31.10.2013

ҲУЖЖАТЛАР АРХИВ ФОНДЛАРИГА ТОПШИРИЛМОҚДА

Президентимизнинг 2013 йил 20 мартдаги фармойиши асосида жорий йилда Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ҳуқуқий экспериментдан ўтказилаётган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғриси­да» ­ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш юзасидан мазкур ҳудудлардаги ҳуқуқий эксперимент субъектлари томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Самарқанд вилоят архив иши бошқармаси фаолиятидан аҳолини кенг хабардор этиб бориш ҳамда фуқароларнинг бу борадаги сўровларига жавоб бериш мақсадида қонун лойиҳаси талаблари асосида бошқарма ахборот хизмати, интернетда эса расмий samarqandarchive.uz веб-сайти ташкил этилди. Бир неча бор матбуот анжумани ва брифинглар ўтказилди.

— Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолияти тўғрисида кенг жамоатчиликни мунтазам хабардор этиб бориш қонун лойиҳасининг асосий талабларидан, — дейди вилоят архив иши бош­қармаси бошлиғи Абдуалим Маматов. — Мазкур талабдан келиб чиқиб, фуқаролар ва оммавий аxборот воситалари билан яқин ҳамкорликда ишламоқдамиз. Расмий веб-сайтимизда ҳам фаолиятимиз тўғрисида барча маълумотлар ва соҳага оид янгиликлар жойлаштириб борилмоқда. Бу эса аҳолига ўзлари учун зарур маълумотларни сайт орқали олиш имконини бераётир. Одамлар бирор савол ёки масала бўйича ҳам электрон шаклда мурожаат қилиб, жавоб олишлари мумкин. Айни пайтда ҳар ойда ўртача ўн-ўн бешта ана шундай мурожаат қайд этилиб, уларга интернет орқали жавоб қайтарилмоқда.

Қонун лойиҳаси нормаларини синовдан ўтказиш чоғида амалий жиҳатдан унга айрим тузатиш ёки қўшимча киритиш зарурлиги ҳам аён бўлмоқда. Бу борада ҳам иш фаолиятимиздан келиб чиқиб, таклифлар ишлаб чиқилди ва улар экспериментни ўтказиш бўйича республика ишчи комиссияси ва вилоят ишчи гуруҳига тақдим қилинмоқда.

Қонун лойиҳасининг 9-моддасига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш усулларидан бири ҳисобланади. Бунинг учун 13-моддада белгиланганидек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ахборот-кутубхона ва архив фонд­ларига тақдим этишлари лозим. Яъни, вақтинчалик тартибга кўра, ҳуқуқий эксперимент субъектлари ҳар чоракда — ҳисобот давридан сўнг бир ой давомида ахборот-кутубхона ва архив фонд­ларига ўтказиш учун зарур ахборот материалларини инвентаризация қилиб, саралаб, вилоят ахборот-кутубхона марказининг кутубхона фондига, вилоят ҳокимлигининг идоравий архивига ва вилоят давлат архивининг архив фондига топширишлари керак. Айни пайтда ви­лоят­даги ҳуқуқий эксперимент субъектлари жорий йилнинг учинчи чораги давомида шаклланган ахборот материалларини архив фонд­ларига ўт­казмоқда.

Ғ.ҲАСАНОВ,

ЎзА мухбири.

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: