07.11.2013

ТИНЧЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА

Президентимиз Ислом Каримовнинг МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида сўзлаган нутқи катта қизиқиш билан ўрганилмоқда

Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида мустақил, изчил ва ташаббускор ташқи сиёсат юритиб келаётган суверен давлатдир. Ўзбекистон олтмишдан ортиқ нуфузли халқ­аро ва минтақавий ташкилотлар, шу жумладан, МДҲ аъзосидир. Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини 144 мамлакат тан олган, 131 давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Дунёнинг 46 давлатида мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналари (элчихоналар, консулликлар), Тошкентда эса олтмишдан ортиқ элчихона ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Айни пайтда мамлакатимиздаги сиёсий барқарорлик ва миллий хавфсизликка рахна солиши мумкин бўлган хавф ҳамда жаҳоннинг турли минтақалари, шу жумладан, Ўзбекистон атрофида зиддиятлар кучаймоқда, қуролли тўқнашув ва низолар кескин тус олмоқда. Президентимиз Ислом Каримов МДҲ давлат раҳбарларининг Минскда бўлиб ўтган саммитидаги нутқида «бугун дунёда юз бераётган мураккаб жараёнлар, кучларни глобал ва минтақавий жойлаштириш борасидаги мураккаб ўзгаришлар, жаҳон иқтисодиётида ин­қироздан кейин кечаётган оғир давр, Ҳамдўстликка яқин ва узоқ давлатлардаги вазият ва зиддиятларнинг кескин тус олаётгани»ни алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида уч долзарб масалани кўтарди. БиринчисиМДҲнинг бу борадаги роли ва ўрнини белгилаш, истиқболи ва келажагини қандай тасаввур этишимиздан иборат. Зеро, МДҲЎзбекистоннинг муҳим иқтисодий ва сиёсий манфаатлари маконидир. Бу эса кўпгина омиллар билан боғлиқ. Президентимиз таъкидлаганидек, Ҳамдўстлик унга аъзо ҳар бир давлат учун муҳим ўрин тутмоқда. Ҳамдўстлик унга аъзо давлатларнинг изчил ривожланиши, барқарорлиги ва хавфсизлигига рахна солиши мумкин бўлган таҳдид ва хатарларга ўз вақтида, муносиб жавоб қайтариш, баҳс ва низоларни ҳал этишга қаратилган, пировард натижада собиқ иттифоқ ҳудудида фуқароларнинг ўзаро мулоқот қилиши учун мақбул ёндашув ва мувофиқлаштирилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш борасида кенг имкониятлар яратмоқда.

«Бугунги кунда тобора авж олаётган радикализм, терроризм ва жангари экстремизм мафкураси нафақат бир мам­лакат ёки муайян минтақа доирасида кенг тарқалаётгани, балки ушбу жараён миллий чегара билмаслиги ҳақи­да гапиришнинг ҳожати йўқ, — деб таъкидлади давлатимиз раҳбари. — Айнан шу сабабли МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида ҳар қандай кў­риниш ва шаклдаги терроризм ва экстремизмга йўл қўймаслик муҳитини шакллантириш, ушбу хавфли таҳдидларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишига кўмаклашадиган сабаб ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш учун биргаликда ҳаракат қилиш зарур».

Турли кўринишдаги экстремизм дунёнинг кўплаб минтақаларида барқарорликка жиддий хавф солмоқда. Диний экстремизни тарғиб қилиш бундай ташкилотлар сафига террорчиларни жалб қилиш учун мафкуравий восита вазифасини ўтамоқда. Шу боис экстремистик ташкилотлар фаолияти, биринчи навбатда, ўсиб келаётган ёш авлодга қаратилгани ҳам бежиз эмас.

Сўнгги йилларда дунёда наркотик моддаларни ишлаб чиқариш ҳажми тобора ортиб, уларни истеъмол қилиш миқёси кенгайиб бормоқда. Наркомафия катта иқтисодий салоҳиятга эга глобал кучга айланмоқда ва унинг молиявий имкониятлари дунёнинг кўплаб давлатлари бюджетидан анча юқоридир. Халқаро наркомафия беқарор ҳудудлар, янги тўқнашув ва низоларнинг пайдо бўлиши, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий кескинликнинг узоқ давом этишидан манфаатдордир. Ҳар бир беқарор, нотинч мам­лакат эса наркобизнес ва наркотрафик учун «ишончли бозор» ҳисобланади.

Терроризмга қарши курашда халқаро ҳамжамият доирасида ҳар томонлама ҳамкорликнинг глобал тизимини яратиш орқалигина амалий натижаларга эришиш мумкин. Президентимиз таъкидлайдики, бир ҳақиқат барчага аён бўлиши керак: ҳеч бир одам, ҳеч бир мамлакат бутун инсониятга хавф солаётган терроризм, радикализм ва экстремизмни таг-томири билан йўқотиш йўлидаги курашда четда турмаслиги зарур.

МДҲнинг Минск саммитида жиноятчилик ва терроризм, наркотик воситаларнинг ноқонуний айланишига қарши ҳамкорликда курашиш бўйича чора-тадбирлар дастури, шунингдек, Ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик концепциясининг қабул қилиниши, шубҳасиз, Ҳамдўстликка аъзо барча давлатларнинг узоқ муддатли хавфсизлик манфаатларига мос келади.

Иккинчи масала — бу 2014 йилнинг охирига қадар Аф­ғонистондан АЙСАФ тинчликпарвар кучларининг чиқарилиши, шак-шубҳасиз, Афғонистон билан чегарадош давлатлар ва унга яқин ҳу­дудлар учун жиддий синов бўлади.

