бошимдан ўтказдим. Бетоб бўлиб, бир йил шаҳарга чиқмадим. Яқинда шаҳар марказидан Эски шаҳар томон ўтдим. Ён-атрофимдаги ҳашаматли биноларни кўриб, кўзларимга ишонмадим. Мен, Тошкентни яхши биладиган одам, қайси кўчадан кетаяпмиз, деб ўғлимдан сўрадим.

Эски шаҲарнинг янги Ҳаёти

Мустақиллик йилларида Тошкентда олиб борилган бунёдкорлик ишлари ҳақида гап кетганда, Эски шаҳар ҳақида алоҳида тўхталмай ўтиб бўлмайди.

Шу йил 31 август куни «Шаҳидлар хотираси» майдонида бўлган маросимда Президентимиз билан суҳбатлашдим, — дейди Шайхонтоҳур туманидаги Оқлон маҳалла фуқаролар йиғини фаоли, ЎзХДП аъзоси Шуҳрат ­Азимов. — У киши, энг аввал, маҳалла тинчми, нима муаммолар бор, деб сўради. Сўнгра коллеж битирувчиларининг қанчаси ишга жойлашаётгани, тўй-ҳашамлар қандай ўтаётгани, ёшлар спорт билан шуғулланиши учун шароит бор-йўқлиги билан қизиқдилар. Суҳбат давомида шуни англадимки, Президентимиз пойтахтимиз келажагига, Эски шаҳар аҳолиси турмушига алоҳида эътибор билан қарар эканлар.

Тўғриси, бир пайтлар Тошкент иккига бўлиниб қолган эди. Эски шаҳарга иккинчи даражали ҳудуд сифатида қараларди. Шунинг оқибатида йиллар давомида кўплаб муаммолар тўпланиб қолганди.

Бир пайтлар шароитимиздан нолиб юрган бўлсак, бугун Эски шаҳарга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан фахр­ланамиз. Яқинда Хадра майдонида қилинган ишларни қаранг. Бетон-асфальт қопланган майдон ўрнида яшил ҳудудлар ташкил этилди. 12 метр баландликдаги рангли фаввора барпо этилди. Навоий шоҳкўчасида узунлиги 46 метрли ер ости йўлаги қурилди.

Кўп раҳбарларни кўрдик, Тошкентда бирорта йўл ёки кўприк қурдирмай, ўзидан из қолдирмай ўтганлари бўлди. Президентимизнинг ташаббуси билан амалга оширилган бу ишлар эса юз йилда ҳам қилинмаган эди. Мен шундай хулосага келаман, халқни ўй­лаган инсон буюк ишларга қо­дир бўлади.

Обод турмуш кафолати

Катта шаҳарнинг режалари ҳам катта бўлади. Бугун Тошкент аҳолиси 3 миллиондан кўплигини, бу ерда 100 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилишини ҳисобга олиб фикрлайдиган бўлсак, иш ўринлари яратишдан тортиб, одамларни уй-жой, озиқ-овқат билан таъминлаш, уларнинг тинч­лиги ва осойишталигини сақлаш катта маблағ, катта меҳнат ҳамда эътибор талаб этади.

Мустақиллик йилларининг сарҳисобига қаралса, Тошкент аҳолисининг турмуш шароити кўрсаткичлари йилдан-йилга юксалиб бораётганини кўриш мумкин. Жорий йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар буни яна бир бор исботлаб турибди.

Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 9 ойлик якунларига бағишланган фаоллар йиғилишида шаҳар иқтисодиётида изчил ўсиш суръатлари таъминланиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 108,0 фоизга ўсгани таъкидланди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 112,5, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 110,3, пудрат қурилиш ишлари 110,2 фоизга ошириб бажарилишига эришилган.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлашга йўналтирилган дастурлар ва тадбирлар доирасида жами 120 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилиб, белгиланган мақсадли кўрсаткичлар 108,1 фоизга бажарилди. Бандлик дастури доирасида эса 63 минг 575 иш ўрни ташкил этилиб, режа 101,1 фоизга адо этилди.

