29.10.2013

ВАКОЛАТДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ

халқ ишончини оқлашнинг энг мақбул йўлидир

Фарғона вилояти Учкўприк тумани марказида Чорбоғ қишлоғилик меҳнат фахрийси Ғанижон ота билан учрашиб қолдик. Ҳол-аҳвол сў­рашдик.

— Депутатимиз Мунирахоннинг олдига келгандим, — деди отахон. — Барака топсин, ёшман, аёлман, демайди. Одамлар ташвишини елкага олиб, югуриб елади. Унинг ташаббуси ва тар­ғиботи билан қишлоғимиздаги хонадонлар таморқасида ҳосидорлик ошди. Ободончилик ва яна саранжом-саришталикка эътибор кучайди.

Мен саволга эндигина оғиз жуфтлаган эдим, отахон ми­йи­ғида кулиб қўйди-ю, сўзида давом этди:

— Аввалига, бизга ҳам эриш туюлган эди. Биласиз, Чорбоғда деҳқончиликнинг ҳадисини олганлар кўп. Лекин ўз томорқамиз, деҳқон хўжалигимизга етарли эътибор қаратмас эканмиз. Уруғ, кўчат етиштириш, ерни ўғитлаш, унумдорлигини оширишга бепарвороқ эканмиз. Мунирахон қишлоқ хўжалиги идораси мутахассислари билан бирга тарғибот ишларини олиб борди. Ишнинг қўзини билиб, меҳнат қилинса, томорқа оилага катта даромад келтирадиган имконият эканини тушунтирди, таъминот, хизмат кўрсатиш идораларини тинч қўймасдан, минерал ўғитлар ўз вақтида етказиб берилишига ёрдам қилди. Мана, энди ҳосилни кўриб, кўзимиз қувонаяпти.

ЎзХДП туман кенгашига Ғанижон ота билан бирга кир­дик. Туман партия кенгаши Жамоатчилик қабулхонасида депутат Мунирахон Холмирзаева Бойтуман қишлоғидан келган сайловчилар ва туман ичимлик суви идораси мутахассислари билан қиш­лоқ аҳолисининг ичимлик суви таъминоти тизимини янгилаш масаласини муҳокама қилаётган экан.

— Масаланинг молиявий томонидан ташвишланманг, — деди Мунирахон. — Мен бу ҳақда вилоят сувоқова бош­қармасига депутатлик сўрови билан мурожаат қилган эдим. Улар сизнинг ташаббусингизни қўллаб-қувватлашди. Яқин кунларда иш бошланади...

— Ғанижон ота вақтида келдингиз, — деди Мунирахон бизга юзланиб. — Ўзи қишлоққа аҳоли билан учрашиб, маслаҳатлашгани кетаётган эдим. Туман Кенгаши сессия­си қарорига, асосан, қишлоқдаги ижтимоий аҳ­волни биргаликда ўрганамиз. Ички йўллар аҳволи масаласи ҳам саволномага киритилган...

Мунирахон Холмирзаеванинг касби муҳандис-педагог. Иқтисодиёт коллежида ўқи­тувчи бўлиб ишлайди. Ундаги ташкилотчилик, масалани тўғри таҳлил қилиб, ечим топа олиш қобилиятини қадр­лаган партиядошлари унинг номзодини халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига кўр­сатган эди. Сайловчилар эл ичида обрў ва ишонч қозонган Мунирахонни ёқлаб овоз берди. Бу унга янада куч ва ғайрат бахш этди. Сайловчилар қўйган ёки ўзи ташаббус кўрсатиб кўтарган масала бўладими, аввало, мутахассислар, тажрибали кишилар маслаҳатини олади, муаммо нимадалигини атрофлича ўрганади, кейин ечими йўлларини танлайди.

