31.10.2013

ЁШЛАР БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

ижтимоий барқарорликнинг муҳим шартидир

Жаҳонда рўй бераётган молия­вий-иқтисодий инқироз кўплаб мамлакатларда ишсизлик даражаси кескин ошиб кетишига ва жиддий ижтимоий-иқтисодий муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Инқироз оқибатини юмшатиш мақсадида Халқ­аро Меҳнат Ташкилотининг сессиялари (2009-2011 йиллар)да берилган тавсиялар асосида ҳо­зирда кўпгина давлатларда аҳо­ли бандлигини таъминлаш бў­йича миллий дастурлар қа­бул қилиш масаласи муҳокама этилмоқда. Халқаро Меҳнат Ташкилотининг жорий йил июнда бў­либ ўтган 102-сессиясида ёшлар бандлиги масаласи кун тартибига алоҳида киритилиб, барча мамлакатларда бу соҳада мақсадли чораларни кўриш тавсия этилди. Бугунги кунда дунё­да ёшлар банд­лигини миллий ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий дас­турларга қўшиш ҳаракатлари бошланган.

Улардан фарқли равишда бизнинг мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб аҳоли бандлигини таъминлашга жид­дий эътибор қаратилмоқ­да. Узоқни кўзлаб амалга ошири­лаётган ислоҳотлар, ин­қирозга қарши чоралар натижасида иқ­тисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари таъминланаяпти. Инвестиция, маҳаллийлаштириш ҳам­да бошқа қатор мақсадли дастурларнинг амалга оширилиши, молия ва банк тизимининг барқарорлиги иш ўринлари кўпайишига, ёш­лар бандлигини таъминлашга мустаҳкам замин яратиб бермоқда.

Мустақиллик йилларида қабул қилинган Меҳнат кодекси, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиё­сатининг асослари тўғрисида»ги қонунлар ёшларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳи­моя қилишнинг ҳу­қуқий асосларини мустаҳкамлади.

Кейинги йилларда Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури парламент даражасида қабул қилиниб, муваффақиятли ижро этиб келинмоқ­да. Ушбу дастур доирасида яратилаётган иш ўринларининг ярмидан зиёди айнан таъ­лим муассаса­лари­ни битираётган ёшлар учундир. Масалан, 2013 йилнинг 6 ойида республика бўйича жами 554,4 минг ёки режага нисбатан 14 фоиз кўп иш ўрни ташкил этилди. Унинг 309,5 мингтаси ёки 55,8 фоизини ёшлар, би­ринчи нав­батда, касб-ҳунар коллежларини битирганлар банд этди.

Мамлакатимиздаги бундай ижобий тажриба, яъни бандлик Дастурини парламент тасдиқлаши амалиёти ҳеч бир давлатда учрамайди. Юртимизда олиб борилаётган чуқур ислоҳотларнинг ажралмас қисми бўлган мазкур Дастур нафақат аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш, балки мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий барқарорлигини мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш чора-тадбирлари улар ўқишини тугатганидан кейин эмас, балки ундан ан­ча олдин кўрилаётгани, айниқса, муҳимдир. Коллеж-корхона ҳамкорлигини йўлга қўйиш, битирувчиларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, бўш иш ўринлари ярмаркаларини тизимли ўтказиш, иш берувчиларга берилган имтиёзлар, ёшлар ўз ишини ташкил этишига кў­маклашиш, имтиёзли микрокредитлар ажратиш каби тадбирлар амалда ўз самарасини бераяпти.

Коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришда захира қилинган (квота) иш ўринларидан ҳам кенг фойдаланилаяпти. Жорий йил битирувчилар учун 55,3 мингта иш ўрни тегишли корхона ва таш­килотларда ҳокимларнинг қа­рорлари билан захира қилинган. Шу орқали битирувчилар, асосан, ўз мутахассислиги бўйича яхши хақ тўланадиган ва муқим иш ўрнига жойлашмоқда.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаш­тиришда яна бир муҳим йў­налиш бу — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 июлдаги Фар­мо­нида белгиланган имтиёзлардан кенг фойдаланишдир. Маз­кур ҳужжатга асосан кичик корхоналар ва микрофир­малар ўз фаолиятини кен­гайти­риб, очиладиган янги иш ўрин­ларига муайян миқдорда касб-ҳунар коллежлари би­­тирувчиларини қабул қилса, улар учун қонунчиликда кўзда тутилган имтиёзлар сақлаб қолинади. Жорий йилда мазкур имтиёзлардан фойдаланиб, 8 мингдан зиёд кичик кор­хона ва микрофирма таълим муассасалари битирувчиларини ишга қабул қилиш юзасидан чоралар белгилаган.

Аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш ва меҳнат муносабатларини такомиллаштириш мақсадида «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонун ва Меҳнат кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Тегишли қонунлар лойиҳалари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама эти­лаётган вақтда ЎзХДП фракцияси томонидан партия элек­торати манфаатларидан келиб чиқиб, қатор таклифлар билдирилди ва ушбу таклифлар қабул қилинди. Уларга биноан Меҳнат кодексига ёшларнинг бандлигини таъминлаш, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар киритилди.

«Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонунда коллеж битирувчилари учун мақбул келадиган ишларнинг мезонлари аниқлаштирилиб, таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш тўғрисида алоҳида модда киритилди ва бу борада иш берувчиларнинг масъулияти белгиланди. Ушбу ўзгартишлар ёшларни иш билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури жойларда сўзсиз ижро қилиниши устидан тизимли равишда депутатлик ва парламент назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қа­ратмоқда.

Мисол учун, 2011-2012 йил­лар давомида маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гу­руҳларимиз ташаббуси билан партия Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари кўмагида Дастур ижросига оид масала депутатлик гуруҳларида 51 марта, маҳаллий Кенгашлар доимий комиссияларида 28 марта ҳам­да шаҳар, туман ва вилоят Кенгашлари сессияларида 28 марта муҳокама қилинди.

2013 йилнинг биринчи ярмида эса бу масала ЎзХДП депутатлари ташаббуси билан маҳаллий Кенгашларнинг 20 та сессиясида кўриб чиқилган. Қатор йиллар давомида ЎзХДП фракциясининг ташаббуси билан Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича парламент эшитувлари ўтказиб келинмоқда.

Бандлик дастури ижросида ЎзХДП депутатлик корпусининг ўрни фақат назорат ўрнатишдангина иборат эмас. Янги иш ўринлари яратиш жараёнларида барча депутатларимиз фаол иштирок этаяпти. Мисол учун, партия­миз Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида ўтказилган иж­тимоий-иқтисодий анжуманлар орқали янги иш ўринлари яратилмоқда.

Янги иш ўринлари яратиш билан боғлиқ дастурлар — бу қотиб қолган, ўзгармас ҳужжат эмас, балки вазият ва талабдан келиб чиқиб, ўзгарти­риш мумкин бўлган очиқ дас­турлардир. Шунинг учун жойлардаги имкониятлардан келиб чиқиб, ЎзХДП Марказий Кенгашининг ҳар томонлама кўмаги билан депутатлик гуруҳларимиз туман ва шаҳарлар инвестиция дастурларига қўшимча муқобил лойиҳаларни киритиш борасида ҳам самарали иш олиб бормоқда. Бунинг натижасида қў­шимча иш ўринлари яратилишига эришилмоқда.

Эътироф этиш керакки, Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури йилдан-йилга такомиллашиб бораяпти. Депутатларимиз билдирган таклифлар мазкур дастур парламент томонидан кўриб чиқилаётганда инобатга олинмоқда. Бу, ўз навбатида, партиямиз электорати ҳисобланган қатлам ва ёш­ларни иш билан таъминлашда янада кенг имкониятлар яратмоқда.

Назира МАТЯКУБОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.


DB query error.
Please try later.