Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
24.10.2013

ДЕПУТАТ УЧУН ЭНГ МУҲИМИ

сайловчилар ишончини оқлаб, юзи ёруғ бўлиш ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдир

Депутат халқнинг давлат ҳокимиятидаги вакилидир. Унга жойлардаги муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечими бўйича таклифларни илгари суриш, ўзи мансуб бўлган партия электорати манфаатларини муносиб ҳимоя қилиши учун етарли ҳуқуқ ҳамда ваколат берилган. Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг депутатлик гуруҳлари минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид дастурлар ижросини таъминлаш, бу масала бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари ва доимий комиссияларида мутасадди раҳбарларнинг ахборот ҳам­да ҳисоботларини эшитиб бориш механизмидан кенг фойдалана­япти.

ЎзХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Тошкент шаҳар партия кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда ушбу масала муҳокама қилинди.

Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳар ва туман партия кенгашлари ҳамда йирик бошланғич ташкилотлар етакчилари иштирок этди.

Семинарда Президентимиз Ислом Каримовнинг яқинда халқ депу­татлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сес­сиясидаги маърузасидан келиб ­чиқадиган вазифалар, ижтимоий аҳамиятга эга долзарб масалаларни ҳал этишда депутатлик гуруҳларининг иштироки хусусида фикр юритилди.

Рустам КОМИЛОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Сессияда қайд этилган камчиликлар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам у ёки бу даражада учраб турибди. Шу боис биз ана шу танқидий мулоҳазалардан тўғри хулоса чиқариб олишимиз зарур. Билдирилаётган бу эътирозлар сиёсий партияларга ҳам тегишли. Ишимизни замон талаби даражасида олиб бориш, барча бўғинда депутатлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Партия электорати манфаатини ҳимоя қилиш кўп жиҳатдан маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг ташаббускорлиги ва фаол­лигига боғлиқ. Партиямизнинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз томонидан қатор масалалар ўрганилиб, сессиялар муҳокамасига киритилмоқда.

Фаолиятимизни бугунги кун талаби даражасида олиб бориш учун электоратимиз манфаатига дахлдор муаммоларни ўз вақтида кўтариб чиқишимиз зарур. Ижтимоий масалаларни нафақат вакиллик ҳокимияти муҳокамасига олиб чиқиш, балки уларни ҳал этиш юзасидан ўз позициямизни билдиришимиз, муқобил таклифларни илгари суришимиз керак бўлади.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари олдида турган энг муҳим вазифалардан яна бири доимий комиссия ҳамда сессияларда қабул қилинган қарорлар ижроси юзасидан мунтазам назорат олиб боришдир. Чунки жойлардаги ижтимоий масалаларни чуқур таҳлил қилиш зарур ҳолларда қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳаётий таклифлар ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга. Бу эса депутатларнинг фаоллигини янада ошириш билан бирга электорат манфаатини самарали ҳимоя қилишда қўл келади.

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Юртбошимиз Қашқадарё вилоят Кенгаши сессиясида «Агарки ўзимиз йўл қўйган камчилик ва хатоларга, аввало, ўзимиз холисона баҳо бериб, уларни бартараф этмасак, ҳеч ким четдан келиб бизнинг ишимизни қилиб бермайди. Бу — ҳаммамизга аён ҳақиқат», деб таъкидлади.

Депутат учун энг муҳими, халқ билдирган ишончни оқлаб, юзи ёруғ бўлиш, ўзи мансуб бўлган сиёсий партия дастурини амалга ошириш, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдир.

Юртбошимиз сессияда вилоятда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Партиямизнинг бу масала юзасидан ўз позицияси бор. Ижтимоий ҳимоя — бу, аввало, иш билан бандликдир. Партия­мизнинг бу борадаги мақсадларини амалга ошириш, энг аввало, Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ҳамда жойлардаги депутатлик гуруҳлари аъзолари зиммасидадир.

Учқун ШОЙИМҚУЛОВ, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ўтган йили 16 март­да бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида Президентимиз ечимини кутаётган муҳим масалалар, жумладан, касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган ёшларни ишга жойлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасидаги айрим камчиликларга эътибор қаратган эди. Буларни ҳал этишда депутатлар ҳам фаол бўлиши, жойларда самарали назоратни амалга ошириши кераклигини таъкидлади.

Бундан хулоса чиқарган ҳолда қайд этилган камчиликларни бартараф этиш ва Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлаш масалаларини ўрганиш мақсадида ЎзХДП ташкилотлари ҳамда депутатларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Таҳлил натижаларига кўра, депутатлик гуруҳимиз ўтган вақт ичида партия электорати манфаатлари билан боғлиқ 7 та масалани сессия кун тартибига олиб чиқди. Биргина 2012 йилнинг ўзида 30 дан ортиқ ижтимоий аҳамиятга эга долзарб масала ва таклифлар доимий комиссиялар кун тартибига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган бўлса, шундан 3 таси сес­сияд­а муҳокама қилинди.

Бандлик дастурининг 2013 йил режасига биноан, Тошкент шаҳри миқёсида 81659 та янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. Жорий ўқув йилида Тошкент шаҳрида 36719 нафар ўқувчи касб-ҳунар коллежларини тамомлайди. Уларни иш билан таъминлаш вазифалари айни пайтда бизнинг асосий эътиборимизда турибди. Ҳаракат дастури ва ундаги вазифалар шунчаки қоғозда қолиб кетмаслиги учун амалий ишларга янада кўпроқ эътибор қаратишимиз керак бўлади.

Семинарда, шунингдек, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мус­тақил институти Тошкент шаҳар бўлинмаси раҳбари ўринбосари Рустам Саидов, Олмазор туман партия кенгаши раиси Камолиддин Акромов ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун партия ташкилотлари ҳамда шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи муқобил ло­йиҳалар ишлаб чиқиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш учун курашиш зарурлигини таъкидлашди.

Семинарда кун тартибидаги масала бўйича билдирилган фикрлар, таклифлар ҳисобга олиниб, партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари зиммасида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.