14.11.2013

ЎзХДП ТОШКЕНТ ВИЛОЯТ КЕНГАШИ

cоғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда Оққўрғон туманидаги «Алимкент» қўрғони қишлоқ врачлик пунктида «Соғлом авлод — юрт таянчи» мавзуида акция ўтказди.

Унда, дастлаб, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасида қилинаётган ишлар, тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида давра суҳбати ташкил қилинди.

— Мустақиллик йилларида юртимизда соғлиқни сақлаш тизими бутунлай янгича сифат кўринишга эга бўлди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Саидвали Аҳмедов. — Бунинг натижасида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш кафолати тобора мустаҳкамланаяпти. Хусусан, яқинда сил касаллигининг олдини олиш ва уни даволаш жараёнларини тизимли ташкил қилиш мақсадида тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қў­шимчалар киритилди. Шунингдек, аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш бў­йича тегишли дастур амалга оши­рилаяпти. Унга мувофиқ қишлоқ жойларида тиббий маданиятни юксалтириш бўйича тарғибот ишлари олиб боришда нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, ЎзХДП фракцияси ва жойлардаги депутатлик гуруҳлари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва она-бола соғлигини сақлашга хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

— Жамиятда тиббий маданият юксалиши аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда энг асосий омиллардан бири эканини унутмаслик керак, — дейди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ўринбосари Алишер Қандолатов. — Биз ўтказаётган ҳар бир тадбир, тарғибот-ташвиқот ишларимиз оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилиши зарур.

— Ўтган йили ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тиббий маданиятни юксалтириш, оилада соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масалаларига бағишлаб давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказдик, — дейди ЎзХДП Оққўрғон туман кенгаши раиси Ботир Халиқулов. — Мазкур тадбирлар аҳолида катта қизиқиш уйғотмоқда ва учрашувларда уларнинг фаоллиги ортмоқда. Бу эса тарғибот ишлари амалий натижа бераётганидан далолат, деб ўйлайман.

— Қишлоғимизда умумий аҳо­ли сони 9847 нафар, — дейди Оққўрғон тумани «Алимкент» қўрғони қишлоқ врачлик пункти мудираси Раиса Паринова. — Уларга 4 нафар умумий амалиёт шифокори ҳамда кўплаб кичик тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатиб келмоқда. Шифокорларимиз даволаш-профилактика ишлари билан бир қаторда, ЎзХДП фаоллари билан ҳамкорликда соғлом оилани шакллантиришга оид тарғибот ишларида ҳам фаол иштирок этишаётир.

Давра суҳбатидан сўнг ижтимоий ёрдамга муҳтож оила аъзолари, оналар ва болалар ҳамда ногиронлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган, — дейди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгашининг хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири Фарида Қўлдошева. — Пар­тиямиз туман кенгашидан депутатларимиз, тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда қишлоқларда қатор тадбирларни амалга ошираяпти. Ушбу акция ҳам партиямиз вилоят Кенгаши режаси асосида тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Бугунги акцияда олий тоифали кардиолог, педиатр, мамолог, психолог, эндокринолог, окулист, терапевт, дерматолог, лор, гинеколог шифокорлар 200 дан ортиқ аёл ва 60 нафар 14 ёшгача бўлган болани тиббий кўрикдан ўтказди. Уларга керакли тиббий ёрдам, маслаҳат ва тавсиялар берилди.

— Мен ҳам тиббий кўрикдан ўтдим, — дейди Икрома Бозорбоева. — Соғлигим ҳақида аниқ маълумот олишим учун республика тиббиёт муассасасига йўлланма беришди.

Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев, Оқ­қўрғон туман ҳокими ўринбосари, туман Хотин-қизлар қўмита­си раиси, ЎзХДП фаоли Гулнора Абдуназимова, «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзо­лари иштирок этишди.

Шундан сўнг Тошкент вилояти ва Оққўрғон туман партия кенгашларининг кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилди. Унда 20 нафарга яқин фуқаронинг мурожаати тингланди. Уларни ҳал қилиш масаласини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутатлари назоратга оладиган бў­лишди.

Басандабону ЖАЛИЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.