07.11.2013

«ЎЗБЕК ТИЛИДА ҚЎШИҚ КУЙЛАШ НИЯТИМ БОР»

Бу «Шарқ тароналари» IX халқаро мусиқа фестивали махсус мукофоти совриндори эстониялик Триину Таулнинг сўзлари

— Менинг энг ёрқин хотираларим такрорланмас архитектура ва юртингизда истиқомат қилувчи очиқкўнгил инсонлар билан боғлиқ, — дейди у. — Ўзбек меъморчилигида менга маъқул бўлган жиҳат — бинолар ўртасида ўх­шашлик деяр­ли йўқ.

— «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали сизда қандай таассурот қолдирди?

— «Шарқ тароналари» фес­тивали биз учун катта тажри­ба мактаби бўлди. Бу ердаги иштирок мендаги шижоатни оширди. Самарқандда ўзимизнинг миллий куй-қўшиқларимизни тақдим этдим. Бу ҳар қандай миллат вакили учун ўта муҳим воқеа. Сиз бундай ҳолатда халқингиз ма­данияти ва санъатидаги энг яхши жиҳатларни кўрсатишга интиласиз. Нуфузли фестивалда дунёнинг элликдан ортиқ мамлакатидан келган санъаткорлар иштирок этди. Уларнинг чи­қишини диққат билан кузатдим. Куй-қў­шиқларини тингладим. Турли миллатларга хос бўлган маданиятни, анъаналарни кўр­дим, ўргандим.

Ўзбекистонда маданият жу­да яхши шаклланган. Санъат­да ўзига хос анъаналар кўз­га ташланади. У ердан ажойиб таассуротлар билан қайтдим.

— Самарқанд ҳақидаги фикрларингиз?

— Самарқанд архитектураси чиройли ва ўзига хос. Шаҳарнинг тарихий илдизлари жуда чуқур. Самарқанд жаҳон илм-фани тараққиётида муҳим роль ўйнайди. Масалан, астрономия фанининг ривожланишида Самарқанд олимларининг ҳиссаси беқиёслиги мени ҳайратлантирди.

Шундай жойлар борки, улар фақат суратларда чиройли кўринади. Борганингизда аслида бундай эмаслиги билиниб қолади. Ўзбекистон сийрати ҳам, сурати ҳам гўзал мамлакат экан.

— Ўзбек халқи ҳақида нима дея оласиз?

— Ўзбекларнинг қўли очиқ экан. Меҳмондан ҳеч нарсани аямайди. Бундан ташқари, санъатсевар халқ. Улар билан суҳбатлашиш, биргаликда куйлаш ва рақсга тушиш менга жуда ёқимли бўл­ди. Бир воқеани эсга оламан: сафар давомида менинг дудкам (сурнай) йўқолиб қол­ди. Гуруҳимиз раҳбари ян­гисини излашга тушди. Бу ҳо­латдан ха­бар топган самар­қандлик уста қисқа фурсатда менга ўзимникидан қо­лишмайдиган дудка ясаб берди. Унинг маҳоратига қо­йил қолдим. Бу мусиқий асбобдан фестиваль да­­вомида фойдаландим. Ҳали-ҳануз ўша устадан миннатдорман. У ясаб берган дудка менинг коллекциямдан жой олди.

Менга ўзбек миллий санъа­ти ва рақслари жуда ёқди. Рассомлар асарларини ҳам кўздан кечирдим. Улар ҳақи­қий профессионал ижодкорлиги билан ёдимда қолди.

Ўзбекистонга бориш имкони яна пайдо бўлса, жон деб борар эдим. Кейинги сафар Ўзбекистон маданияти билан яқиндан танишмоқчиман. Ўз­бек миллий санъатини чуқурроқ ўрганиб, ўзбек тилида қў­шиқ куйлаш ниятим бор.

— «Шарқ тароналари» фестивалида мукофотлардан бирини қўлга киритдингиз...

— Мени ғолиблар қа­торида эълон қилишганида дастлаб ҳайратимни яшира олмадим. Хурсандчилигимнинг чеки йўқ. 53 давлатдан келган санъаткорлар ичида мукофотланиш фахр, албатта.

Президентингиз Ислом Каримов фестивалнинг очилиш маросимида шахсан қатнашиб, Ўзбе­кистонда маданият ва санъат қанчалик қадрланишини жаҳон кўз олдида кўрсатиб берди. ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова фестивалда қилган маърузасида маданият ва санъат қандайдир қобиқ ичида ривожланмаслигини, тараққий этолмаслигини алоҳида қайд этди. У ўзаро маданий алоқалар натижасида гуллаб-яшнашини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистонда мусиқа санъати ривожи борасида катта ишлар қилинаётгани, айниқса, болалар муси­қа ва санъат мактаблари очилаётганини эътироф қилди.

Самарқандда ўтган қисқа муддатда нафақат Ўзбекистондан, балки дунёнинг турли бурчакларидан келган санъаткорлардан дўстлар орт­тирдим. Шу жиҳати билан ҳам «Шарқ тароналари» менинг ҳаётимда, ижодимда му­ҳим ўрин тутади.

— Ўзбекистон халқига тилакларингиз?

— Сизларга доимо севги, гўзаллик ҳамроҳ бўлсин. Бир-бирингизни, оилангизни асранг.

«Ўзбекистон овози»

мухбири Темур АЪЗАМ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.