24.10.2013

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ МУСТАҲКАМЛАШ

ҳамда тиббий маданиятни ошириш обод ва бахтли турмуш кафолати

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайлов­олди дас­турида оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини оширишга доир чора-тадбирлар белгиланишига эришиш бўйича вазифалар белгиланган. Соғлом авлодни тарбиялаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бир қатор нуфузли халқаро институтларнинг баҳолашича, Ўзбекистон дунёнинг 125 давлати орасида хотин-қизлар учун қулай шароитлар яратиш ва оналикни муҳофаза қилиш борасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дас­турида ҳам оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини оширишга доир чора-тадбирлар амал­га оширилишини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланган.

Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 1-сонли оилавий поликлиника бошланғич партия ташкилоти бу мақсадлар йўлидаги жараёнларда муносиб иштирок этмоқда.

— Айни пайтда туманимизда 3574 нафар партия аъзоси 170 та бошланғич ташкилот­га бирлашган, — дейди ЎзХДП Миробод туман кенгаши раи­си Василий Воргудяев. — Мав­жуд 39 та маҳалладан 37 тасида бошланғич партия ташкилоти фаолият кўрсатади. Бизнинг муҳим вазифамиз етакчилар ҳамда аъзолар билан кўпроқ ишлаш, сиёсий ўқувлар таъсирчанлигини ошириш, иқтидорли ёшларни танлаб, партия кадрлари сифатида шакллантириб боришдан иборат. Шунингдек, сафимизга янги қўшилган ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва салоҳиятини ошириш фаолиятимизнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Партия Дастурида белгиланган аҳо­лининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш каби вазифаларни амалга ошириш, бу борада ҳаётий таклифлар ишлаб чиқишда тиббиёт муас­сасаларида ­фаолият юритаётган бошлан­ғич ташкилотларимизнинг ўр­ни катта бўл­моқда.

— Муҳтарам Юртбошимиз шу йил 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан йўллаган байрам табригида: «Аёлларни, она­ларни асраш керак дегани — бу фарзандларни асраш, наслни асраш, охир оқибатда миллатни асраш демакдир», деб таъкидлади, — дей­ди Миробод туманидаги 1-сонли оилавий поликлиника бош шифокори, ЎзХДП аъзо­си Наргиза Холмуҳамедова. — Бугунги кунда поликлиникамиз шифокорлари ўн тўрт­та маҳалланинг 38400 нафар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Ҳар ойнинг иккинчи ҳафтаси «Саломатлик ҳафтаси» деб эълон қилинган. Унда аёллар, ногиронлар, қариялар ва 14 ёшгача бўлган болалар тиббий кўрикдан ўтказилади ва мутахассислар томонидан на­зоратга олинади. Жамиятда тиббий маданиятни шакллантириш тиббиёт тизими ходим­лари олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Бу Ўзбекистон Халқ демократик партияси ғоялари билин ҳамоҳангдир. Шу сабабли ҳам биз туман партия кенгаши билан ҳамкорликни мус­таҳкамлашга ҳаракат қиламиз. Соғлом турмуш тарзи, тиббий маданиятни шакллантиришга қаратилган тарғибот ишларимизда ЎзХДП туман кенгаши, муассасамиздаги БПТ, партия аъзолари фаол иштирок этмоқда.

— Поликлиникамизда 56 нафар умумий амалиёт шифокори, 104 нафар ҳамшира фаолият кўрсатиб келмоқда, — дейди поликлиника шифокори, БПТ етакчиси Ойдин Оринбоева. — Уларнинг аксарияти Халқ демократик партияси хайрихоҳлари, 43 нафари эса партиямиз аъзоларидир. Жамоамизда ҳар ойда икки-уч марта сиёсий ўқув машғулотлари бўлиб ўтади. Унда партиямиз ғоя ва мақсадлари, мамлакатимиз ҳаётида содир бўлаётган муҳим воқеаларни ўрганиб, муҳокама қиламиз. Ўзимизга тегишли вазифаларни белгилаб оламиз. Бундан ташқари, 14 та маҳаллада ЎзХДП билан ҳамкорликда аҳолининг тиббий маданияти, тиббий саводхонлигини янада юксалтириш, оилада соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масаласида давра суҳбати, семинар-тренинглар ўтказилди.

Бугунги кунда яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳамон учраб турибди. Оқи­батда уларнинг аксариятида хаста ва ногирон бола туғилиши кузатилмоқда. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун одамлар орасидаги тарғибот-ташвиқот ишларини фаоллаштиришимиз, оилаларни қийнаётган муаммоларни ечиш бўйича амалий таклифлар билан чиқишимиз зарур. Чунки, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятни юксалтириш обод ва бахтли турмуш кафолатидир.

— Мен бошланғич ташкилотнинг йиғилишларида, БПТ ташаббуси билан ўтказилади­ган тадбирларда мунтазам иш­тирок этиб келардим, — дейди ҳамшира Дилафрўз Мирзаалимова. — Уларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, ҳуқуқларимизни таъминлаш масалалари ҳа­қида суҳбатлар, баҳслар бў­либ туради. Кучли фуқаролик жамияти қуришнинг асосий шартларидан бири — фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий билими ва маданияти юқори бўлишидир. Шундай экан, ҳар бир киши юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жа­раёнлардан доимий равишда хабардор бўлиб бориши, улар ҳақида ўз нуқтаи назарига эга бўлиши керак, деб ўйлайман. Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб мен яқинда Ўзбекистон Халқ демокра­тик партияси аъзоси бўлдим.

Бошланғич партия ташкилоти фаолияти билан танишиб, шунга иқрор бўлдикки, партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган, оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини оширишга доир чора-тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ этилишида унинг иштироки самарали бўлмоқда. Бу соғлом ва баркамол авлод улғайиши, фарзандларимиз ҳаётга катта куч, кенг дунёқараш билан кириб келиши, турмушимиз янада фаровон бўлиши, ЎзХДП ғоялари амалга ошишида муҳим ўрин тутади.

Басандабону ЖАЛИЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.