31.10.2013

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ ЖАМИЯТДАГИ ЎРНИ

ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштирокига боғлиқ

Ўзбекистон ХДП «Фаол аёллар» қаноти хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш мақсадларини кўзлаб, изчил фаолият юритиб келмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Ижтимоий-иқтисодий фаоллик ошиши натижасида ҳар бир аёл ўз истеъдоди ва қобилиятини кенг намоён этади, оиласи фаровонлиги учун сидқидилдан меҳнат қилади, танлаган соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшади. Шу тариқа жамиятда хотин-қизларнинг ўрни мустаҳкамланиши Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига мос келади.

ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти 2006 йилдан буён фаолият юритиб келаяпти. Партия аъзоларининг 160 минг нафардан ортиғи, яъни 42 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. 2009 йилги сайловлар натижаларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига партиямиздан 8 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ҳамда вилоят Кенгашларига 42, туман ва шаҳар Кенгашларига эса 416 нафар хотин-қиз депутат этиб сайланган. Олий Мажлис Сенати аъзолари бўлган аёлларнинг 5 нафари ЎзХДП фаолларидир.

Ҳафиза АЗИМОВА, «Фаол аёллар» қаноти Самарқанд вилоят бўлими етакчиси:

— Бугун жамиятнинг бирор соҳаси йўқки, унда хотин-қизларнинг иштироки бўлмаса. Вилоятда қанотимиз ташаббуси билан «Бибихоним» ва «Аёл депутатлар» клублари ташкил этилган. Унда давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизлар иштирокини кучайтириш, партиядошлар орасидан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар тайёрлаш, кадрлар билан ишлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида интерфаол усулларда мунтазам равишда давра суҳбати, семинар-тренинглар ўтказилмоқда. Мазкур тадбирлар аёлларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиш имконини кенгайтиради.

Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш борасида депутатлар ваколатларидан самарали фойдаланишга ҳам жиддий эътибор қаратаяпмиз. Жорий йилнинг ўтган даврида туман ва шаҳар партия кенгашлари Жамоатчилик қабулхоналарига хотин-қизлардан 188 та мурожаат тушди. Шундан 160 таси тегишли ташкилот ва идоралар кўмагида ижобий ҳал қилинди. Бу каби амалий ишлар натижасида партиянинг ғояларини қўллаб-қувватлайдиган хотин-қизлар сафи кенгайиб бораяпти.

Барно СОЛИЕВА, «Фаол аёллар» қаноти Андижон вилоят бўлими етакчиси:

— Вилоятимиз бўйича пар­тиямизга аъзо хотин-қизлар бугунги кунда 10 минг нафардан ошди. Бу уларнинг ижтимоий-иқтисодий, шу билан бирга, сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги юксалиб бораётганини кўрсатади.

Мамлакатимизда аёллар ўз иқтидорини рўёбга чиқариши, орзу-ниятига эришиши учун етарли шарт-шароит яратилган. Улардан қай даражада фойдаланиш эса ўзимизга боғлиқ. Агар аёл ўзининг жамиятдаги ўр­нини англаса, қобилиятини намоён эта олса, ҳаё­тидан мамнун бўлиб яшайди.

Бўз туманидан Тўхтахон Тешабоева қанотнинг энг фаол аъзоларидан. У илгари оддий сотувчи бў­либ ишлаган. Ҳозирда миллий каштачилик билан шуғулланади. Ўтган йили гилам тўқиш цехини ишга туширди. Натижада қишлоқнинг 30 нафар аёлини иш билан таъминлади. 14 нафар шогирдига ўз ҳунарини ўргатаяпти. Биз бугун ҳар соҳада фаол бўлган ана шундай аёлларнинг таж­рибасини кенг тарғиб этаяпмиз.

Дилноза ЎРИНБОЕВА, «Фаол аёллар» қаноти Наманган вилоят бўлими етакчиси:

— Бугунги тараққиёт на­тижасида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервиснинг янги-янги йўналишлари шаклланмоқда. Уларда фаолият юритаётган аёллар са­фи кенгайиб бормоқда. Бу ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон маҳсулотлар билан тўл­дириш, аҳолининг бандлиги ва турмуш даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида Бандлик дастури асосида вилоятимизда 15516 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди. Биз бу жараёнда ҳамкор ташкилотлар билан бирга ўз ҳиссамизни қўшишга, қў­шимча иш ўринлари очишга ҳаракат қилаяпмиз. Хусусан, «Мус­таҳкам оила — жамият таянчи» лойиҳаси доира­сида ўт­казилаётган амалий семинарларда аёлларнинг иқти­содий ва ҳуқуқий билимини ошириш, уларни оилавий тадбиркорлик ва касаначилик фаолиятига жалб этишга эътибор берилмоқда.

Биргина мисол. Чортоқ туманидан Хуршида Раҳматуллаева ўз уйида зардўзлик тикув хонасини ташкил этган. Коллежда таҳсил олаётган ўқувчи қизларга дарсдан бўш вақтларида ва таътил даврида ҳунар ўргатади. Яқинда туманда аёллар қўл меҳнати билан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилди. Кўргазма давомида Хуршида уйининг туман марказидан йироқлиги, бу шогирдла­рига ноқулайлик туғдираётгани, яқинроқдан жой ажратилса, мақсадга мувофиқ бў­лишини билдирди. Ҳамкор ташкилотлар ёрдами билан унга жой ажратиб беришга эришдик.

Энг муҳими, ташаббуслари қўллаб-қувватланаётган хотин-қизларнинг фаоллиги яна­да ортиб, партиямиз ғояларини амалга оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Басандабону ЖАЛИЛОВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.