24.10.2013

МУВОФИҚЛИКНИ БАҲОЛАШ

истеъмолчилар манфаатларига, Ўзбекистон Халқ демократик партияси cайловолди дастурида белгиланган вазифалар ҳаётга янада самарали татбиқ этилишига шароит яратади

Кейинги йилларда халқаро миқёсда стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳасига мувофиқликни баҳолаш тушунчаси кириб келди. Миллий ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчиларнинг халқ­аро майдонга чиқиши ҳамда экспорт-импорт жараёнларини амалга оширишида синов, назорат ва сертификатлаштиришни ўз ичига олган мувофиқликни баҳолашнинг ўрни беқиёс.

Ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш жараёнида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маҳсулот ва хизматлар сифати ҳамда рақобатбардошлигини ошириш, ички ҳамда ташқи савдода техник тўсиқларни бартараф этиш мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришнинг устувор вазифалари ҳисобланади. Шу боис бу масалага босқичма-босқич давом этаётган ислоҳотларнинг таркибий қисми сифатида алоҳида эътибор қаратилиб, унинг қонуний асослари мустаҳкамлаб борилмоқда.

Жорий йил 6 июнда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги  Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди. 22 августда Сенат томонидан маъқулланган мазкур қонун Президентимиз томонидан имзоланиб, 5 октябрда матбуотда эълон қилинди ва шу кундан олти ой ўтгач, кучга киради.

Мазкур Қонуннинг асосий мақсади мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Қонунда белгиланган меъёрлар ички ва ташқи бозорда маҳсулот ҳамда хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш, халқаро иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик, халқ­аро савдода иштирок этиш, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этишга эришиш, ички бозорни хавфли товарлардан ҳимоялаш, экспорт салоҳиятини кенгайтиришни таъминлашга йўналтирилган.

Яна бир асосий жиҳати, Қо­нун билан амалга оширила­диган вазифаларнинг бир қис­ми жисмоний шахслар ва давлатнинг мол-мулки хавф­сизлигини ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, энг муҳими, атроф-муҳит, ҳар бир фуқаро ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қи­лиш билан боғлиқдир.

Ўзбекистон ХДП ўзининг Сайловолди дастурида аҳолининг реал даромадлари ортишини кафолатлайдиган бар­қарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқариладиган сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат ҳамда ноозиқ-ов­қат маҳсулотлари билан тўл­дириш каби муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этиш вазифаларини илгари сурган. Таъкидлаш керакки, бу мақсадларга эришиш учун ишлаб чиқарилган маҳсулот ва кўрсатилган хизматларнинг мувофиқлигини баҳолаш муҳим аҳамият касб этади.

Мувофиқликни баҳолаш нима? Бозорга таклиф этилаётган маҳсулотлар ва хизматларга нисбатан ишлаб чиқарувчилар, истеъмолчилар, фойдаланувчилар ёки давлат назорат идоралари сифат, экологик кўрсаткичлари, хавф­сизлик, тежамкорлик, ишонч­лилик, фойдалилик ва самарадорлигига доир муайян талабларини қўяди. Маҳсулот ва хизматларда мазкур талабларга мосликнинг бўлиши ва уларнинг техник регламентлар, стандартлар ва бошқа ҳужжатлар талабларига жавоб беришини намойиш этиш жараёни мувофиқликни баҳолаш, деб юритилади.

Мувофиқликни баҳолашдан аввало ким манфаатдор? ­Мувофиқликни тўғри баҳолашдан биринчи ўринда истеъмолчилар манфаатдордир. Нотўғри ёки ишончсиз баҳолашдан улар зарар кўради. Чунки мувофиқликни баҳолаш натижалари истеъмолчилар томонидан маҳсулотларни танлаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Истеъмолчи маҳсулот сифати ёки хавфсизлигига баҳолашдан ўтганлиги тўғрисидаги мувофиқлик сертификати орқали ишонч ҳосил қилади.

