14.11.2013

АХБОРОТ ОЛИШ ИМКОНИЯТЛАРИ КЕНГАЙИШИ

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги, фуқаролар ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошишига хизмат қилади

ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан Бухоро вилоятида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси синови бўйича Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ўтказилаётган ҳуқуқий эксперимент жараёнида ЎзХДП ташкилотлари, депутатлик гуруҳларининг иштироки» мавзусида семинар ўтказилди.

Вилоятда қонун лойиҳаси синови бў­йича қатор амалий ишлар олиб борилаяпти. Масалан, фуқаролар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, жисмоний ва юридик шахс­ларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти ҳақида ахборот олиш тизимини такомиллаштириш мақсадида дастлаб махсус штаб ташкил этилди. Шу орқа­ли ҳу­қуқий эксперимент бўйича амалга оширилаётган ишлар кун­лик мониторинг қи­линиб, субъектларга тезкор ва дои­мий равишда малакали мутахассислар томонидан тегишли ёрдам берилди. Ҳуқуқий тажри­бани ўтказиш жараёнида элек­трон тизим орқали маълумотлар алмашинуви изчил йўлга қўйилди...

Шу ўринда ЎзХДП «Истиқбол» ёш­лар қаноти Шо­фиркон туман бўли­ми етак­чиси Гулсара Раҳимова савол берди:

— Энг тезкор ва батафсил маълумот тақдим этиш манбаларидан бири расмий веб-сайтлар ҳисобланади. Қонун лойиҳасида кўр­сатилган ахборотлар веб-сайтларда жойлаштирилиши барча фуқаролар, жумладан, бизнинг партиямиз электорати учун ҳам жуда муҳим. Чунки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти бўйича ахборот сўраб мурожаат этган фуқаро батафсил маълумот олишга интилади. Бу борада қандай ўзгаришлар бўлди, сайтлар кўпайдими, уларда керакли ахборотлар борми?

— Ҳуқуқий эксперимент бошланмасдан олдин вилоятдаги 12 та давлат органида веб-сайт бор эди, бугун­ги кунда 46 та субъект ўз рас­мий веб-сайтини яратди, — дея саволга жавоб берди Акбар Рустамов. — Барча шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг веб-сайтлари buxo­ro.uz порталига уланди. Улар орқали фуқаролар интерактив давлат хизматларидан унумли фой­даланишлари мумкин. Агар сайт­дан ўзингизни қизиқтирган бирор маълумотни топа ол­масангиз, шу сайт орқали мурожаат қилиш ёки сўров йўллаш имкониятига эгасиз. Сўровлар ўрнатилган тартибда қайд этилади, ўрганилади ва албатта электрон шаклда жавоб берилади.

— Жуда тўғри айтилди, — деди бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ви­лоят бошқармаси статисти­ка бўлими бошлиғи Артур Икромов. — Ахборотдан фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишни қонун лойиҳаси талаблари асосида янги босқичга олиб чиқдик.

Масалан, жамғарманинг расмий веб-сайти (pfuz.uz) яратилди ва керакли маълумотлар билан тўлдириб борилаяпти. Олайлик, бош­қарма Низоми, таркибий тузилмаси, вазифалари, қа­бул кунлари, ҳудудий бў­лимларнинг телефон рақамлари ҳамда бошқарма бошлиғи ва бўлим бошлиқлари тўғрисидаги маълумотлар киритилди. Веб-саҳифани такомиллаштириш, ахборот базасини янада бо­йитиш ишлари давом этаяпти. Шунингдек, бошқарманинг ахборотларни веб-сайтда жойлаштириш бўйича йўриқномаси қабул қи­линди ҳамда жисмоний ва юридик шахслардан келадиган сўровларни рўйхатга олиш учун алоҳида журнал очилди. Унда барча оғзаки ва ёзма сўровлар қайд этиб келинаяпти.

Очиғи, ҳуқуқий эксперимент фаолиятимизни изчил йўлга қўйишда, фуқаролар билан фаол ахборот алмашиш, саволларга ўз вақтида жавоб қайтаришда муҳим аҳамиятга эга бўлаяпти...

...Фойеда бошланган суҳбат семинарда янада қизғин давом этди. Маълумки, қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича аниқ меъёрлар белгиланган. Семинарда уларни яна­да такомиллаштириш бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, қо­нун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчиликка янада кенг тушунтириш, бу борада ЎзХДП олдида турган вазифалар, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари хусусида сўз борди.

Ҳуқуқий эксперимент бошлангандан буён Бухоро вилоят ҳокимлигига 186 та, шаҳар, туман ҳокимликларига 402 та, корхона ва ташкилотларга 1226 та, жами 1814 та сўров келиб тушган ҳамда уларга тегишли жавоблар қайтарилган.

Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, айнан ҳуқуқий эксперимент тарғиботига бағишлаб вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида 286 та материал борилган.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Ҳуқуқий эксперимент жараёнида унинг субъекти бўлган ташкилотлар «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қо­нун лойиҳаси қандай ишла­шини амалда синаб кўриш, шу асосда уни янада тўлдириш ҳамда ижро механизмини соддалаштириш бў­йича таклифлар бериш имконига эга бўлди.

Қонун лойиҳаси қоидаларини, шу жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан ахборот олиш­ни соддалаштириш, ахборотдан фойдаланишда ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари, аҳолининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи меъёрларни такомиллаштириш унинг янада ҳаётийлигини таъминлайди. Партия­миз фаоллари бу борадаги тар­ғибот ишларида фаол иш­тирок этиши ҳар томонлама муҳимдир. Семинар давомида билдирилган таклифлар ҳам қонун лойиҳасини маро­мига етказишга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Дилбар ХОЛИҚОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасида сў­ровларга жавоб қайтариш учун белгиланган муддатлар юзасидан партиямиз электорати томонидан хилма-хил таклифлар билдирилмоқда. Масалан, шошилинч сўровларга тезда жавоб қайтариш ҳақида меъёр киритиш айтилаяпти. Олайлик, оммавий ахборот воситалари томонидан бериладиган шундай сўровлар бўладики, уларга жавоб бериш учун белгиланган муддат ахборотнинг эскириб қо­лишига олиб келади. Шундай ҳолатларни инобатга олиб, қонун лойиҳасига тезкорликни талаб қилувчи сў­ровлар тушунчасини киритиш, сўровга жавоб бериш муддатларини қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар берилди.

Саида ЖЎРАЕВА, ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Ҳуқуқий эксперимент жараёнида яна бир бор амин бўл­димки, қонун ло­йиҳасида белгиланган меъёрларни амал­га ошиши Ўз­бекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадларини ҳаётга чуқурроқ татбиқ этиш бо­расида қўшимча имконият яратади. Давлат ҳокимияти органлари фаолияти очиқ­лигини таъминлаш, ахборот хизматларини кучайтириш, расмий веб-сайтларни маълумотлар билан мунтазам тўлдириб бориш электоратимиз ўз ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари билан боғ­лиқ ахборотларни вақтида олиш имконини беради. Тасаввур қи­линг, фуқаро тегишли дав­лат идораларига ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалада ахборот олиш учун му­рожаат қилди. Лекин ташкилот ходимлари сўровга бефарқ бўлиб, жавоб қайтармади. Бу аҳолининг ижтимоий муҳофазаси таъминланишига тўсиқ бўлибгина қолмай, кишиларнинг кайфиятига ҳам салбий таъ­сир кўрсатади. Демак, қо­нун лойиҳаси қа­бул қилиниши партиямиз электорати манфаатларига бевосита хизмат қилади. Шунинг учун ҳам партиямиз фаоллари ва депутатлари ташаб­буси билан қонун лойиҳасини такомиллаштириш мақ­­садида жойларда жамоатчилик муҳокамалари ўтказилмоқда.

Акром ОРИПОВ, халқ депутатлари Қо­ровулбозор туман Кенгаши депутати:

— ЎзХДПнинг Сайловолди дастурида мамлакатда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг ҳуқуқий асосини ташкил этадиган дав­лат қарорларининг жойларда аниқ ижро этилиши юзасидан давлат бошқаруви маҳаллий органлари ходимлари масъулиятини ошириш, давлат ижтимоий дастурлари бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати тизимини такомиллаштириш белгиланган.

Ҳақиқатдан ҳам, давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор­ганлари фаолиятининг очиқ­лигини таъминлаш, ҳеч қандай тўсиқларсиз ахборот олиш имконияти ЎзХДП дас­турий мақсадларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чи­қиб, энг аввало, партиямиз электорати вакилларига қонун лойиҳасида ахборот олиш эркинлиги кенгай­ганини тушунтираяпмиз. На­тижада одамларда фаоллик, хабардорлик даражаси ортаётгани кузатилаяпти.

Семинарда, шунингдек, ви­лоят Соғлиқни сақлаш бош­қармаси етакчи мутахассиси Маъмура Сафоева, вилоят Халқ таълими бошқар­маси мутахассиси Фаррух Қурбонов, Меҳнат ва аҳо­лини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Илҳом Амонов ва бошқалар сўзга чиқиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ҳу­қуқий эксперимент бўйича олиб борилаётган ишлар ҳа­қида ўз фикрларини билдиришди.

Қонун лойиҳаси юзасидан билдирилган таклифлар атрофлича муҳокама этилиб, умумлаштирилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига тақдим этилди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.