29.10.2013

БАРЧА ЛОЙИҲА ВА ТАШАББУСЛАР

партия дастурий мақсадларини амалга оширишга хизмат қилади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами манфаати билан боғлиқ масалаларни ўрганишда маҳалла билан ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунда, айниқса, «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси муҳим аҳамиятга эга бўлаяпти.

Мазкур лойиҳа доирасидаги тадбирларнинг навбатдагиси Мирзо Улуғбек туманида ўтказилди. Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари, туман партия кенгашлари раҳбарлари, Марказий банк шаҳар бош бош­қармаси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди шаҳар бўлими, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, электорат вакиллари иштирок этди.

— Ўтган йили мазкур лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрида ташкил этилган тадбирларда пенсия, нафақалар тўлаш, ишга жойлаштириш ва бошқа масалалар бўйича 549 та мурожаат туш­ган эди, — деди ЎзХДП Мар­казий Кенгаши раиси ўрин­босари Шарбат ­Абдуллаева. — Шундан 485 тасида кўтарилган масалалар ҳамкор ташкилотларнинг бевосита кўмаги билан ўзининг ижобий ечимини топган. Қолган мурожаатлар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Умуман, мазкур лойиҳа доирасида партия ташкилотлари электорат билан янада мустаҳкам алоқа ўрнатмоқда, маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган бош­лан­ғич ташкилотлар ишини такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда.

Энг муҳими, партиямиз электорати вакиллари ўзларини ташвишга солаётган саволларга бевосита мутахассислар, мутасадди ташкилотлар масъулларидан жавоб олиш имконига эга бўлаяпти.

— Жорий йил давомида лойиҳа доирасида ташкил этилган тадбирларда 4500 нафардан ортиқ аҳоли иштирок этди, — деди ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Учқун Шойимқулов. — 83 нафар йигит-қизга иш топишда, 24 та ёш оилага имтиёзли микрокредитлар олиб, оилавий тадбиркорлигини йўлга қўйишда депутатларимиз ва ижтимоий ҳамкорларимиз томонидан амалий кўмак берилди. Энг муҳими, мазкур тадбирларда электоратни ташвишга солаётган муаммолар жойида, яъни маҳалланинг ўзида тегишли мутахассислар, мутасадди идораларнинг вакиллари иштирокида муҳокама этилаяпти. Бу эса халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз сессиялар муҳокамасига қа­тор масалаларни олиб чиқишига асос бўлиб хизмат қилади.

— 2013-2014 ўқув йилида шаҳримизда касб-ҳунар коллежларини 37 минг нафарга яқин ўқувчи тамомлайди, — деди Тошкент шаҳар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилдора Муҳиддинова. — Шундан 26 минг нафарга яқини Тошкент шаҳрида доимий истиқомат қилувчи битирувчилардир. Ҳозирда уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 26 минга яқин бўш иш ўрни тайёрлаб қўйилди. Шунингдек, шаҳардаги барча маҳаллалар қошида бандлик бурчаклари ташкил этилган. Бундан ташқари, ЎзХДПдан Тошкент шаҳар Кенгашига сайланган депутатлар, партия фаоллари, маҳалла оқсоқоллари ва бандликка кўмаклашиш марказлари ҳамкорлигида ҳудудларнинг банд­лик ҳолати мониторинги олиб борилмоқда. Ўрганиш нати­жа­ла­рига кўра, вақтинча ишсиз кишиларнинг бандлигини таъминлаш, касб бўйича қайта тайёрлаш чоралари кўрилаяпти.

— Халқ демократик партияси билан ҳамкорлик нафақат кишиларни ўйлантираётган саволларга малакали жавоб қайтариш, балки банк соҳаси қонунчилиги, унга киритилаётган ўзгартишларни кенг тар­ғиб этишда ҳам катта имконият яратмоқда, — деди Марказий банк Тошкент шаҳар бош бошқармаси масъул ходими Умаржон Насриддинов. — Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган киши кўпроқ ҳуқуқий маслаҳатга эҳтиёж сезади. Шу боис уларга тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишнинг ҳуқуқий асослари, солиқ имтиёзлари, бизнес-режа тузиш тартиб-қоидалари тўғрисида батафсил тушунчалар бериб борилмоқда. Бугунги тадбирда ҳам бу ҳақда маълумот берилди.

Давра суҳбатида, шунингдек, янги таҳрирда қабул қилинган «Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги ҳамда «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қонунлар мазмун-моҳияти, мазкур қонунлар бераётган янги имкониятлар тўғрисида ҳам фикр алмашилди.

Тадбир якунида бир гуруҳ ёшларга ЎзХДПга аъзолик гувоҳномалари топширилди. Мирзо Улуғбек туманидаги «Камоли Шуҳрат» МЧЖ директори Шуҳрат Фаттоҳов эса 101- болалар махсус мактаб-интернатига ҳомийлик совғаларини тақдим этди.

Басандабону ЖАЛИЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.