29.10.2013

ИНСОН ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИ

Асосий қонунимизда инсон ҳуқуқи олий қадрият эканлиги таъкидланган. Ушбу меъёр миллий қонунчилигимиз руҳига ҳам сингдирилди. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини бевосита ҳимоя қилувчи ўнлаб давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Лазизжон Маҳмудов билан суҳбат инсон ҳуқуқи ҳимояси борасида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида бўлди.

— Ўзбекистон Конституция­си мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат қуриш, эркин фуқаролик жамиятини барпо этишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Бош қомусимиз асосида қонунчилигимизнинг изчил такомиллаштириб борилиши, инсон ҳуқуқлари ҳимояси тў­ла таъминланишига, унинг ман­фаатларини ҳимоя этиш­га хиз­мат қилувчи шарт-ша­роитлар­ни яратиб бермоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда жиноят қо­нунчилигимизни ислоҳ қилиш бўйича катта қадамлар ташланди. Хусусан, жиноятлар тас­нифи қайта кўриб чиқилди. Оғир ва ўта оғир жиноятларнинг 75 фо­изга яқини жамият учун хавф туғдирмайдиган, унча оғир бўл­­маган жиноятлар таркибига ўзгартирилди. 26 та жиноят таркиби бўйича озод­ликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо чоралари олиб ташланди. Бағ­рикенглик ва кечиримли бў­лиш каби миллий анъаналаримиз инобатга олиниб, 53 та жиноят таркиби бў­йича яра­шув институти жорий қилинди. 2008 йилдан «Ха­беас корпус» институти жорий қилинди. Эҳтиёт чораси сифа­тида қамоққа олишга санк­ция бериш ҳуқуқи прокурорлардан судларга ўтказилди. Ҳар қандай жиноят учун ўлим жазоси бекор қилинди. Унинг ўр­нига умрбод ёки узоқ муддатга озод­ликдан маҳрум қи­лиш жазоси жорий этил­ди. Жазонинг мазкур тури эса аёлларга, 18 ёш­га тўл­масдан жиноят содир қилган шахсларга ва 60 ёшдан ошган эркакларга нисбатан қўлла­нилмаслиги белгилаб қўйилди.

Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар бў­йича Жиноят кодексига алоҳида норма киритилиб, етказилган зарар қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмаслиги мустаҳкамланди.

Тизимли равишда олиб борилаётган судуқуқ ислоҳотлари натижасида Ўзбекистон жаҳонда озодликдан маҳрум қилинганларнинг энг кам кўр­сатгичларидан бирига эришди. Бугунги кунда аҳолининг 100 мингтасига 166 нафар озодликдан маҳрум қилинган шахс тўғри келмоқда. Охирги ўн йилда эса мамлакатда озодликдан маҳрум қилинганлар сони икки баробардан кўпга қисқарди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатда криминоген вазиятга ҳам ўзининг ижобий таъсирини ўтказмоқда. Масалан, охирги йилларда 100 минг аҳолига нисбатан 311 та жиноят тўғри келаётганлиги жиноятчилик кўрсатгичининг паса­йиб бораётганлигини кўр­сатмоқда.

Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган судуқуқ ислоҳотларининг асосий мазмун-моҳияти инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишини кафолатлашга қаратилган чо­ра-тадбирларни ўзида мужассамлаштирмоқда.

Адлия вазирлигида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қи­лиш бўйича алоҳида бош­қарма ташкил қилинди. Ҳу­дудлардаги адлия идораларида ҳам мос равишда ҳу­дудий бўлимлар иш бошлади. Мазкур тузилма фуқароларнинг қо­нуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қи­лиш борасида қандай ишларни амалга оширмоқда?

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги қарори билан Адлия вазирлиги зиммасига Конституция, қонунлар ва халқаро шарт­номаларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қи­лишни таъминлаш соҳасида бир қатор вазифалар юклатилди. Улар ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан доимий равишда таҳлилий ишлар, ўрганишлар ҳамда мониторинглар олиб борилмоқда. Масалан, 2011 йилдан бошлаб жорий йилнинг ол­ти ойи давомида вазирлик томонидан ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлар ҳу­қуқ­ларининг ҳимоясига, шунингдек, соғ­лиқни сақлаш, таълим ва пенсия таъминотига оид қонунчиликка риоя этилиши аҳволи таҳлил қилинди. Шу билан бирга Меҳнат ва аҳолини ижтимоий му­ҳофа­за қи­лиш, Соғ­лиқни сақлаш, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими Маркази ва уларнинг ҳудудий тузилма­ларида «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қо­нун ва бошқа норматив-ҳуқу­қий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши аҳволи ўргани­либ, 53 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳо­лати аниқланди. 143 нафар кишига нисбатан интизомий чоралар кўрилди, 15 киши маъ­мурий жавобгарликка тортилди ва 18 киши эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

