09.11.2013

«ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ

давлат ва жамият ғамхўрлигига муҳтож кишилар манфаатларига қаратилган

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш жараёнида аҳолини аниқ, манзилли ва кучли ижтимоий ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда болалар манфаатларини ҳимоялаш, айниқса, ота-она меҳридан бебаҳра қолган ўғил-қизларнинг тўлақонли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, жамиятга интеграциялашувини таъминлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишдаги ҳуқуқий кафолатлар Конституциямиз ҳамда бир қатор қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган.

Бугунги кунда васийлик ва ҳомийлик йўналишидаги ҳуқуқий муносабатлар асо­сан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Оила кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқлан­ган «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги низом» ва бошқа алоҳида меъ­ёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Аммо ушбу ҳужжатларда васийлик ва ҳо­мийликка муҳтож барча тоифадаги шахсларга нисбатан васийлик ва ҳомийликни амалга ошириш механизмлари етарли даражада очиб берилмаган.

Айни кунларда Олий Маж­лис Қонунчилик палатасида муҳокама этилаётган «Васийлик ва ҳомийлик тўғ­рисида»ги қонун лойиҳаси бу борадаги ҳуқуқий масалалар ечимига хизмат қилади. Қонун лойиҳасида васийлик ва ҳомийлик инс­титутини мустаҳкамлаш, мутасадди идора-ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда очиқ-ошкоралик­ни таъминлаш масалалари қамраб олинган. Унинг қабул қилиниши васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахс­ларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши ка­фолатини мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Дастурида ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож кишилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар ўз имкониятларини рўёбга чиқариши ва жа­мият ҳаётида иштирок этиши учун зарур шароит яратиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шундан келиб чиқиб, фракциямиз «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси таҳлилига, унинг ҳар томонлама пи­шиқ ва пухта бўлишига эътиборни кучайтирди.

Қонун лойиҳаси яқинда фракциямиз йиғилишида яна бир марта муҳокама қи­линди. Фракциямиз аъзолари васийлик ва ҳомийлик институти такомиллашиши ижтимоий ҳимоя тамойили ҳамда оила муносабатларининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланишига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлашди.

Васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ барча муносабатлар қонун лойиҳасида аниқ-равшан акс этиши, мутасадди идораларнинг вазифа ҳамда ваколатлари аниқ белгиланиши, ҳуқуқий меъёрлар турлича талқин қилинишига йўл қўйилмаслиги лозим. Партиямиз Марказий Кенгаши ва фракциямиз ҳамкорлигида қонун лойиҳаси жамоатчилик ва электорат вакиллари муҳокамасидан ўтказилганда шу масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган эди. Хусусан, Сирдарё, Тош­кент, Жиззах вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги муҳокамаларда васийлик ва ҳомийликка муҳтожликни аниқлаш, васий ва ҳомийни тайинлаш билан боғлиқ жараёнларни қонун билан тизимлаштириш зарурлиги айтилди. Фракциямиз шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини такомилига етказиш юзасидан таклифларини берди.

Васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахслар, аввало, ёрдам ҳамда қўллаб-қувватлашга, давлат ва жамиятнинг алоҳида эътиборига муҳтож кишилар эканини унутмаслик лозим. Бундай шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ келадиган қо­нун орқали ҳимоя қилиниши, васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ муносабатларнинг тизимлаштирилиши жамиятда ижтимоий бирдамлик янада кучайишида ўзига хос аҳамият касб этади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига тўлиқ мос келади ва ижтимоий муҳофазага муҳтож кишилар манфаатлари таминланишига хизмат қилади.

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.