Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
07.11.2013

ИСЛОҲОТ ИСЛОҲОТ УЧУН ЭМАС, АВВАЛО, ИНСОН УЧУН, УНИНГ МАНФААТИ УЧУН

Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тўққиз ойлик якунларига бағишланган йиғилиш иштирокчилари бу тамойил ҳаётга изчил татбиқ этилаётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилди.

Қўштепа туманидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоли Абдусаттор Юнусов билан «Пахтакор» қишлоғидаги бунёдкорлик ишлари тўғрисида гаплашишга келишиб қўйгандик. Эрталаб Абдусаттор ака қўнғироқ қилиб қолди:

— Кечирасиз, учрашувни ке­йинроққа қолдирсак. Мени вилоят фаоллари йиғилишига таклиф этишган.

— Ундай бўлса Фарғонада кўриша қоламиз, — дедим мен.

— Йўқ, йиғилиш Қўштепада бўлар экан...

Ҳамсуҳбатимнинг жавоби мени ҳайрон қолдирди. Кейин билсам, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тўққиз ойлик якунларига бағишланган фаоллар йиғилиши барча туман ва шаҳарларда бир вақтнинг ўзида онлайн мулоқот тарзида ўтказилар экан.

Ҳар бир туман ва шаҳарда ҳоким, унинг ўринбосарлари, халқ таълими, ўрта-махсус касб-ҳунар таълими, тиббиёт муассасалари раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари раислари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ҳамда бошқа идора, ташкилотлар раҳбарлари йиғилди. Вилоят ҳокимлиги мажлислар залида эса вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари, депутатлар, вилоят ташкилотлари раҳбарлари ҳамда тармоқлар мутасаддилари билан бирга Вазирлар Маҳкамаси ва республика вазирлик ҳамда идораларининг масъул ходимлари ҳам ҳозир бўлди. Йиғилишда эришилган натижалар, камчилик ва муаммолар, олдинда турган режалар очиқ муҳокама қилинди.

Йиғилишда одатдагидек расмий ҳисобот, мутасаддилар маърузалари бўлмади. Дастлаб вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев «Обод турмуш йили» Давлат дас­тури ижроси тўғрисида қисқача тўхталди. Жорий йилнинг 9 ойида вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 9,4 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 7,9 ­фоизга, шу жумладан, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 8,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 8,3 фоизга, чакана товар айланмаси 15,3 фоизга ва хизматлар кўрсатиш 21,4 фоизга ўсгани таъкидланди. Хорижий инвестициялар ҳажми 232,3 миллиард сўмни ташкил этиб, 4,6 мартага кўпайди. 380 та янги ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди.

«Обод турмуш йили» Давлат дас­тури асосида аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ишини яхшилаш чора-тадбирлари кўрилди. Давлат дас­тури доирасида жорий йилда барча манбалар ҳисобидан 596,4 миллиард сўм, режага нисбатан 132 фоиз ҳамда 71 миллион доллар, режага нисбатан 131 фоиз маблағ ўзлаштирилди. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 1 миллион 669 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг 9 ­ойига нисбатан ўсиш 107,8 фоизни кўрсатди.

Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросига энг устувор вазифалардан бири сифатида ёндашилди. 2013 йилнинг 9 ойида яратилган 72,8 мингта янги иш ўрнининг 52,4 мингтадан ортиғи ёки 72 фоизи қишлоқ жойларида ташкил этилди.

Жаҳон талаблари даражасидаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, улар турини кўпайтириш ва янги бозорларни ўзлаштириш туфайли экспорт ҳажми 341,1 миллион долларга етди. Биргина ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан 109 миллион долларга тенг экспорт амалга оширилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 2 марта ўсишга эришилди.

Вилоят ҳокими ўз ахборотининг сўнгида батафсил маълумотлар билан ҳокимлик веб сайтида танишиш мумкинлигини ҳам қўшиб қўйди.

Сўнгра жойлардан йиғилиш иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Йиғилишни онлайн тарзида ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам шу эди аслида.

Сўзга чиққанлар ҳақиқатан ҳам Обод турмуш йилида Юртбошимиз эътибори туфайли вилоятда катта тарихий ишлар амалга оширилаётгани, одамлар турмуш фаровонлиги юксалиб бораётганини таъкидлашди.

Вилоят ташкилотлари ва мутасадди идоралар раҳбарларига жойлардан кўплаб саволлар тушди.

Зокиржон ЗОҲИДОВ халқ депутатлари Риштон туман Кенгаши депутати, ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси:

— «Фарғона халқа йўли»нинг 268-274 км қисмини тўла таъмирлаш ишлари бошланиши яхши бўлди-ю, лекин охирига етказилмади...

