Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
31.10.2013

ЎЗБЕКИСТОННИНГ 17 ЁШЛИ ОСИЁ ЧЕМПИОНЛАРИ КИЧИК МУНДИАЛДА ҲАМ МУНОСИБ ИШТИРОК ЭТДИ

Дунё спортида футбол каби кенг тарқалган, футбол сингари ишқибозлари кўп оммавий спорт тури бўлмаса керак. Ер юзидаги футбол ўйналадиган ҳар қандай мамлакатда жаҳон чемпионатига бориш орзуси бўлади. Эътибор қилинг, гап чемпионлик ҳақида эмас, балки иштирок этиш тўғрисида бораяпти. Ўзбекистонимизнинг эндигина 17 ёшга тўлган болалари, мустақиллик фарзандлари мана шу масъулиятли, машаққатли, шарафли вазифани бажаришди. Уддалашди. Улар Осиё­ни забт этиб, жаҳон чемпионати майдонларида ҳам мардларча курашдилар. Нимчорак финалгача етиб боришди. Халқимизга олам-олам завқ, қувонч улашишди. Миллионлаб тенгдошларига ўрнак бўлишди. Ватан, халқ, Президент ишончини оқлашди. Биз улар билан ҳақли равишда фахрланамиз.

FIFA.com:

— Ўзбекистон мусобақадаги тактик жиҳатдан энг кучли жамоалардан бири бўлди. Ҳар бир ўйинчи ўзига юклатилган вазифани яхши бажарди. Ўзбеклар ҳимояда сабр-бардош билан ўйнашди, ҳужумда эса қатъиятли эканликларини намойиш қилишди. Уларнинг Панамага қарши ўйини, Марокаш билан баҳси буни тасдиқлайди. Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони ­Сарвар Каримов 208 дақиқа давомида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб турди. Хорватияга қарши ўйинда ҳам Ўзбекистон учрашув сўнгида гол киритиб, рақиби устидан иродали ғалаба қозонди.

— 65 дақиқа мобайнида бир киши кам бўлиб ўйнаш жуда оғир, — деди Дилшод Нуралиев Ўзбекистон — Гондурас учрашувидан кейинги матбуот анжуманида. — Гуруҳ босқичидаги 3 та ўйинда футболчиларимиз атиги иккита сариқ карточка олишган эди. Бугунги ўйинда эса жами 5 та. Бу жуда кўп. Менимча, бундай ёш тоифасидаги футболчиларга дарров сариқ карточка кўрсатмасдан, тушунтириш ишлари олиб борилса яхши бўлар эди. Ўйин тактикаси учрашув бошиданоқ ўзгариб кетди. Илк ўйинчи алмаштиришимиз режа бўйича ҳужумни кучайтириш учун қилиниши керак эди. Биринчи ­таймда дарвоза дахлсизлигини сақлаган ҳолда кейинчалик ҳужумни кучайтирмоқчи эдик. Афсуски, биз ўйлагандек бўлмади...

Жаҳон чемпионати давомида футболчиларимиз мухлису мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлди. Айниқса, таянч ярим ҳимоячиси Жамшид Болтабоев ўзининг ишонч­ли ўйинлари билан кўпчиликда яхши таассурот қолдирди. Майдонни яхши кўрадиган бу ярим ҳимоячи рақиб ҳужумларини бузиб, жамоаси ҳужумини ташкил қилишда фаол ҳаракат қилди. Нимчорак финал баҳсида унинг майдонда йўқлиги билинди. ФИФА расмий сайти вакиллари Жамшиддан интервью олишди.

— Жаҳон чемпионатида гол урдингиз. Сиз киритган гол жа­моангизга ғалаба келтирди.

— Жаҳон чемпионатида гол уришни ҳар бир футболчи орзу қилади. Киритган голдан кўра кўпроқ терма жамоамиз ғалаба қозонганидан хурсандман. Иккита сариқ карточка олиб, навбатдаги учрашувни ўтказиб юборганим учун ишқибозлардан, мураббийларим ва жамоадошларимдан узр сўрайман.

— Нега айнан футболни танлагансиз?

— Оиламизда дастлаб футболга Музаффар акам қатнаша бошлаган. Мен унга эргашганман. Кейинчалик акам футболдан кетди. Мен эса ҳамон тўп тепаяпман. Футболга қизиқтиргани учун акамдан бир умр миннатдорман.

— Ҳар бир футболчининг ўз олдига қўйган мақсади, орзулари бор. Шулар ҳақида гапириб берсангиз...

— «Пахтакор» сафида Осиё миқ­ёсида барча сов­ринларни қўлга киритишни истайман. Энг катта орзуим эса — мил­лий терма жамоамиз таркибида ҳам жаҳон чемпионатида қатнашиш...