Бугун дунёдаги аксарият мамлакатлар ва халқаро экс­пертлар ҳамжамияти афғон муаммосини ҳал этишнинг ягона йўли — бу, жафокаш Аф­ғонистон давлати муаммосининг сиёсий тинч ечимини топиш, ўзаро курашаётган тур­ли томонлар ўртасида БМТ шафелигида музокаралар ўтказиш ва муросага келиш зарур, деган хулосага келмоқда.

Ўзбекистон географик, гео­сиёсий ва геоиқтисодий омил­ларга кўра, Афғонистон билан қўшни давлатлар орасида муҳим ўрин тутади. Шу боис Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсий фаолият концепциясида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга кўмаклашиш, минтақадаги тинчлик ва барқарорликни таъминлаш муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиз Афғонистондаги зиддиятни ҳал этишга қаратилган сиёсий ва иқтисодий ечимларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этмоқда.

Мамлакатимиз Президенти ҳали 1993 йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясининг юксак минбаридан туриб, Афғонистондаги мавжуд вазият ўзаро курашаётган гуруҳлар ўртасида мулоқот ўрнатиш учун мувофиқлаштирилган халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишни талаб қилаётганини таъкидлаган эди. 1997 йилда Ўзбекис­тоннинг ташаббуси билан БМТ шафелигида «6+2» (Покистон, Эрон, Хитой, Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон ҳамда кафил мамлакатлар — АҚШ ва Россия) мулоқот гуруҳи ташкил этилди. Ушбу гуруҳ фаолияти самарасида 1999 йил 21 июлда ўзаро курашаётган томонлар иштирокида Афғонистондаги зиддиятни бартараф этишнинг асосий принциплари тўғрисидаги Тошкент декларацияси имзоланди.

Ушбу ташаббуснинг давоми сифатида 2008 йилда Ўзбекистон Президенти томонидан «6+3» мулоқот гуруҳини ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Мазкур босқичда мавжуд воқелик эътиборга олиниб, ушбу гу­руҳ таркибига қўшимча равишда НАТОни ҳам киритиш, мулоқот гуруҳи фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш вазифасини БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили зимма­сига юклаш таклиф этилди. Ушбу гуруҳнинг мақсади Афғонистонда тинчлик ва бар­қарорликка эришиш бўйича муаммони ҳал этишнинг тинч ва мақбул йўлини топиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдан иборат эди.

Ўзбекистонда Афғонистонни тиклаш бўйича қўшма ло­йиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш, хусусан, йўл қурилиши ва йўлларни таъмирлаш, электр энергетика тизими, темир йўл қурилиши, тоғ-кон саноати, таълим, мутахассислар билан алмашиш соҳасида катта тажриба тўпланган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ўзаро савдо анча кенгайди.

Мамлакатимизнинг ёрдами билан Афғонистонда кўприклар, юқори вольтли электр линиялари, оптик-толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоғи барпо этилди. Айниқса, узунлиги 75 километрдан иборат дастлабки Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлининг қурилиши алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Афғонистон би­лан қўшни давлат сифатида унинг ички ишларига аралаш­маслик, Афғонистон билан ҳамкорликни икки томонлама асосда ташкил этиш, Афғонистон халқи сайлайдиган ҳукуматга ёрдам бериш ва уни қўллаб-қувватлаш сиёсатига қатъий амал қилади, деб таъкидлади Ислом Каримов.

Яна бир муҳим масала — бу МДҲ маконида мамлакатларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашга қаратилган тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантиришдир. Ўзбекистон 2013 йил 31 май куни МДҲ доирасида Эркин савдо зонасини ташкил этиш шартномасига қўшилди. Ўзбекис­тоннинг МДҲ эркин савдо зонасига қўшилиши айни пайтда иқтисодий сиёсатнинг мақбул вариантидир. Бизнесни юритиш учун нафақат қулай ишбилармонлик муҳити, балки товарларни сотиш имконияти мавжуд бў­лиши ҳам муҳимдир.

Ўзбекистон барча давлатлар, биринчи навбатда, МДҲ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда ва чуқурлаштирмоқда. Масалан, 2012 йилда мамлакатимизнинг жами экспорти 13,1 миллиард долларни ташкил қилган бўлса, шунинг 70 фоиздан ортиғи нохомашё тайёр маҳсулотлар улушига тўғ­ри келди.

Ислом Каримов Ҳамдўстлик эркин савдо зонаси самарадорлигини ошириш учун товар оқимлари тузилмасини диверсификация қилиш, ўзаро етказиб берилаётган товарлар турларини кенгайтириш ва энг муҳими, мувофиқлаштирилган ва самарали транспорт-коммуникация ҳамда тариф сиёсатини амал­га оширишни таклиф қилди.

Президентимиз таъкидлаганидек, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган «Бизга тинчлик ва хотиржамлик керак» тамойилини амалга ошириш барчамиз учун долзарб вазифадир. Давлатимиз раҳбарининг МДҲ Минск саммитидаги нутқида ушбу ҳаётбахш ғоя ўз ифодасини топган. Зеро, тинчлик ва осо­йишталик, ҳақиқатан ҳам, бебаҳо неъматдир, иқтисодиётимизни янада тараққий эттириш, халқимизнинг турмуш даражаси ва сифатини юксалтириш, шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун мамлакатимизнинг қиёфасини ўзгартириш ҳамда ободонлаштириш кафолатидир.

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

(ЎзА)



DB query error.
Please try later.