26.10.2013

Бунёдкорлик ишлари кўлами кенгаймоқда

Тошкент вилоятида 2013-2015 йилларда йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш учун 1 триллион 560 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўзлаштирилиши кўзда тутилган.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам аҳолининг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг бир қатор фармон ва қарорлари, хусусан, жорий йил 6 августда қабул қилинган “2013-2015 йилларда Тошкент вилояти йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори билан тасдиқланган дастур ижросини таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом этаётир, – дейди Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари Анвар Абдуқодиров. – Ушбу дастур бўйича вилоятимизда 2013-2015 йиллари амалга ошириладиган ишларга республика ва маҳаллий бюджет, тижорат банклари, корхона ва ташкилотлар, тадбиркор ва ҳомийлар ҳамда аҳоли ҳисобидан 1 триллион 560 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Вилоят шаҳар ва қишлоқларидаги аҳоли пунктларининг архитектуравий қиёфасини миллий анъана ва замонавий шаҳарсозлик талабларига мувофиқ тубдан яхшилаш, йўл-транспорт, телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш, таълим ва тиббиёт муассасалари, маданият ва спорт иншоотларини модернизация қилиш, кўрсатилаётган хизматлар даражаси, сифати ва самарадорлигини ошириш, сув ва иссиқлик таъминоти тизимлари, электр энергияси ва табиий газ тармоқларини қуриш ва таъмирлаш бўйича муайян ишлар бажарилаётир.

Тошкент–Бекобод автомобиль йўлининг Ўрта Чирчиқ туманидан ўтган 5,8 километрлик қисмида – Бектемир кўчасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари бунга мисолдир.

– Жорий йилнинг август ойида Андижон вилоятининг Балиқчи, Олтинкўл ва Хўжаобод туманларида бўлиб, у ерларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдик, – дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Ўрта Чирчиқ тумани бўлинмаси раҳбари Раҳматилла Ражабов. – Андижондан ўзимизга ҳар жиҳатдан маъқул келган бино ва иншоотлар лойиҳаларини олиб келдик. Бектемир кўчасидаги қурилишда ана шу лойиҳалардан ҳам фойдаланмоқдамиз. Кўчанинг янги қиёфа касб этиб бораётгани барчамизга куч-ғайрат бағишламоқда, аҳолининг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда.

Бектемир кўчасида замонавий лойиҳалар асосида 162 уй-жой, саксонга яқин савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ҳамда бир неча спорт иншооти бунёд этилади. Кўчага туташ – “Қумовул” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилаётган истироҳат боғида замонавий аттракционлардан ташқари, теннис корти, кичик стадион ва сузиш ҳавзалари ўрин олади.

Лойиҳачиларнинг айтишича, Тошкент–Бекобод автомобиль йўлининг эни 50 метр бўлади. Беш полосали, барча талаб ва стандартларга жавоб берадиган тарзда қайта қуриладиган мазкур йўлнинг икки четида оқова сув ариғи, пиёдалар йўлаги, кўкаламлаштирилган жойлар ташкил этилади.

Йўл ёқасида бир қанча савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилади. Жумладан, Жанубий Корея, Хитой билан ҳамкорликда тўқимачилик маҳсулотлари, аккумулятор приборлари тайёрланадиган корхоналар фаолияти йўлга қўйилади. Бунинг натижасида олти юздан зиёд маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланади.

Ишчи гуруҳ штабининг қурилиш жойига яқинлиги, бу ерда ҳокимликнинг бош архитектори, юристи, тадбиркорларни рўйхатга олиш, кадастр, банк ва бошқа идораларнинг масъуллари фаолият олиб бораётгани аҳолига катта қулайлик туғдирмоқда.

Туман ҳокимининг ўринбосари, мазкур штаб раҳбари Маҳмуд Ғуломқодировнинг айтишича, бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшиш ниятидаги 44 нафар тадбиркорга шу ернинг ўзида ер ажратиш бўйича қарор чиқарилган. Бугунги кунда уларнинг 22 нафари қурилишни давом эттирмоқда. Қолган қисмининг лойиҳалари тасдиқлаш учун вилоят комиссиясига тақдим этилган.

Бундай ишлар вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам амалга оширилмоқда. Олмалиқ, Бекобод, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарларида ҳар бири 480 хонадонли йигирмата кўп қаватли уй бунёд этиш бўйича тижорат банклари билан биргаликда лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда учта маҳалла фуқаролар йиғини биноси, иккита соғлиқни сақлаш, бешта болалар спорти иншооти ҳамда учта мусиқа ва санъат мактаби янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.

58 километр умумфойдаланувдаги, 51,5 километр хўжаликлараро автомобиль йўли капитал таъмирланди. Йўловчи ташиш корхоналари томонидан йигирмадан зиёд янги автобус сотиб олинди, учта янги транспорт йўналиши очилди.

Аҳолини ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлаш даражасини янада яхшилаш мақсадида икки юз километрдан кўпроқ газ ва сув тармоқлари тортилди. Тўртта сув иншооти, бир қанча газ тақсимлаш пунктлари ва тармоқлари реконструкция қилинди.

Мазкур ишлар доирасида телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган вақт мобайнида Зангиота ва Қибрай туманларида иккита техник сервис хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилди. Ангрен шаҳридаги қирқ тўртта кўп қаватли уйгача бўлган ҳудудга оптик толали алоқа линиялари ўрнатилмоқда.

Янгийўл, Чиноз, Қибрай, Юқори Чирчиқ туманлари ва Чирчиқ шаҳрида мобиль алоқа тармоғини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш лойиҳаси доирасида умумий қиймати 1674,8 миллион сўмга тенг 19 станция қуриш режалаштирилмоқда. Яқинда мазкур иш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари давлат экспертизасидан ўтказилди.

Вилоятда бу борадаги ишлар кўлами кенгаймоқда. Натижада шаҳар ва қишлоқлар инфратузилмаси ривожланиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилаётир, аҳоли турмуш фаровонлиги юксалмоқда.

ЎзА



DB query error.
Please try later.