09.11.2013

2014 ЙИЛ УЧУН БЮДЖЕТ ЛОЙИҲАСИ

ва солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари кўриб чиқилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси тақдим этган Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилга мўлжалланган Давлат бюджети лойиҳаси ва солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари кўриб чиқилди. Унда депутатлар, бир қатор вазирлик ва идораларнинг мутасаддилари иштирок этди.

Мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжатида келгуси йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, иқтисодиётни янгилаш ва модернизация қилиш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришиш, қулай инвестицион ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш масалалари қамраб олинган. Мазкур устувор йўналишлар Президентимиз томонидан жорий йил­нинг 18 январида Ҳукумат йиғилишида белгилаб берилган муҳим вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

2014 йил учун солиқ-бюджет сиё­сатини такомиллаштириш бў­йича таклиф этилаётган чора-тадбирлар амалга оширилган тақ­дирда Давлат бюджети даро­мадлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 21,0 фоизни, харажатлари 22,0 фоизни ва тақчиллиги 1,0 фоизни ташкил этиши кўзда тутилмоқда.

Мастура САЙФУТДИНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— 2014 йил учун белгиланган со­лиқ сиёсати концепциясида белгиланган чора-тадбирлар амалга ошириш натижасида, келаси йил иқтисодиётга солиқ юки ўтган йилдагига нисбатан 0,5 фоизга камайиши ку­тилади.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг моддий-техник базасини мус­таҳкамлаш ва меҳнатни рағбатлантириш учун қўшимча манба яратиш мақсадида фойда солиғининг базавий ставкасини 9 фоиздан 8 фоизга тушириш таклиф қи­линаяпти. Шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг минимал ставкаси бў­йича солиқ солиш шкаласининг энг кам ставкасини 0,5 фоизга камайтириш назарда тутилаяпти.

Хўжалик юритувчи субъект­ларга, кам даромадли фуқаролар­га солиқ юки енгиллашиши Ўзбе­кистон Халқ демократик партияси Дастурида иқтисодиётни ис­лоҳ қилиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича кўзда тутилган вазифалар амалга оши­шига хизмат қилиши билан аҳа­миятли. Фракциямиз аъзолари солиқ сиёсатидаги бундай ёндашувни тўғри деб ҳисоблайди ва бу борадаги ислоҳотларни қўл­лаб-қувватлайди.

Абдуқаҳҳор ЮСУПОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бюджет лойиҳасида ижти­моий-иқтисодий дастурларнинг амалга оширилиши, ижтимоий хиз­матлар сифати яхшиланишини изчил давом эттириш кўзда тутилган.

2014 йил учун мўлжалланган бюджет сиёсати концепциясида асосий эътибор бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлигини кучайтиришга, аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдорларини ошириш эвазига аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган. Буларнинг барчаси тўғридан-тўғри партиямиз дастурий мақсадлари ва электорат манфаатларига хизмат қилади.

Келгуси йил таълим соҳасига ажратилаётган маблағлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан жорий йилда кутилаётган 7,6 фоиз ўрнига, 2014 йилда 7,8 фоизни, соғ­лиқни сақлаш тизимида 3,2 фоиз ўрнига, 3,3 фоизни ташкил этиши режалаштирилаяпти. Бу баркамол ва соғлом авлодни шакллантириш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурларни молиялаштириш имконини беради.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар 2014 йилга солиқ-бюджет сиёсати концепциясида ва Давлат бюджети лойиҳасида мамлакатни барқарор иқтисодий юксалишнинг муҳим омили сифатида ички талабни рағбатлантиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар режалаштирилаётганини эътироф этишди.

Йиғилишда маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, ҳудудларда ижтимоий ислоҳотлар кўламини ошириш бўйича изчил чоралар кўриш кўзда тутилаётгани таъкидланди. Давлат бюджети лойиҳасида режалаштирилаётган меъёрлар мамлакатимизни барқарор ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш имкони яратилади.

Депутатлар таъкидлашича, давлат молиясини бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини янада мукаммаллаштириш, бюджетдан ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш — муҳим масала.

Шу мақсадда 2014 йил 1 январдан бошлаб Бюджет кодексини эксперимент тариқасида 2014-2015 йиллар давомида синов шарти билан амалга киритиш таклиф этилмоқда. Синов пайтида унга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

Бюджет кодексини амалга киритишдан мақсад амалиётда мавжуд зиддиятларни бартараф этишга, хусусан, замон талабига жавоб бермайдиган меъёрларни янгилашга, бюджет жараёни қатнашчиларининг ваколатларини тизимлаштиришга хизмат қиладиган ягона ҳуқуқий асос яратишдир. Мазкур қонун ҳужжатида бюджет ло­йиҳасини тайёрлаш, муҳокамадан ўтказиш, тасдиқлаш ва ижросини таъминлаш билан боғлиқ жараёнлар тўлиқ акс этиши кутилмоқда.

Тадбир якунида муҳокама этилган масала юзасидан тегишли қа­рор қабул қилинди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.