14.11.2013

МАҲАЛЛА — АҲОЛИНИ МАНЗИЛЛИ ИЖТИМОИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШДА ЭНГ САМАРАЛИ ИНСТИТУТ

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилиниши билан миллий давлатчилигимиз тарихида биринчи маротаба маҳалла конституциявий институт мақомига эга бўлди.

Асосий қонуннинг 32-моддасида фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бош­қаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги, бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амал­га оширилишига оид норма ўз ифодасини топди. Конституциянинг 105-моддасига кў­ра, шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, улар таркибидаги маҳаллаларда ҳам­да шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлаши белгиланди. Ушбу конституциявий қоидалар «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғ­рисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида янада мус­таҳкамланди.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўр­ни ва роли тобора ошиб бо­раётганлиги, қолаверса, фуқаролар йиғинлари раислари ва маслаҳатчиларининг са­лоҳияти, ташкилотчилик қоби­лияти, бой ҳаётий тажрибаси­га кўпгина масалалар боғлиқ­лиги, муҳими ма­ҳалла фу­қаролар йиғини жамият ва давлатнинг энг асосий таянч нуқталаридан бири бўлганлиги боис «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг мас­лаҳатчилари сайлови тўғ­рисида» алоҳида Ўзбекистон Республикасининг алоҳида қонуни қабул қи­линди.

Конституция ва қонунларимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фао­лиятига доир асосий принциплар ва нормаларнинг мус­таҳкамлаб қўйилиши, давлатимиз томонидан маҳалла ну­фузини ошириш нафақат иқ­тисодий, ижтимоий, балки бу сиёсий, тарбиявий, ул­кан маънавий масала сифатида баҳоланди. Бунинг натижасида маҳалла аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги давлат дастурла­рини амалга ошириш, хусусий тад­биркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фао­лияти устидан самарали жамоат назоратини таъминлаш, жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий ва­зифаларни ҳал қилишда муҳим ўринга эга бўлган ­инс­титутга айланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 12 сентябрида Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳам­да уни ўтказиш тўғрисида» қа­рори қабул қилинди. Унга кўра, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва улар маслаҳатчиларининг навбатдаги сайловини ўтказиш муддати 2013 йил ноябрь-декабрь ойлари этиб белгиланди. Бу сайловда 9756 нафар фуқаролар йиғини раиси (оқ­соқоли) ва уларнинг 97 минг нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланиши кутилмоқда.

Мазкур сайловларда иштирок этар эканмиз, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар кўрсатишда нималарга аҳамият бериш керак, кимлар бу лавозимга номзод бўлиши мумкин, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Бизнингча, бу масалага ёндашишда, авваламбор, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг маслаҳатчиси мақомининг қанчалик масъулиятли лавозим ҳамда уни фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг асосий субъектларидан бири эканлигидан келиб чиқиш лозим.

Чунончи, фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ҳам­да раис маслаҳатчиларини маҳаллий аҳоли катта ишонч билдириб сайлайди ва бу орқали муайян маънода ўз маҳалласи тақдирини унга ишониб топширади. Бошқа­ча айтганда, маҳалла ривожи, кўп жиҳатдан оқсоқол ва унинг маслаҳатчила­ри ким бўлишига боғлиқ. Бундай юксак ва шарафли ном эгаси ўзининг намунавий хулқ-атвори, ижтимоий фаоллиги, интизоми, масъулиятлилиги, жамиятдаги обрў-эътибори билан ажралиб туриши лозим.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг маслаҳатчилари лавозимига ташкилотчилик қобилиятига эга, ҳалол, билимдон, тажрибали ҳамда аҳоли ўр­тасида муайян дара­жада ҳурмат ва эъти­борга эга бўлган шахслар сайланиши муҳимдир. Ана шундай шахс­ларни аниқлаш мақсадида айрим жойларда маҳалла аҳли ўртасида олдиндан ижтимоий сўров ўт­казиш маъ­қул бўлади.

Номзодлар сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ масалаларини яхши билиши, янгича фикрловчи кишилар бўлмоғи даркор. Ушбу лавозимларга фақат ёши катта кишилар эмас, балки ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган ташаббускор ёшлар ҳам номзод қилиб кўрсатилиши мумкин. Фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари олдида турган мураккаб, масъулиятли вазифаларни ҳал этиш, аҳоли билан ишлашга шайлиги ва уларни ўз ортидан эргаштира олиш маҳорати номзодларнинг асосий хислати бўлмоғи лозим.

Шу билан бирга, номзодларни танлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятидаги иштирокига ва кўрсатган хизматига, республикамиз ҳам­да жойларда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етарлича анг­лаб етишига, ҳудудда яшовчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя эта олиш, уларнинг дардини, фикрини тинг­лай билиш лаё­қатига эга бўлишига, миллий қадриятларни, анъаналарни ­тушунишига ва унга амал қилишига, юриш-туриши, ахлоқи, билими, ­оилавий тотувлиги жиҳатидан бошқаларга ўрнак бўла олишига эътибор берилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилигига муносиб шахсларни танлаш — масъулиятли иш. Мазкур лавозимларга кўрсатилган номзодлар ичидан муносиб шахс­ларни сайлаш эса кўп жиҳат­дан мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг самараси ҳам­да халқ фаровонлигининг асоси билан чамбарчас боғлиқ эканлигини унутмаслигимиз зарур.

Жавлон АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бўлим бошлиғи.



DB query error.
Please try later.