12.11.2013

ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК

янги иш ўринлари яратилишига, аҳоли даромадлари кўпайишига хизмат қилмоқда

Анвар БОЙҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Кўп маблағ талаб қилмайдиган кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириш, мазкур йўна­лишда фаолият юритаётган ­суб­ъ­ектларга енгилликлар бериш иқтисодий ислоҳотлар самарасини таъминлаш, кўплаб янги иш ўринлари яратилишида муҳим аҳамиятга эга.

ЎзХДП Дастурида шу билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Аҳолининг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни йўлга қў­йиш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мамлакатимизда кенг кўламли ҳуқуқий-иқтисодий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари мустаҳкамланганини бу борадаги муҳим қадам дейиш мумкин.

2012 йил 26 апрелдан кучга кирган «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонун оилавий бизнес ривожланиши учун қулай шароит яратиши, янги иш ўринлари ташкил этиш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Оилавий тадбиркорлик ҳам юридик шахс сифатида, ҳам якка тартибда ташкил этилиши мумкин. Оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхона ҳисобланади. Қонунга мувофиқ оилавий корхонага қатор имтиёз ва афзалликлар берилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, оилавий корхона оила яшайдиган турар-жойда фаолият юритиши ҳамда ишлаб чиқарган маҳсулотини шу жойнинг ўзида сотиши мумкин. Бундай имкониятлар оилавий тадбиркорликни бошлаш ва уни самарали давом эттиришни анча осонлаштиради.

Яна бир муҳим томони шундаки, оилавий бизнес иштирокчилари корхона устав фондини энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан паст бўлмаган миқдорда мустақил белгилашлари мумкин. Оилавий корхона иштирокчиларига тегишли бўлган турар-жойларни корхона устав фондига киритиш ёки уларни нотураржойга айлантириш талаб қилинмайди. Оилавий корхона аъзоларининг ижтимоий ҳимояси таъминланган. Яъни, уларнинг бирига тегишли ягона уй (квартира) оилавий корхонанинг устав фондига киритилиши мумкин эмас.

Оилавий корхона ягона солиқ тўловчи ҳисобланади. Бу шуни англатадики, солиқлар ва бош­қа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин уларнинг ихтиёрида қоладиган фойдага солиқ солинмайди. Агарда оилавий корхона халқ бадиий ҳунар­манд­чилиги ва амалий санъати буюмларини ишлаб чиқариш билан шуғулланса, уларни реализация қилишдан олинган тушумдан ягона солиқ тўловини тўлашдан ҳам белгиланган тартибда озод қилинади.

Оилавий корхона ташкил этишнинг яна бир қулай томони шундаки, турар-жойдан товар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш учун фойдаланилган тақдирда, коммунал хизматлар ҳақи аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда оилавий тадбиркорликни 100дан ортиқ йўналишларда ташкил этиш мумкин. Хусусан, улгуржи ва чакана савдо, умумий овқатланиш, ёғочсозлик, мебель, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, транспорт, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш каби йўналишлар шулар жумласидандир. Бозор муносабатлари, иқтисодиёт такомиллашиб бориши билан оилавий тадбиркорликнинг имкониятлари ва фаолият йўналишлари бунданда кенгайиб, такомиллашиб бориши табиий, албатта.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун қабул қилингандан кейин аҳоли орасида тадбиркорликнинг ушбу турига қизиқиш тобора ортиб бораётгани кузатилаяпти. Жойларда аҳоли вакиллари билан ўтказилаётган турли учрашув оилавий корхона фаолияти ҳақида кўплаб саволлар билан мурожаат қилишмоқда.

Маълумотларга кўра, йилнинг январь ойида республикамизда 427 та оилавий корхона рўйхатдан ўтган шу йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра эса уларнинг сони 2500 га яқинлашган. Тошкент шаҳри, Фарғона ва Тошкент вилоятларида оилавий корхоналар бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ ташкил этилмоқда.

Демак, оилавий тадбиркорликнинг афзалликларини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш масалаларида фаолликни янада ошириш талаб қилинмоқда. Бу борада, айниқса, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз, партия ташкилотлари электорат вакиллари орасида қонун мазмун-моҳиятини чуқур тушунтириш бўйича изчил фаолият кўрсатиши зарур.

Зеро, оилавий тадбиркорлик ривожланиши партиямиз дастурий мақсадлари изчил амал­га ошишига, юртимиз иқтисодиёти юксалиши ва турмушимиз фаровонлашувига хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.