24.10.2013

ОЗИҚ-ОВҚАТ МЎЛ БЎЛАДИ

Самарқанд вилояти матбуот уйида 2013 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга оид дастурлар ижроси, куз-қиш мавсуми учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Президентимизнинг 2013 йил 20 мартдаги фармойиши асосида Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ҳуқу­қий экспериментдан ўтказилаётган «Давлат ҳокимия­ти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойи­ҳаси талабларидан келиб чиқиб ташкил этилган мазкур тадбирда Самарқанд туманида шу йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумот берилди.

Туман ҳокими Б.Саъдуллаевнинг қайд этишича, ҳудудда мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, янги боғ-токзорлар яратиш, ердан унумли фойдаланиш самарадорлигини ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида жорий йилга мўлжалланган дастур параметрлари ортиғи билан бажарилмоқда. Бу туманда истиқомат қилаётган 218 мингдан зиёд аҳо­лининг эҳтиёжини тўла қондириш билан бирга, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш имкониятини яратади. Жорий йилда сабзавот етиштириш талабга нисбатан 68 минг тонна, картошка 9,7 минг тон­на, полиз 1,7 минг тонна, мева 1,3 минг тонна, узум 0,7 минг тонна, гўшт 1 минг тонна, сут 2,4 минг тонна, тухум 41 миллион дона кўп тайёрланди.

Мева, полиз маҳсулотлари туман аҳолиси эҳтиёжидан ортиқча етиштирилаётганини ҳисобга олиб, уларни йилнинг исталган вақтида истеъмол бозорига чиқариш учун зарур шароит яратиш масаласи ҳам доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Шу мақсадда кейинги йилларда тумандаги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари, фермер хўжаликларида йигирма минг тоннадан зиёд маҳсулот сақлаш сиғимига эга музлаткичли камералар ташкил қилинди. Жорий йилда «Афросиёб мева» корхонаси томонидан беш минг тонналик музлаткичли камералар қурилди. Келгуси йилда яна ўн минг тоннадан ортиқ маҳсулот сақлаш сиғимига эга ана шундай замонавий омборлар ташкил этиш режалаштирилган.

Туманда кейинги 3-4 йилда интенсив боғлар барпо этилди. Айни пайтда ҳудудда 625,3 гектар майдонда интенсив боғ мавжуд. Жорий йилда 86 гектар ерда ана шундай боғлар ташкил этилди. Ўтган йилларда тўпланган тажрибага кўра, интенсив боғлар 3-4 йилда гектарига 60-70 тоннагача ҳосил беради.

Дастлаб интенсив боғ кўчатлари хориждан келтирилган бўлса, айни пайтда тумандаги боғдорчилик хўжаликларида паст бўйли дарахт кўчатларини етиштириш йўлга қўйилиб, нафақат қўшни вилоятларга, балки Марказий Осиё давлатларига ҳам сотилмоқда.

2013 йилда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш юзасидан ишлаб чиқилган дастурлар асосида ўтган тўққиз ойда иккита чорвачилик, учта паррандачилик, учта балиқчилик ва тўртта асаларичилик хўжалиги ташкил этилди. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этиш ва уларда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда. Ушбу йўналишдаги дастурга кўра, бу йил тумандаги уч юздан ортиқ фермер хўжалиги кўп тармоқли хўжаликка айлантирилиб, уларда мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Тадбирдан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари Самарқанд тумани ҳокимлигида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси синови бўйича ўтказилаётган ҳу­қуқий эксперимент жараёни билан танишди.

Ғ.ҲАСАНОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.