Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
26.10.2013

ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИ ОЧИҚЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

ЎзХДП дастурий мақсадларини амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятини кенгайтиради

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамкорлигида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси юзасидан ўтказилаётган ҳуқуқий эксперимент жараёнида партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳларининг иштироки ҳамда қонун лойи­ҳасини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни муҳокама этишга бағишланган амалий семинар ўтказилди.

Семинарда партия етак­чилари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, туман ва шаҳар партия кенгашлари раислари ҳамда вилоятдаги қатор давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мат­буот хизмати вакиллари иштирок этди.

ЎзХДП Сайловолди дастури­да мамлакатда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсат асосини ташкил этадиган ҳукумат қарорларининг жойларда аниқ ижро этилиши юзасидан давлат бошқаруви органлари ходимлари масъулиятини янада ошириш вазифалари белгиланган. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш юзасидан қабул қилинган дастурлар иж­роси бўйича парламент назо­рати тизимини такомиллаштириш назарда тутилган.

Шу боис давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш ЎзХДП дастурий мақсадларини амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятини кенгайтиради.

Тадбирда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева иштирок этиб, ушбу қонун лойиҳасининг ишлаб чиқиш ташаббуси мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жа­миятини ривожлантириш концеп­циясида ил­гари сурилганини таъкидлади.

— Эксперимент жараёнида қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган ҳаётий таклифлар олиш, бу муҳим тадбирда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаол қатнашишини таъминлаш мақсадида партиямиз Марказий Кенгаши томонидан Бухоро ва Самарқанд вилоятларида бир қатор семинар ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилди, — деди у. — Айни пайтда ҳуқуқий экспериментнинг асосий босқичи давом этмоқда. Бу жараёнда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларимиз фаол иштирокини таъминлашга ҳаракат қи­лаяпмиз. Бугунги тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам қонун лойиҳасини электорат манфаатлари нуқтаи-назаридан кўриб чиқиш, унда партия дастурий мақсадларини ифодалаш юзасидан партия фаолларининг фикрларини ўрганишдан иборат.

Дарҳақиқат, семинарда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг моддалари юзасидан аниқ таклифлар, зарур тавсиялар билдирилди.

Дилбар ХОЛИҚОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ҳуқуқий эксперимент ўтказилиши нафақат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари балки, фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, сиёсий партиялар зим­масига ҳам масъулиятли вазифалар қўймоқда. Биринчи декабрда ҳуқуқий экспериментнинг асосий босқичи якунланади. Шу боис ушбу давр мобайнида Қонун ло­йиҳасида партиямиз электорати манфаатларини акс эт­тиришга қаратилган барча таклифларимизни умумлаштирган ҳолда ЎзХДП фракцияси нуқтаи назарини ишлаб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисига олиб чиқиш зарур.

Фармон ТОШЕВ, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Самарқанд вилоятида 91 та давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органи бўлиб, бугунги кунда уларнинг ҳар бирида расмий веб-сайт ташкил этилган. Бу албатта, қо­нун лойиҳаси синови жараёни­ни сифатли ўтиши, очиқликни таъминлашга хизмат қи­лади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги жараёнида ЎзХДП депутатлик гуруҳлари фаол иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 120 дан ортиқ сўров юборилди. Уларда электорат манфаатлари, партия дастурий мақсадлари билан боғлиқ масалалар кўтарилган.

Мен ҳозир оммавий ахборот воситалари билан боғлиқ бир ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Қо­нун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органида барча оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтиши кўрсатиб ўтилган. Қонун лойиҳаси синови жараёнида маълум бўл­дики, мазкур норма янада такомиллаштирилиши, аккредитация билан боғлиқ масалаларга ойдинлик киритилишига эҳтиёж бор. Бу борада таклифларимизни тайёрла­япмиз.

