05.11.2013

БИТИРУВЧИЛАР КЕЛАЖАГИ, ЁШЛАР ТАҚДИРИ УЛАРНИНГ БАНДЛИГИ ТАЪМИНЛАНИШИГА БОҒЛИҚ

Ҳар йили мамлакатимизда ярим миллионга яқин йигит-қиз касбунар коллежларини тамомлаб, меҳнат бозорига кириб келади. Уларни эгаллаган мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, ёш кадрларнинг ишлаб кетиш кафолатини мустаҳкамлаш, иш ўринларининг барқарорлигини таъминлашга давлатимиз сиёсатининг муҳим устувор йўналиши сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртимизда меҳнат ресурслари юқори суратларда кў­пайиб бораётган ҳозирги шароитда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш юзасидан қатор чо­ра-тадбирлар белгиланган.

Дастур ижросидан манфаатдор ЎзХДП фракцияси битирувчилар бандлиги таъминланиши бўйича мунтазам равишда парламент назоратини олиб бормоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда Дастурнинг ҳар бир ҳудудда самарали ижро этилишига ҳаракат қилаяпти. Шу тариқа битирувчиларни ишга жойлаштиришда юзага келаётган камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф қилиш чоралари кўрилаяпти.

ЎзХДП фракцияси ташаббуси билан яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Дастур ижроси бўйича ўтказилган парламент эшитувида ҳам бу масала атрофлича муҳокама этилган эди. Депутатлар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Актам Хаитовнинг тегишли ҳисоботи асосида коллеж битирувчиларини ўз мутахассислигига мувофиқ тарзда ишга жойлаштириш, истиқболда бу борадаги самарадорликни янада ошириш масалалари юзасидан ҳукумат аъзоларига ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Парламент эшитуви жараёнида 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дастури асосида касбунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш ҳолати, ечимини кутаётган масалалар атрофлича таҳлил қилинди.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг таъкидлашича, касбунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш учун биринчи навбатда меҳнат қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар орқали яратилган имкониятлардан кенг фойдаланиш, коллеж-корхона ҳамкорлигини янада такомиллаштириш, яъни битирувчиларнинг ишга жойлашишини олдиндан кафолатлаш зарур. Шунингдек, коллеж битирувчиларини барқарор иш ўринлари билан таъминлаш, коллежлар ихтисослигини ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари ривожига қараб мослаштириб бориш, меҳнат ярмаркаларини барча ҳудудларда тизимли ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Алоҳида айтиб ўтиш жоизки, мамлакатимизда истиқболи порлоқ соҳа ва тармоқларда янги иш ўринлари яратишга, барқарор иш жойларига кўпроқ ёшларни, биринчи галда битирувчиларни жойлаштиришга алоҳида эътибор берилаяпти. Хусусан, жорий йилда саноат, ишлаб чиқариш корхоналарида ўтган йилга қараганда қарийб 1,5 баробар кўп иш ўрни яратилади. Мазкур иш жойларида маҳаллий ёшлар, аввало, коллеж битирувчилари ишлаши кўзда тутилмоқда. Бунинг учун кадр­лар тайёрлашда иқтисодиёт ривожи, меҳнат бозори талаб­ларига эътиборни янада кучайтириш лозим бўлади. Шу мақсадда 2013-2014 ўқув йи­ли бошланишидан аввал мамлакатимизнинг турли ҳудуд­ларидаги 26 та касбунар коллежи қайта ихтисослаш­тирилди.

Депутатлар коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлаш, бу борада мутасадди идоралар, иш берувчи­лар масъулияти ҳамда жавобгарлигини кучайтириш мақсадида меҳнат қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қў­шимчаларга риоя қилиниши зарурлигини таъкидлашди.

Коллеж битирувчилари банд­лигини таъминлаш кўп жиҳатдан мутасадди вазирликлар, маҳаллий ҳокимликлар, корхона-ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятига боғлиқ. Коллежни тамомлаган орзу-умидли ёшлар қаерда, қандай шароитда иш бошлаши уларнинг ҳаётга муносабати шаклланишида муҳим ўрин тутади. Шу боис Давлатимиз раҳбари ёшларни иш билан таъминлаш бўйича мутасадди идора-ташкилотлар раҳбар­ларининг масъулиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратаяпти.

Вазирликлар, маҳаллий ҳокимликлар, таълим муассасалари ҳамда корхона-ташкилотлар раҳбарлари зиммасига бу борада аниқ вазифалар қўйилаяпти. Мақсадёшлар эътиборсиз қолмасин, турли идораларнинг эшигини та­қиллатиб, иш қидириб, сарсон бўлмасин, катта ҳаёт остонасида умидсизликка тушмасин.

