07.11.2013

ИЖТИМОИЙ МАСАЛАЛАР САМАРАЛИ ҲАЛ ЭТИЛИШИГА ҚАНДАЙ ҲИССА ҚЎШАЯПМИЗ?

Бу савол Бухоро вилояти халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳларининг доимий диққат марказида турибди

Хўш, жорий йилнинг ўтган даврида халқ депутатлари Бухоро вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари қандай амалий ишлар олиб борди? Ислоҳотларнинг ижтимоий самарасини таъминлашда уларнинг иштироки қандай бўлди?

— Вилоятимизда ЎзХДПнинг 27 мингдан ортиқ аъзоси бор. Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 19 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида 104 нафар ЎзХДПдан сайланган депутат фаолият юритмоқда. Партиямиз ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш билан боғлиқ ишларда фаол иштирок этишга ҳаракат қилаяпти, — дейди ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Саида Жўраева. — Туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига электорат манфаатлари ҳи­моя­сига қаратилган қатор масалаларни киритаяпти. Натижада ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари атрофлича таҳлил этилиб, мавжуд камчиликларни ҳар томонлама бартараф этишга қаратилган қарорлар қабул қилинмоқда.

Масалан, жорий йилнинг ўтган 9 ойида депутатлик гуруҳларимиз 12 та масалани ўз йиғилишларида кўриб чиқди, 2 та масалани доимий комиссиялар, 8 та масалани эса сессиялар муҳокамасига киритди.

Хусусан, Бухоро шаҳар, Бухоро, Вобкент, Ромитан ва Шофиркон туманларида ҳудудларни ва соҳаларни ривожлантириш масалалари атрофлича таҳлил этилиб, маҳаллий Кенгашларнинг янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни кенгайтиришга қаратилган қарорлари қабул қилинишига эришилди.

Биз бу ишларимиз билан хотиржамликка берилиб қолмаймиз. Ҳудудлар ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган таклифларимиз ва ташаббусларимизни давом эттирамиз.

— Жорий йилнинг бошида халқ депутатлари Ромитан туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи 2013 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросини ўрганди, — дейди ЎзХДП Ромитан туман кенгаши раиси Нигина Темирова. —  Бунда Дастурда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши, фойдаланилмаётган биноларни реконструкция қилиш ҳисобига уларда маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш, шу орқали янги иш ўринлари яратиш ҳолати ва имкониятлари ўрганиб чиқилди. Ушбу масала, аввало, партиямиз депутатлик гуруҳининг ўзида батафсил муҳокама этилиб, сўнг халқ депутатлари туман Кенгаши тегишли доимий комиссияси ва сессияга киритилди.

Сессияда аҳолининг бандлик даражасини ошириш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшларни меҳнатга жалб этиш, фойдаланилмаётган бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, таъмирлаш йўли билан янги иш ўринлари очиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

Маълум бўлишича, туманда фойдаланиш самарадорлиги паст бўлган 30 га яқин бино бор. Депутатларимиз мазкур биноларда оилавий тадбиркорлик, касаначилик, тикувчилик, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини ташкил этиш, бунинг учун шу фаолият билан шуғулланиш истагида бўлганлар, айниқса, коллежни битираётган ёшлар, аёллар билан фаол иш олиб бориш, уларни қўллаб-қувватлаш зарур, деган таклифни илгари суришди. Бу таклифларнинг барчаси Кенгаш қарорида ўз ифодасини топди ва айни кунда бу борада фаол иш олиб борилаяпти.

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини кучайтиришга доир чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланган, — дейди ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Робия Козимова. — Шу сабабли ҳам йил бошида Президентимизнинг 2009 йил 1 июлдаги «2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида»ги қарорининг шаҳарда бажарилиши бўйича назорат-таҳлил ишларини олиб боришни режага киритган эдик. Ўтган давр мобайнида бу вазифа бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилди ва масала сессия муҳокамасига олиб чиқилди.

Бугунги кунда шаҳардаги 11 та шифохонанинг барчасида тор мутахассисликка эга шифокорлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Жорий йилнинг 5 ойи давомида 75 мингдан ортиқ туғиш ёшидаги аёл тиббий кўрикдан ўтказилди.

Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш юзасидан олиб борилаётган ишларни кучайтириш ва самарадорлигини ошириш бўйича махсус режа ишлаб чиқилган. Ҳар бир поликлиникада, ҳудудда истиқомат қиладиган 14 ёшгача бўлган болаларнинг рўйхати тузилган ва улар тиббий кўрикдан ўтказилган, аниқланган касалликларни даволаш бўйича ишлар олиб борилади.

Сессияда депутатлар мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан маҳаллаларда мазкур мавзуда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда изчиллик етишмаётганини таъкидлашди. Камқонликнинг салбий оқибатлари, унинг олдини олишда аҳамият бериладиган асосий жиҳатлар, озиқ-овқат маҳсулотларидаги темир моддаси ва бошқа микронутриентларнинг мавжудлиги ҳамда соғлом овқатланиш тамойиллари ҳақида фуқароларнинг хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирларни кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Бу масалалар бўйича сессиянинг тегишли қарори қабул қилинди. Айни кунда депутатлар ушбу қарор ижросини қатъий назоратга олган. Шу билан бир қаторда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш билан боғлиқ масалалар таҳлилий ўрганилаяпти.

Бирор масалани кўтариш, сессия кун тартибига киритиш  ва тегишли қарор қабул қилиниши билан муаммо тўлиқ ечим топади, деб бўлмайди, албатта. Амалий натижага эришиш учун қарор ижросини қаттиқ туриб назорат қилиш керак, зарур бўлса, кейинчалик масалага яна қайтиш мумкин.

Бухоро вилоятидаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳлари ана шу тамойил асосида фаолият кўрсатишга ҳаракат қилишаяпти. Бу эса ислоҳотларнинг ижтимоий самараси янада ортишига, партиянинг жамиятдаги мавқеи мустаҳкамланиб, электоратнинг ижтимоий ҳимояси кучайишига хизмат қилади.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида жорий йилда 229 та масала бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Ҳозирги кунга қадар партия электорати манфаатлари билан боғлиқ бўлган 77 та масала депутатлик гуруҳларининг ўз йиғилишида, 24 та масала доимий комиссияларда кўриб чиқилди. 37 та масала эса халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари кун тартибига киритилди.

 Шунингдек, ЎзХДП депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан Ҳаракат дастуридан ташқари муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган 58 та масала депутатлик гуруҳларининг ўзида, 84 та масала доимий комиссиялар йиғилишларида ва 58 та масала сессияда муҳокама этилди.



DB query error.
Please try later.