29.10.2013

САЙЛОВЛАР ЯНГИЧА ТАШКИЛИЙ-ҲУҚУҚИЙ ШАРОИТДА ЎТКАЗИЛАДИ

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловида фуқароларнинг фаол иштирок этиши мамлакатимизда демократик жараёнлар чуқурлашиб, кишиларда маҳалла, юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси кучайиб бораётганини кўрсатади

Мамлакатимизда яна бир муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Яъни жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ўтказилади. Яқинда шу масала бўйича Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарори қабул қилинди, шу­нинг­дек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси тузилди.

Хўш, сайловга тайёргарлик жараёнлари қандай кетаяпти? Сенат Кенгаши қарорида белгиланган тадбирлар қай даражада амалга оширилаяпти? Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси раиси, халқ депутатлари шаҳар Кен­гашидаги ЎзХДП депутатлик гу­руҳи аъзоси Сотиболди ­БОБОҚУЛОВ билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

— Маҳалланинг ҳаётимиздаги аҳамияти кундан-кун ошиб бораётган бир пайтда, унга бош бўладиган фуқаролар йиғини раиси ва маслаҳатчиларига ҳам катта талаблар қўйилмоқда. Негаки, маҳалла раиси, маслаҳатчиси билимли ва зукко, адолатли бўлса, ҳудудда ижтимоий муҳит ­соғлом бўлади, ўзаро аҳиллик, тотувлик, тинчлик-осойишталик таъминланади. Бундай жойда файз бўлади, барака бўлади. Демак, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловида муносиб номзодларни танлаш ва сайлаш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига нав­батдаги сайловни ўтказишга Тошкент шаҳрида ҳам қизғин тайёргарлик жараёни давом этмоқда. Масалан, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарори билан фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ташкил этилди. Шунингдек, шаҳардаги барча — 475 та маҳалла фуқаролар йиғинларида сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлари тузилди. Айни кунда ушбу муҳим жараённи юқори савияда ташкил этиш, уюшқоқлик билан ўтказиш учун барча зарур ишлар амалга оширилиб, турли тадбирлар ташкил этилаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳам­да ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси ташаббуси билан сайловнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларига бағишланган республика миқёсида семинар ташкил этилди. Шу асосда бизнинг комиссиямиз томонидан ҳам кенгайтирилган ўқув-семинар ўтказилиб, унда «Фуқаролар йиғини раи­си (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги янги таҳрирда қабул қилинган Қонуннинг мазмун-моҳияти, жорий этилаётган янги меъёрлар, аввалги сайловларда тўпланган тажрибадан келиб чиқиб олдимиздаги муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирни уюшқоқ­лик билан ўтказиш масалалари ҳақида фикр алмашилди. Бундай семинарлар барча туманларда ўтказилди.

Юқоридаги Қонунда ишчи гуруҳлар фаолиятига ҳам янги талаблар қўйилди, ваколатлари кенгайтирилди. Масалан, ишчи гуруҳ таркибига эндиликда фуқаролар йиғинининг, тегишли ҳудуддаги нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг вакилларидан таш­қари, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг депутати ҳам киритилади. Айни пайтда кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлари cайловни ўтказиш масалалари бўйича аҳоли ўртасида кенг кўламда тушунтириш ишларини олиб бораяпти.

Фуқаролар йиғини ­раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар қандай танланади?

— Аввало, ишчи гуруҳи фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларга доир ҳужжатларни тайёрлайди, туман (шаҳар) ҳокими билан келишиш учун тегишли комиссияга сайловдан камида ўн кун олдин тақдим этади. Ҳужжатларга фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларнинг ўз номзоди кўрсатилишига ёзма розилиги илова қилинади. Туман ёки шаҳар ҳокими фуқаролар йиғинлари раислари лавозимига тақдим этилган номзодларнинг ҳужжатларини кўриб чиқади ва номзодлар бўйича ўзининг асослантирилган ёзма хулосаларини ишчи гуруҳга топшириш учун тегишли комиссияларга юборади.

Фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзод Ўзбекис­тон Республикаси фуқароси бўлиши, қоида тариқасида олий маълумотга эга бўлиши, сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Фуқаролар йиғини раисининг маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар эса тегишли ҳудудда доимий яшайдиган фуқаролар фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳи томонидан кўрсатилади.

— Янги таҳрирда қабул қилинган «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Қонунга сайловни ўтказиш билан боғлиқ қатор нормалар киритилди.

— Қонуннинг 21-моддасида белгиланганидек, сайлов иш­чи гуруҳи раислигида ўтказилади. Бунда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) саноқ комиссиясини, фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) ва фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) маслаҳатчисини сайлайди. Фуқаролар йиғини раиси ёки унинг маслаҳатчилари сайлови яширин овоз бериш йўли орқали ўтказилганда фуқаролар йиғини иштирокчиларига саноқ комиссияси томонидан сайлов бюллетенлари берилади. Бюллетенга фуқаролар йиғини раиси, унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодларнинг фамилияси, исми, отасининг исми алифбо тартибида киритилади.

Овоз берувчи яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида бюллетенни тўлдиради ва сайлов қутисига ташлайди. Фуқаролар йиғинида ҳозир бўлган фуқароларнинг эмас, балки овоз беришда иштирок этганларнинг ярмидан кўпроғи овозини олган номзод раис ёки унинг маслаҳатчиси этиб сайланган ҳисобланади.

Агар лавозимларга икки нафардан ортиқ номзод кўрсатилган ва уларнинг биронтаси ҳам сайланмаган бўлса, энг кўп овоз олган икки номзод бўйича такрорий овоз бериш ўтказилади. Бу жараёнда бошқа номзодга нисбатан кўпроқ овоз олган номзод сайланган ҳисобланади.

Умуман олганда, фуқаролар йиғини раиси ёки унинг маслаҳатчилари сайловида иштирок этган ҳар бир фуқаро ўзи истиқомат қилаётган ҳудуднинг эртанги куни учун дахлдорликни чин дилдан ҳис этиши зарур. Энг муҳими, инсон манфаатини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш кўп жиҳатдан ўзини ўзи бошқа­риш органларига кимлар сайланиши билан ҳам боғлиқ. Бу эса ҳар бир сайловчидан чуқур ўйлаб, холис овоз беришни талаб этади.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.