Улуғбек ВАФОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари:

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастурининг ижроси ҳамда касбунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш юзасидан ҳукумат томонидан олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолайди.

Узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар, инқирозга қарши кўрилган чора-тадбирлар натижасида юртимизда иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари таъминлаб келинмоқда. Инвестиция, маҳаллийлаштириш ва бошқа қатор мақсадли дастурларнинг амалга оширилиши иш ўринлари кўпайишига ҳамда ёшлар бандлигини таъминлашга мустаҳкам замин яратмоқда.

Қатор йиллар давомида Парламент даражасида қабул қилинаётган иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури муваффақиятли бажариб келинаяпти. Дастур асосида таълим муассасаларини битираётган ёшлар эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминланаётгани, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлаётгани кучли ижтимоий сиёсат тарафдори бўлмиш Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари амалга ошишига хизмат қилади.

Гулноза ЭРНАЗАРОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Фракциямиз аъзолари жойларда ўтказган ўрганиш натижалари натижалари шуни кўрсатадики, айрим ҳолларда ташкилот, коллеж ва битирувчи ўртасида тузилган уч томонлама шартномага асосланиб, коллеж ўқувчи ишга қа­бул қилинган, деб маълумот берилмоқда. Жойларга чиқиб ўрганилганда, баъзи ҳолларда битирувчилар ишга жойлашмагани маълум бўл­моқда. Яъни, шартномалар юзаки тузилаяпти. Жойларда бундай ҳолатларни ҳисобга олиш, тегишли чоралар кў­риш бўйича механизм мавжуд эмас. Ушбу ҳолатлар вазиятни тўғри таҳлил қилиш, коллеж битирувчиларини иш­га жойлаштириш бўйича ўз вақтида самарали чоралар ишлаб чиқишга салбий таъсир этмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси бундай камчиликларнинг олдини олиш, битирувчиларни ўз мутахассислиги бўйича ишга жой­лаштиришнинг самарадорлигини янада ошириш мақ­садида корхона — коллеж — битирувчи ўртасида тузиладиган уч томонлама шарт­номанинг янги — намунавий шаклини тасдиқлаб, амалиётга жорий қилиш керак, деб ҳисоблайди.

Мазкур шартномаларда кол­леж битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича коллеж ва иш берувчи корхона раҳбарларининг мажбуриятларини аниқ белгилаб қўйиш, уч томонлама шартнома асосида ишга қабул қилиниб, сўнгра бўшатиб юборилган коллеж битирувчилари тўғрисидаги маълумотларни ташкилотлар томонидан меҳнат органларига тақдим этиш ме­ханизмини ишлаб чиқиб, ама­лиётга жорий қилиш лозим.

Ҳафиза КАРИМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Фракциямиз иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури доирасида коллеж битирувчиларини мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш юзасидан парламент назорати мунтазам ва тизимли равишда ўрнатилишини жуда муҳим, деб ҳи­соблайди.

Дастур ижроси юзасидан тақдим этилган маълумотлардан кўриниб турибдики, 2013 йилнинг биринчи чорагида 6 та, иккинчи чорагида 4 та туманда дастурнинг айрим йўналишлари бўйича прогноз кўрсаткичлари бажарилмаган. Бунга аксарият ҳолларда жойларда корхоналарга бино, ер ажратиш, кредитлар олиш, хомашё таъминоти, коммуникацияларга уланиш муаммолари ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар томонидан ўз вақтида ҳал этилмаётгани асосий сабаб бўлмоқда. Бу ҳолат битирувчиларни мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштиришга, долзарб вазифа бўлган ёшлар бандлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатади.

Шунинг учун Бандлик дастури ижросида Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг биргаликдаги иштирокини янада кучайтириш, нафақат парламент назорати, балки маҳаллий вакиллик ҳокимияти назоратини ҳам изчил олиб бориш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Бизнинг фикримизча, Дастур ижросини ҳар ой якуни бў­йича туман, шаҳар ҳокимликлари қошидаги доимий ишчи комиссия йиғилишларида тан­қидий муҳокама этган ҳол­да, йўл қўйилаётган муаммо ва камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш чораларини кўриш зарур.

ЎзХДП депутатлик гуруҳлари ўз фаолиятида бу масалага алоҳида эътибор билан қараяпти. Жорий йилнинг биринчи ярмида бандлик Дастури ижроси партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси асосида 20 та маҳаллий Кенгаш сессиясида муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинган. Коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш ЎзХДП учун принципиал аҳамиятга эга. Шунинг учун партия фракцияси, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари мазкур жараёнда доимий равишда фаол иштирок этиш­га ҳаракат қилмоқда.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.