Ушбу жаҳон чемпионатини Европанинг кучли клублари селекционер мураббийлари кузатиб боришди. Интернет сайтларида тар­қатилган маълумотларга қараганда, улар бизнинг терма жамоамиз иштирокидаги ўйинларни диққат билан кузатишган ва футболчиларимизнинг икки нафари билан жиддий қизиқишган. Ҳозирча хорижликлар айнан кимни кузатаётганлиги айтилмаган.

Нодирбек ТЎЙЧИЕВ, «Андижон» ишқибозлар клуби раиси:

— Авваламбор, жаҳон чемпионатида қатнашишнинг ўзи — катта гап. Футболчиларимиз гуруҳ босқичини муваффақиятли ўтказишди. Гондурас билан ўйинда ҳакам футболчимизни четлатмаганида, ютишимиз аниқ эди. Бир ўйинчи кам бўлгандан сўнг майдонда бўш зоналар пайдо бўлди ва рақиб бундан фойдаланди.

Дилшод Нуралиев тимсолида яна бир кучли, фидойи мураббий борлигига амин бўлдик. Футболчиларда жисмоний, руҳий ва тактик тайёргарлик жойида экани кўриниб турди. Йигитларнинг ҳаммасига тасанно! Чемпионат давомида ­Жамшид Болтабоев, Акром Комилов ва дарвозабон Сарвар Каримовларнинг ҳаракати менга маъқул келди. Умуман олганда, бутун жамоа яхши ўйнади. Андижонлик ишқибозлар номидан ўсмирлар терма жамоаси мураббийи ва футболчиларини жаҳон чемпионатидаги муносиб иштирок билан табриклайман...

Марокаш билан ўйин якунланганидан сўнг Дилшод Нуралиев футболчиларни майдон марказига чақирди ва улар билан суҳбат ўтказди. Бу ҳақда берилган саволга Ўзбекистон U17 терма жамоаси бош мураббийи қуйидагича жавоб берди: «Мен ўйин ҳақидаги фикрларимни айтиш мақсадида майдоннинг ўзидаёқ футболчиларни ёнимга чақирдим. Уларга бор кучини бериб ўйнагани учун раҳмат айтдим. ­Доимо болалар яхши ўйин кўрсатса, миннатдорчилик билдириш орқали кейинги ўйинларга руҳлантиришга ҳаракат қиламан».

Бош мураббий интервьюларидан бирида таъкидлаганидек, ўсмирлар терма жамоасининг асосий кучи —  аҳилликда. Нафақат майдонда, балки унинг ташқарисида ҳам ўзаро бир-бирини тушуниш, қўллаб-қувватлаш яхши шаклланганини кўриш мумкин.

Бахтиёр НУРАЛИЕВ, «Пахтакор» академиясининг ­болалар жамоаси мураббийи:

— Дилшод Нуралиев — менинг укам. Шу сабабли ҳам терма жамоанинг ўйинини икки ҳисса қизиқиш билан томоша қилдим. Футболчилар жаҳон чемпионатига узоқ вақт тайёргарлик кўришди. Осиё чемпионатидан кейин кўплаб ўйинчилар жароҳатланди. Натижада тўлиқ таркиб билан шуғулланиш имкони деярли бўлмади. Шунда ҳам ўсмирларимиз чиройли ўйин кўрсата олишди.

Ёш футболчиларга болалик пайтимни гапириб берсам, ишонишмайди. Илгари тўп етишмасди, майдонларнинг аҳволи жуда ёмон эди. Ҳозир яратилган шароитларга бир қаранг. Ҳаво иссиқ бўлса, майдонда, совуқ тушса, спорт залида шуғулланишади. Спортга, айниқса, болалар спортига катта эътибор берилаяпти. Айнан шу сабабли ҳам спортчиларимиз халқаро майдонларда ўзларини кўрсатишмоқда. Буларнинг ҳаммаси Президентимизнинг ғамхўрлиги натижасидир. Мана, ўсмирлар терма жамоамиз дастлаб Осиё чемпиони бўлди, жаҳон чемпионатида нимчорак финалга қадар етиб борди. Бу йигитларнинг келажаги порлоқ. Фақат ғайрат билан, ишонч билан янада қаттиқроқ шуғулланишлари керак ...

Гарчи, сўнгги учрашув қайдномасида бизнинг терма жамоамизга мағлубият ёзилган бўлса-да, биз уларни ғолиб деб ҳисоблаймиз. 2018 йилда бўладиган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида айнан шу йигитларга умид билан қараймиз.

Президентимиз айтганидек: буларнинг толеи, бахту иқболи ҳали олдинда. Она Ўзбекистонимиз каби фарзандларимизнинг ҳам келажаги буюкдир.

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.   



DB query error.
Please try later.