ЎзХДПнинг пойтахт тараҚҚиЁтида Ўз Ўрни бор

Пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш, сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда сиёсий партия­ларнинг ўз ўрни бор. Бу борада ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши ва халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳининг амалий ишлари алоҳида эътироф этиб келинаётганини таъкидлаш жоиз.

Дарҳақиқат, бугунги кунда пойтахтимизда партиямизнинг 1300 дан зиёд бошланғич ташкилоти, 33 мингдан кўпроқ аъзоси бор. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашида партиямиздан сайланган 16 нафар депутат фаолият юритмоқда.

ЎзХДП Тошкент шаҳар ташкилотлари асосий эътиборни аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатлами манфаатини ҳимоя этишга қаратиб келмоқда.

— Биз партиямиз Сайловолди платформасидан келиб чиқиб, эҳтиёжманд кишилар манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз ихтисослиги бўйича ишга жойлаштириш масалаларини устувор вазифаларимиз, деб ҳисоблаймиз, — дейди ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Учқун ­ШойимҚулов. — Жорий йилнинг ўтган даврида депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессияларига учта масала олиб чиқилди. Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича Тошкент шаҳар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармасининг ҳисоботи тингланди. Бу борадаги ишларни янада кучайтириш юзасидан сессия қарори қабул қилинди. Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан корхона ва ташкилотлардаги бўш иш ўринлари аниқланиб, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари банд­лигини таъминлаш ишлари изчил олиб борилди.

Депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан «Фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Тошкент шаҳрида автомототранспорт сақлаш қурилмаларини ободонлаштириш ва шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ тартибга солиш тўғрисида»ги масалалар ҳам сессияда кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида»ги қарори ижросига бағишланган масала ҳам сессия кун тартибига олиб чиқилди. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарининг ҳисоботи тинг­ланди.

Пойтахтимиз аҳолиси, айниқса, партиямиз электорати муаммоларини ўрганишда ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши Жамоатчилик қабулхонасининг аҳамияти катта бўлмоқда. Жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида моддий кўмак, уй-жой коммунал хизмати, ишга жойлаштириш, тиббий ва транспорт хизмати каби масалалар бўйича 250 дан зиёд мурожаат бўлган. Уларнинг аксарияти тегишли идора ва ташкилотлар орқали ҳал этилган. Депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан аҳоли мурожаатлари ва жойлардаги муаммолар бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарларига 34 та депутатлик сўрови юборилган. Мазкур сўровларга тегишли тартибда жавоблар олиниб, депутатлик гуруҳи ҳамда доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама қилинаяпти.

Тошкент — спорт шаҲри

Мустақиллик йилларида Тошкент ҳақиқий маънода спорт шаҳрига айланди. Халқаро талабларга жавоб берадиган юзлаб спорт иншоотлари барпо қилинди. «Бунёдкор» стадиони эса мўъжизанинг ўзгинаси экани эътироф этилмоқда.

Бугун Тошкентда йирик халқаро мусобақалар, Осиё ва жаҳон чемпионатлари ўтказилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, пойтахтимизнинг ҳар бир туманида, айниқса, Юнус­обод, Мирзо Улуғбек, Шайхонтоҳур, Чилонзор туманларида ўнлаб мини футбол, теннис, баскетбол майдончалари бунёд этилди. Энди тасаввур қилиб кўрайлик, ҳар куни неча юз ёки минг бола бу спорт майдончаларида шуғулланмоқда. Болаларни жисмоний чиниқтириш, уларда спорт билан мунтазам шуғулланиш кўникмасини ҳосил қилишда бу майдончаларнинг аҳамиятини нима билан ўлчаб бўлади?

Обод турмуш йилида пойтахтимизда яна 80 дан зиёд спорт майдончаси қурилмоқда. Шундан 77 таси мини футбол майдончаларидир.

