26.10.2013

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИНГ ТАЪСИР КУЧИ МАҲАЛЛИЙ ДАРАЖАДА ҲАМ ОРТМОҚДА

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун ло­йиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ҳамда ваколатларини кенгайтириш, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги ролини кучайтириш юзасидан изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ижро этувчи ҳокимият органларини шакллантириш, улар фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришга қаратилган қо­нунчилик асослари мустаҳкамланди.

Демократик ислоҳотларнинг тобора чуқурлашиб бориши сиёсий партияларнинг жойларда таъсирини, ижтимоий-иқтисодий вазифаларни амалга оширишдаги роли ва масъулиятини янада кучайтириш, сайловчилар манфаатларини ифодалашнинг янги, самаралироқ механизм­ларидан фойдаланишнинг қонуний асосларини мустаҳкамлашни талаб этмоқда. Юқоридаги қонун лойиҳаси ана шу эҳтиёж туфайли ишлаб чиқилган ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларида партия гуруҳларининг фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадларини кўзда тутади.

Назира МАТЯКУБОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Амалдаги қонун ҳужжатларида Қорақалпоғистон Рес­публикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашларида партия гуруҳларини ташкил этиш тартиби ва фао­лиятини тугатиш шартлари ҳамда ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ечиш­да сиёсий партияларнинг ро­ли етарли даражада мустаҳкамланмаган. Бу эса улар фаолиятида айрим қийин­чиликларни юзага келти­раётган эди.

Қонун лойиҳасида партия гуруҳини ташкил этиш тартиби ва шартлари белгиланмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларидаги ҳамда шаҳарлардаги (вилоятлар марказларидаги) партия гуруҳларини ташкил этиш учун депутатларнинг энг кам миқдори камида беш нафар этиб белгиланмоқда.

Ҳар бир сиёсий партия маҳаллий вакиллик ҳокимия­тида ўзининг мустаҳкам ўрни бўлишини, депутатлик гуруҳини ташкил этиш учун етарли жойни қўлга киритишни истайди. Демак, таклиф этилаётган янги меъёрлар сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни янада кучайтиришга олиб келади.

Искандар АЗИЗОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Амалдаги ваколатлари билан бирга партия гуруҳлари тегишли вакиллик ор­гани қўмиталари ёки комиссиялари раислиги, раис ўринбосарлиги ва аъзоли­гига номзодлар бўйича таклифлар киритиш, тегишли ҳудудда жойлашган давлат органи раҳбарининг ўз фаолияти юзасидан ҳисоботи ёки ахборотини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқор­ғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашининг сессияларида эшитиш ҳақида таклифлар киритиш ҳуқуқларига эга бўлмоқда. Депутатлик гуруҳи киритадиган масалалар бў­йича таклифлар кўриб чиқилиши шарт этиб белгиланаяпти.

Қонунга киритилаётган бу янгиликлар сиёсий партияларнинг жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишдаги роли, давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар масъулиятини кучайтиришга олиб келади. Қисқа қилиб айтганда, депутатлик гуруҳларига партия сайловолди дасту­рини амалга ошириш учун қўшимча имкониятлар берилмоқда. Бу эса маҳаллий даражада ҳам сиёсий пар­тияларнинг фаоллиги ҳам­да таъсирини кучайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, фракция иккинчи ўқишда кўриб чиқи­лаётган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғриси­да»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.

Мазкур ҳужжатнинг мақ­сади ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимининг қонуний асосини мустаҳкамлашдан иборат. Бунда асосий эътибор ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи сабаблар, уларнинг содир этилишига имкон берувчи шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш чораларини кў­риш бўйича умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикани ташкил этиш ҳамда амалга оширишга қаратилмоқда.

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасидаги қоидалар жиноятчиликка қарши кураш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги қонунчиликни модернизация қилишга қаратилган. Қонуннинг қабул қи­линиши давлат тузилмала­ри билан жамоатчилик инс­титутлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмини такомиллаштириш имконини беради, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида қўлланиладиган чораларнинг тизимлилигини мустаҳкамлайди.

Кун тартибидан ўрин олган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан электорат манфаатларидан келиб чиқиб, тегишли таклифлар билдирилди ҳамда ЎзХДП фракциясининг позицияси белгилаб олинди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.