Ҳасанбой КЕТМОНОВ, «Фарғонаавтойўл» бўлим бошлиғи:

— Бу ишга маблағ ажратиш масаласи ҳал бўлган. Таъмирлаш ишларини тез кунда бошлаймиз. Фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиманки, тадбиркорлар магистрал йўл четида лойиҳалаштирилган хизмат кўрсатиш объектлари қурилишини бошлашлари мумкин.

Зокиржон БЕГМАТОВ, Фур­қат туманидан:

— Туманимизда «Ўзбеккўмир» ДАЖ дестрибютерлик марказининг филиали йўқ. Аҳоли зарур ҳолларда кўмир излаб бошқа туманларга боришига тўғри келади. Бизнинг туманимизда ҳам битта филиал очилса, одамларга анча қулайлик яратилган бўларди.

— Ҳозир вилоятда Фарғона дес­трибютерлик марказининг 6 та филиали кўмир етказиб бермоқда, — деди вилоят ҳокими. — Сиз муҳим масалани қўяяпсиз. Бундай филиаллар ҳар бир туманда бўлиши шарт. Мени тинглаётган ҳокимларга топшириқ шундай: дестрибютерлик маркази филиали бўлмаган туманларда бир ҳафта муддат ичида бўш турган бино, ёпиқ майдонлар топиб, дестрибютерлик маркази филиалини ташкил қилиш, аҳолига барча қулайликларни яратиш керак. Бу ҳақда шу бугуноқ ёзма кўрсатма ҳам оласизлар.

Берилаётган саволларнинг айримлари кичик масаладек туюлса-да, раҳбарлар уларнинг ҳар бирига тўлиқ жавоб қайтаришга ҳаракат қилди. Чунки, уларнинг ечими аҳолининг кундалик ҳаёти ва кайфиятига бевосита таъсир кўрсатиши мумкинлиги инобатга олинди. Тошлоқдан Абдукарим Соғиндиев қишлоқ кўчаларини янгидан асфальт қилиш, Бувайдадан Валижон Ҳайдаров туман марказидан олисдаги қишлоқларда «Тез тиббий ёрдам» шохобчасини очиш, Ёзёвондан Олимжон Эминов касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича мутасадди раҳбарларнинг масъулиятини ошириш каби мавзулар юзасидан савол берди, ўз таклифларини билдирди.

Вилоятда ижтимоий соҳада бир қатор дастурлар амалга оширилаяпти. Масалан, жорий йилда 5,9 миллиард сўм маблағ ҳисобига 103,4 км шаҳар, посёлка ва ички хўжаликлараро йўллар таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 166,5 км, жумладан, республика бюджети маблағлари ҳисобидан 68 та қишлоқ аҳоли яшаш пункти учун 8,8 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 57 та ичимлик суви қудуғи қазилди ва 41,7 км ичимлик сув тармоқлари тортилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада 152 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Лекин фаоллар билан бўлган жонли мулоқот ҳали эътиборталаб масалалар ҳам оз эмаслигини кўрсатди.

Бу йил вилоятда 59,2 минг нафар ўқувчи касб-ҳунар коллежларини битирди. Уларнинг 73,3 фоизи иш билан таъминланган. Бувайда, Бешариқ, Қува, Риштон, Данғара, Бағдод туманларида битирувчилар тўлалигича иш билан банд этилмаган. Қанча бўш иш ўринлари бўла туриб Фарғона, Қўқон ва Марғилон шаҳарларида ҳам кўпгина битирувчилар иш излаяпти.

Демак, битирувчи — коллеж — корхона ўртасидаги уч томонлама шартнома ижросини назорат қилиш ишларини такомиллаштириш, бўш иш ўринлари ярмаркаларини туманларда, марказлардан олис ҳудудларда кўпроқ ўтказиш тўғрисида ўйлаб кўриш лозим. Шу ўринда 2013 йилда фаолиятининг энг устувор йўналишини янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига қаратишни белгилаб олган Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари ҳам бу борада янада кўпроқ ташаббуслар билан чиқиши талаб этилади.

Йиғилиш онлайн усулида ўтгани туфайли иштирокчилар ўзларини безовта қилган барча саволларга қониқарли жавоб олишганидан мамнун бўлди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Адҳам Икромов иштирок этди.

— Битта масалани ҳал қилиш учун бир неча идоралар эшигини таққиллатган кунларимиз ҳам бўлган, — дейди Абдусаттор Юнусов. — Буни қаранг, муаммони айтасан, шу заҳотиёқ ё ечим топилади, ё жўяли жавоб оласан. Мен кўтарган масала ҳам ҳал этиладиган бўлди. Бундай очиқ мулоқотлар давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари билан халқни янада яқинлаштиради, жойларда учрайдиган масалаларни аҳоли билан биргаликда муҳокама қилишга, муаммоларни ҳал қилишда оддий фуқаролар ҳам фаол иштирок этишини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.