СЕҲРЛИ, МЕҲРЛИ ШАҲАР

Инсон ўз ҳаёти давомида кўп мақтовлар эшитади. Шахсий ютуқ­ларинг­ни, ҳовли-жойингни мақташади. Аммо уларнинг мингтаси Ватанинг, она шаҳринг ҳақидаги бир оғиз яхши гапга арзимайди. Чунки юртга дахлдор гаплар миллий ғурур билан боғлиқ бўлади.

Турли замонларда Тошкентга кўплаб таърифлар берилган. Лекин бугунги эътирофлар бошқача.

Собир РУСТАМХОНЛИ, Озарбайжон халқ ёзувчиси, Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати:

— Тошкентга ҳар келганимда Мустақиллик майдонини айланаман. Ушбу майдон — Ўзбекистон Мустақиллигининг рамзи. Хотира майдонида эса узоқ хаёлга чўмдим, қаттиқ таъсирландим. Мотамсаро она ҳайкали, Иккинчи жаҳон уруши қурбонларининг исми ёзилган рамзий китобларни кўриб, ўз ота-боболари хотирасини ҳурматлаган ­халқингизга меҳрим янада ошди.

Тошкент — озода шаҳар. Энг асосийси, бу ерда тинчлик ҳукмрон. Тошкент шаҳрининг ўзи халқингиз маънавияти нақадар юксаклигини намоён этиб турибди.

Питер КЭМПБЕЛ, Германия ва Ўзбекистон молиявий ҳамкорлиги доирасида фаолият кўрсатаётган «Соғлиқни сақлаш: репродуктив саломатлик — оналик ва болаликни муҳофаза қилиш» дастури раҳбари:

— Тошкент — катта шаҳар. Берлин ёки Лондонда кўпинча машиналар тирбандлигидан азият чекамиз. Тошкентда эса йўллар кенг. Бу шаҳар инфратузилмасида ҳамма томон ҳисобга олинганлигини кўрсатади.

Мустақиллик майдонида кўп бўламан. Она ва болага ўрнатилган ҳайкал — ўзбек халқи қалбининг ифодаси. Ўзбекистонда нафақат оналар, балки давлат ва Президент ҳам болаларни бағрига босиб асрамоқда, тарбияламоқда.

Дилшода ОРТИҚБОЕВА, Саъди Сирожиддинов номидаги академик лицей ўқувчиси, 47-Менделеев халқаро олимпиадаси ғолиби:

2013 йилнинг апрель ойида Тошкентда ўтказилган халқаро олимпиада пайтида хорижлик ўқувчилар пойтахтимизни катта қизиқиш билан томоша қилишди. «Тошкентни бунчалик чиройли деб ўйламагандик» деганлар кўп бўлди.

Ҳозир ҳам олимпиадада дўстлашган тенгдошларим билан интернет орқали суҳбатлашиб тураман. Улар гапни «Гўзал Тошкентда ҳаммаси жойидами?» деб бошлашади. Мен ана шундай гўзал, файзли шаҳарда яшаётганимдан фахрланаман...

Ҳа, шундай, Тошкентдек пойтахтимиз борлигидан ҳар биримиз ғурурланамиз. Тошкент — нафақат файзли, тароватли шаҳар, айни чоғда мамлакатимиз тараққиётида беқиёс ўрин тутган шаҳар. 1991 йил 31 август куни  Президентимизнинг Мен шу бугундан эътиборан 1 сентябр­ни республикамизда Мустақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилишни таклиф этаман, деган тарихий сўзлари ҳам айнан Тошкентда янграган эди.

Шунинг ўзиёқ Тошкент улуғ ва азиз шаҳарлигини билдиради. Тошкент — бугун дунёнинг давлат ва сиёсат арбоблари таърифлаётганидек сеҳрли, меҳрли шаҳар. Дунёнинг энг гўзал шаҳри!

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.