Ишлаб чиқарувчилар ўз нав­батида маҳсулотлари қонун ҳужжатларида қайд қилинган тавсияларга мувофиқлигига, шунингдек, мижозлар талабини қондира олиши, бунинг натижасида бозорда рақобатбардош бўла олишларига ишонч ҳосил қилишни истайди. Бу, албатта, мувофиқликни баҳолаш фаолияти билан бевосита боғлиқ. Маҳсулотлар ва хизматларни мувофиқликка баҳолаш замонавий технология ва илм-фаннинг ривожланиш даражаси билан мутаносиб бўлиш имконини беради ҳамда нуқсонли маҳсулот бозорга кириб келишининг олдини олади. Саломатлик, хавф­сизлик ёки атроф-муҳит муҳофазасида мувофиқликни баҳолаш қонун даражасида мажбурий қилиб белгиланади. Бундай ҳолатда ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар тегишли баҳоланишсиз ҳамда тасдиқланишсиз маҳсулотни савдога чиқаришлари мумкин эмас. Халқаро стандартлар ва қўлланмалар ҳам бундай баҳолашни самарали амалга ошириш, унинг натижаларини тан олиш бўйича талаблар ўрнатади, кўрсатмалар беради.

«Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Қонун айни шу нуқтаи назардан қонунчиликдаги айрим бўшлиқларни тўлдиради, бу йўналишдаги ҳуқуқий базани мустаҳкамлайди.

Қонунга кўра, мувофиқликни баҳолаш жараёни аккредитация қилиш, сертификатлаштириш, декларациялаш, инспекция назорати, юкни ортишдан олдин ёки уни тушириш вақтидаги назорат, маҳсулот синови, санитария-эпидемиология, ветеринария, фитосанитария хулосалари ёки экологик экспертиза йўли билан амалга оширилади. Бунда мувофиқликни баҳолашнинг ягона қоидалари, тартиб-таомилларини қўллаш, бу ҳақ­даги ахборотнинг очиқлиги ва ишонч­лилигини таъминлаш шарт. Аккредитациядан ўтган мувофиқликни баҳоловчи органларнинг хизматларидан фойдаланишга тў­сиқлар пайдо бўлиши ва улар ўртасидаги рақобатни чеклашга йўл қўйилмайди. Давлат, тижорат ҳамда қо­нун йўли билан қўриқланадиган бошқа сирлар сақланишига эътибор қаратилади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Қонун миллий аккредитация тизимини ташкил этиш ва такомиллаштириш, шунинг­дек, мувофиқликни баҳолаш бўйича олиб борилган ишлар натижалари халқаро миқёсда тан олинишини таъминлаш учун ҳу­қуқий асос ҳамда шароит яратади.

Қонуннинг алоҳида моддаси миллий аккредитация органи вазифаларига бағишланган. Унга кўра, миллий аккредитация органи мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади, мувофиқликни баҳолаш ор­ганларининг давлат реестрини юритади ва бу органлар устидан инспекция назоратини амалга оширади. Бундан ташқари, мувофиқликни баҳоловчи органларни аккредитациядан ўтказади, уларга бу ҳақда гувоҳно­ма беради ва аккредитация гувоҳномасининг амал қи­лишини тўхтатади, тугатади ва ушбу гувоҳномани бекор қилади.

Қонунда Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳам­да бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мувофиқликни баҳолаш соҳасида ваколатли органлар сифатидаги вазифалари ҳам алоҳида белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, Қонунда мазкур органларнинг мувофиқликни баҳолаш бўйича ўз соҳаси доирасида сертификатларни бериш ва ушбу сертификат ҳамда мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни рўйхатдан ўтказиш каби ишларни амалга ошириш жараёнларидаги ҳу­қуқлари ҳамда мажбуриятлари ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Маълумки, ҳар қандай янги қонун қабул қилинганида ун­га мувофиқ, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиб борилади. «Мувофиқликни баҳолаш тўғ­рисида»ги қонуннинг расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач, кучга кириши ҳам бежиз эмас. Чунки унда аккредитация талаблари кенг ёритилгани муносабати билан «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги амалдаги қонунга тегишли ўзгартишларни киритиш, шунингдек, айрим давлат бош­қаруви органларининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини ҳам қонун нормаларига мослаштириш жараёни кўзда тутилган.

Умуман, мувофиқликни ба­ҳолаш бўйича миллий қо­нунчиликни халқаро стандарт­лар билан уйғунлаштириш келгусида ягона қоида ва ягона мувофиқлик белгисига эга ҳудудий сертификатлаштириш тизимини яратишга ҳамда бу борадаги халқаро жараёнларда иштирок этишга имкон туғдиради.

Анвар БОЙҚУЛОВ,

Алишер СОДИҚОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари.



DB query error.
Please try later.