2013 йилнинг 9 ойи давомида вазирлик томонидан ­инсон ҳуқуқлари йўналишида 2151 та шикоят кўриб чиқилди. Шундан 949 таси қаноатлантирилган. Аниқланган қо­нунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш тўғрисида 698 та тақдимнома киритилди. Қо­нунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги учун 909 нафар шахсга нисбатан интизомий чоралар кўрилиб, 44 таси лавозимидан озод этилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари­ни тиклаш масаласида 362 та огоҳнома, 254 та кўрсатмалар киритилди. 205 та айбдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Фуқаролар манфаатларини кўзлаб судларга 2 млрд. сўмдан ошиқ 1 942 та даъво ариза киритилиб, шундан 1 млрд. сўмдан кўпроқ 1 887 та даъво судлар томонидан тў­лиқ қаноатлантирилди.

Келиб тушаётган мурожаатлар асосан қайси масалалар хусусида бўлмоқда? Муаммоларни бартараф қилиш учун қандай чора-тадбирлар кўрилаяпти?

Вазирлик томонидан доимий равишда амалга ошириб келинаётган таҳлиллар мурожаатларнинг 19,1 фоизи пенсия ва нафақа, 17,1 фоизи меҳнат ва ижтимоий муҳофаза, 12,3 фоизи суд қарорлари, 9,1 фоизи уй-жой, 3,7 фоизи банк фаолияти, 2,6 фоизи ер ажратиш, 1,3 фоизи коммунал тўловлар, 4 фоизи табиий газ, электр энергия, сув таъминоти ҳамда 29 фоизи бошқа масалаларда эканлигини кўсатмоқда.

Бу эса ўз-ўзидан мазкур соҳаларда муайян муаммолар мавжудлигини кўрсатиб, соҳа вакилларидан фаолиятларини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг мурожаатларига эътиборни кучайтириш, юридик хизмат фаолиятини яхшилашни талаб қилади. Чунки, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда ҳар қандай эътиборсизлик фуқаро ҳуқуқ­ларининг бузилишига, қонунчиликка зид қарорларнинг қабул қилинишига олиб келади. Биргина 2013 йилнинг 9 ойи давомида адлия органлари томонидан қонунчиликка зид бўлган 106 та ҳужжат бекор қилинганлиги ёки ижроси тўхтатилганлиги корхона, муассаса ва ташкилотларда қонунларни яхши билмаслик ёки юридик хизмат фаолиятидан самарали даражада фойдаланилмаётганлигини кўрсатади.

Маълумки, инсон ҳу­қуқларини ҳимоя қилишда аҳоли ўртасида олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг аҳамияти катта. Айниқса, фуқаролик жамияти институтлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ҳамкорлик бу борада муҳим аҳа­миятга эга...

Рост, инсон ҳуқуқининг тўла таъминланиши, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятига ҳам боғлиқ. Шу боис ушбу масалага мамлакатимизда алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 29 августдаги «Жамиятда ҳу­қуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури» тўғрисидаги қарорида ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбия тизимини такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Юртбошимизнинг 2001 йил 4 январдаги «Ўзбекис­тон Республикаси Конс­титуциясини ўрганиш тўғрисида»ги Фармойишида барча аҳоли қатламларидабоғчадан тортиб то олий таълим муассасаларининг магистратура босқичигача ҳуқуқий билимларни ўрганишга алоҳида эътибор берилди. Вазирлик жамиятда аҳолининг ҳуқу­қий онги, ҳуқуқий маданиятини ошириш ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб бормоқда.

Шунингдек, ҳуқуқшунос кадр­ларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш сифатини яхшилаш, ҳуқу­қий тарғибот бўйича ишларни амалга оширишда оммавий ахборот воситаларидан самарали фойдаланиш, ушбу ишга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш бў­йича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш вазифаси ҳам вазирлик зиммасига юклатилган.

Буларнинг барчаси Бош қо­мусимизда белгиланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга, инсонга муносиб яшаши учун тўлақонли шарт-шароит яратиб беришга хизмат қилади.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Равшан ШОДИЕВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.