12.11.2013

БАНДЛИК — УСТУВОР МАСАЛА

ЎзХДП Фарғона вилоят ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари ёшларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашга изчил эътибор қаратиб келмоқда.

Мамлакатимизда ҳар йили беш юз мингдан зиёд йигит-қиз касбли, ҳунарли бўлиб, мустақил ҳаётга қадам қўйяпти. Демак, уларни ихтисослиги бўйича ишга жойлаштириш ҳамиша долзарб вазифа бўлиб қолаверади. Уч йил давомида билим олиб, мутахассис бўлиб етишган ёшларни ишга жойлаштириш, уларнинг куч ва имкониятларидан саноат, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришда самарали фойдаланиш бўйича ЎзХДП Сайловолди дастурида қатор вазифалар белгиланган. Айни пайтда бу масала партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

2013 йилнинг дастлабки кунларидан бошлаб, Фарғона вилоятидаги 30 та касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласини ЎзХДП вилоят кенгаши ўз назоратига олган эди. Битирувчилар билан учрашувлар ўтказилди, ўқув даргоҳи — битирувчи ва иш берувчи ўртасида уч томонлама шартномалар тузилди. Битирувчи шартнома тузган корхона ёки ташкилотда амалиёт ўташи, кейинчалик айнан шу ерда иш билан таъминланишига эришилмоқда.

— 2012-2013 ўқув йилида битирувчилар 734 нафарни ташкил қилди, — дейди Бувайда агросаноат касб-ҳунар коллежи директори Маҳбубахон ­Маматова. — ЎзХДП туман кенгаши, халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари, партия фаоллари билан ўқув йили давомида мустаҳкам ҳамкорликда иш олиб бордик. Улар «Касбим — фахрим» мавзуида учрашув ва викториналар уюштиришди. Ўз бизнесини очмоқчи бўлган ёшларни танлаб, иқтисодий ўқув ташкил этилди, тижорат банклари билан ҳамкорликда лойиҳалар тузиб, танлов ғолибларига имтиёзли кредитлар олиш бўйича сертификатлар топширилди. Бундай тизимли ёндашув натижасида битирувчиларнинг 576 нафари иш билан таъминланди. Олий ўқув юртига ҳужжат топшириб ўқишга киролмаган 158 нафар, турмуш қургани учун вақтинча ишсиз бўлган собиқ битирувчиларимизни иш билан таъминлаш чораларини кўряпмиз. Бу каби яқин муносабатлар, партия­нинг ҳаётий ғоялари амалга ошаётгани туфайли коллежимиз ўқитувчи-ходимларидан 78 нафари ЎзХДП сафига аъзо бўлди.

Ойбек Имяминов, Қўқон темир йўл касб-ҳунар коллежининг битирувчиси:

— Учинчи босқичда ўқиб юрган вақтимизда машғулотларнинг бирида Фур­қат Ҳамидов иштирок этди ва мен билан суҳбатлашиб, коллежни битиргач, қаерда ишламоқчи эканим билан қизиқди. Олтиариқ вагон ювиш корхонасига операторлик вазифасига ишга таклиф этди. Мен рози бўлдим. Бу корхонада амалиёт ўтаётган чоғимда билдимки, Фурқат Ҳамидов халқ депутатлари Олтиариқ туман Кенгашида ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари экан.

Мен ҳозир оператор вазифасида ишлаяпман. Дастлабки маошимни олганимда шунчалар хурсанд бўлдимки, қувончим ичимга сиғмади. Фурқат ака ҳалигача хабар олиб туради. Шу орада мен ЎзХДП Дастури билан танишдим, хайрли ишларини кўрдим. Сўнгра шу партияга аъзо бўлдим. Корхонамиздаги бошланғич ташкилотда ҳозир 40 нафар партия аъзоси бор.

Муртазохон Исроилов, Марғилондаги «Полиграф пресс» корхонаси компьютер оператори:

— Марғилондаги саноат касб-ҳунар коллежини тугаллагач, олий ўқув юртига ўқишга кирмоқчи эдим. Синовдан ўтолмадим. Тушкун кайфиятда юрганимда, ЎзХДП Мар­ғилон шаҳар кенгашига чақириб қо­лиш­ди. У ерда депутатлар, турли идораларнинг вакиллари иштирокида иш билан таъминлаш масаласида суҳбат бўлиб ўтди. Мени «Полиграф пресс» корхонасига ишга таклиф этишди. Кўриб турганингиздек, компьютер операториман. Ишим ўзимга жуда ёқади. Касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан яна уч нафари шу ерга ишга қабул қилинди. Улар ҳам ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоларидан миннатдор.

Сакина Мамаюсупова, «Келин либослари тикувчилик ва ижарага бериш уйи» раҳбари:

— Очиғи бу қадар тез мустақил иш эгаси бўламан, деб ўйламаган эдим. Битирувчи курсда таҳсил олаётганимда, ЎзХДП фаоллари билан учрашувлар ўтказишди, иқтисодий ўқув, суҳбатлар ташкил этилди. Уларнинг ёрдами билан «Келин либослари тикиш ва ижарага бериш уйи» лойиҳасини туздик. Кейинчалик мен бу лойиҳам билан ЎзХДП Марказий Кенгаши Фарғонада ташкил этган ижтимоий-иқтисодий анжуманда иштирок этдим. «Қишлоққурилишбанк» томонидан имтиёзли кредит олиш учун сертификат берилди. Бу маблағ ҳисобига тикув машинаси ва хомашё сотиб олдим. Ҳозирда ижарага олган бинода иш юритяпман. Лекин мижозларим кундан-кунга кўпаймоқда. Энди бизнесимни кенгайтиришга қаратилган янги лойиҳа устида иш олиб боряпман.

Ҳа, вилоятда Сакина Мамаюсупова каби касб-ҳунар коллежини битириб, ЎзХДП шаҳар, туман кенгашлари, депутатлик гуруҳлари аъзолари ёрдамида ўз ишини ташкил этганлар оз эмас. Биргина ижтимоий-иқтисодий анжуманлар доирасида тижорат банклари томонидан касаначилик, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчи ёшларнинг 149 нафарига имтиёзли кредитлар олишни кафолатловчи сертификатлар топширилди. Уларга банк­лар 3 мил­лиард 492 миллион сўм кредит маблағлари ажратди. Бунинг натижасида 400 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 2012 йил ва 2013 йилнинг ўтган даври мобайнида тегишли Кенгашларнинг доимий комиссияларида 8 марта ва сессияларда 6 марта касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласи муҳокама этилди ва қарорлар қабул қилинди.

Айни пайтда партия кенгашлари ҳамда депутатлик гуруҳлари касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашга қаратилган ишларни изчил давом эттирмоқда.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.