Тоҳир ҲАМИДОВ, ЎзХДП Каттақўрғон шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Қонун лойиҳасининг 15- моддасидаги баъзи нормаларни ҳаётий тажрибалар асосида қайта кўриб чиқиш керак. Хусусан, маълум бир ахборотни олиш учун белгиланган 15 кун, оммавий ахборот воситалари учун белгиланган 7 кун муддат қандай ахборот сўралаётганига қараб белгиланиши, бунда, албатта, мазкур ахборотнинг долзарблиги, муҳимлиги, эскиришини ҳисобга олиш керак, деб ўйлайман.

Жасур УМРЗОҚОВ, «Истиқбол» ёшлар қаноти Булунғур туман бўлими етакчиси:

— Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш учун ундаги айрим атамаларга алоҳида тушунча бериш керак. Айрим ноаниқликлар, мураккаб атамалар, турли ҳавола нормаларни аниқлаштириш зарур, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, давлат ҳоки­мияти ва бошқаруви органларига келиб тушадиган сў­ровларни классификация қи­лиш самарадорликни янада оширади. Шунингдек, сўровларнинг долзарблик дара­жасини аниқлаш имконини беради.

Амалий семинар давомида партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари томонидан юборилган сўровлар асосида Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бош бош­қармаси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси, халқ таълими бошқармаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан таш­қари пенсия жамғармаси вакилларининг мазкур йўналишдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотлари тингланди. Депутатлар ва электорат вакиллари томонидан юборилган сўровлар, уларнинг ижроси юзасидан олиб борилган мониторинг натижалари юзасидан фикрлар билдирилди.

Элдор МУҲАММАДИЕВ, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати ходими:

— Ҳуқуқий эксперимент давомида халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари томонидан бошқармамизга 20 га яқин сўров келди. Уларга қонун лойиҳасида белгиланган муддатларда тўлақонли жавоб беришга ҳаракат қилаяпмиз. Бундан ташқари, матбуот хизмати фаолиятини янада кучайтириш учун алоҳида иш олиб бораяпмиз. Бошқармамизнинг расмий веб-сайти доимий янгиланмоқда.

Салоҳиддин ШУКУРОВ, Молия вазирлиги ­ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жам­ғармаси вилоят бўлими ходими:

— Ҳуқуқий эксперимент давомида жамғармамизда матбуот хизмати тўлиқ шакллантирилди. Айни пайтда бизда икки нафар ходимга алоҳида хона берилган. У ерда турли маълумотлар учун стендлар, ҳамда ахборот бурчаги мавжуд. Расмий веб-сайт ҳам мунтазам фаолият юритмоқда. Ўтган давр мобайнида вилоят пенсия жамғармаси томонидан оммавий ахборот воситаларида 35 га яқин чиқишлар қилинди.

Вилоят телевиденияси орқали мунтазам ижтимоий роликлар бериб борилаяпти. Қолаверса, ҳар уч ойда бир марта очиқ коллегиал йи­ғилиш ўтказилиб, унда фуқа­ролар иштирокини таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз...

Амалий семинарда, шунинг­дек, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси, халқ депутатлари вилоят Кен­гашидаги ЎзХДП де­путат­лик гуруҳи аъзоси Ҳасан Нормуродов, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири биринчи ўринбосари Фаррух Ҳамроев, ЎзХДП Иштихон туман кенгаши раиси Лола Булакова ҳамда бош­қалар сўзга чиқиб, ҳуқуқий эксперимент асосий босқичининг бориши, қонун лойиҳасини янада такомиллаш­тириш юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларини ўртага ташлади.

Самарқандда ўтказилган мазкур семинарнинг эътиборга сазовор жиҳати шундаки, унда ҳар бир иштирокчига ўз фикрини билдириш, таклифини айтиш, саволини бериш имконияти яратилди. Баъзи мулоҳазалар мунозарага айланиб кетди. Мазкур мулоқотларда қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган 50 дан ортиқ таклиф ўртага ташланди.

Тадбир якунида қонун лойи­ҳаси юзасидан олинган таклифлар умумлаштирилди. Уларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясига тақдим этишга келишиб олинди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.