Унинг ҳузурига Қурилиш ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг битирувчилари Манзура Сайфуллаева, Намуна Имомова, Асрор Маҳмудов каби бир гуруҳ ёшлар келишди. Улар ўз мустақил ишини бошлаш ниятида эканликларини билдирди. Депутат уларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашди. Қизиқишларини ўр­ганди ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес-режаларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тижорат банк­лари имтиёзли микрокредитлар ажратишини тушунтирди. Бизнес-лойиҳани тайёрлаш, кредит олиш учун ҳужжатларни тўплашда ёрдам берди. Ҳозирда бу ёшлар ўз бизнесини ривожлантириш билан машғул. ­Аброр Деҳқонов эса депутат кўмагида дурадгорлик устахонасини очди ва ёнига уч нафар шогирд олиб, иш бошлади.

Халқ депутатлари Учкўприк туман Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган сессиясида ­Мунирахон Холмирзаева ташаббуси билан Қўштепа ва Меҳнатобод қишлоқларида ижтимоий-маиший аҳволни янада яхшилашга қаратилган масала муҳокама этилиб, унинг ечими бўйича ЎзХДП депутатлик гуруҳи таклиф этган муқобил қарор лойиҳаси қабул қилинди. Мазкур қарор ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида вақтинча ишсиз бўлган 8 нафар аёл тикув машинаси билан таъминланди, қишлоқ ички йўлларини асфальтлаш масаласи туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2014 йил дастурига киритилди. Меҳ­нат­обод қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида туман тез тиббий ёрдам бўлимининг шахобчаси ташкил этилиб, унга ихтисослашган «Дамас» автомашинаси ажратиладиган бўлди.

— Мен шу йилнинг ўзида турли ташкилот ва идораларга сайловчилар манфаатлари билан боғлиқ 12 та депутатлик сўрови юбордим, — дейди Мунирахон Холмирзаева. — Уларнинг барчасида кўтарилган масалалар ижобий ҳал бўлди.

Депутатнинг халқ депутатлари туман Кенгашида регламент билан белгиланган қабул кунлари ва соати бор. Бундан ташқари, у ЎзХДП туман кенгаши Жамоатчилик қабулхонасида ҳам фуқароларни қабул қилади.

— Сайловчилар ишончини оқлаш, манфаатини ҳимоя қилиш, ўз партияси Сайлов­олди дастури ижросини таъминлашга қаратилган ташаббуслар билан чиқиш депутатнинг асосий вазифасидир, — дейди у. — Биз туман партия кенгаши билан биргаликда қишлоқларда, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида мунтазам равишда Кўчма жамоатчилик қабулхоналари ташкил этамиз. Қабул куни, вақти аввалдан эълон қилинганиданми, ҳар гал ўнлаб фуқаролар бизга ишониб, кўнглини очади. Улар кўтараётган масалаларни ҳал этиш учун депутатлик ваколатидан фойдаланиб, тегишли идораларга сўров юбораман, доимий комиссия мажлисларига тегишли ташкилотлар раҳбарларини таклиф этиб, сайловчилар ўртага қўйган саволларга жавоб оламиз.

Ўтган қарийб тўрт йил мобайнида депутатимиз ташаббуси билан халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссияларида 13 та масала кўриб чиқилди. Туман Кенгаши сессияси муҳокамасига эса учта масала киритилди.

«Меҳнатобод қишлоқ фуқаролар йиғинида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг аҳволи тўғрисида», «Туман электр тармоқлари корхонаси ва «Водийгазтаъминот» УК туман филиалида фуқароларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатлари билан ишлашнинг аҳволи тўғрисида», «Мактабгача таълим муассасаларида ёш авлодга таълим-тарбия бериш борасида амалга оширилаётган ишлар, тарбияланувчиларга яратилган шароитлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишининг аҳволи тўғрисида»... Бу каби масалаларнинг ҳар бири долзарб, ҳар бири ҳаётий. Депутатимиз ташаббуси билан сессиялар кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан партия депутатлик гуруҳи таклиф этган қарорлар лойиҳалари қабул қилинди. Айни пайтда уларнинг ижроси назоратга олинган.

Ғанижон ота хайрлашаётиб ҳақ гапни айтди: Мунирахон халқ ишончини оқлаётган депутатларимиздан биридир.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.