Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
24.10.2013

ИШОНЧНИ ОҚЛАШИМИЗ КЕРАК

дейди Аугсбург университети информатика факультети талабаси
Шерзодбек Аҳмедов

—1986 йилда Андижоннинг Пахтаобод туманида, зиёли оиласида туғилганман, — дейди у. — Туманимиздаги 26-умумий ўрта таълим мактабида ўқиганман. Биринчи ўқитувчим Кароматхон Раҳимовадан умрбод миннатдорман.

Кейинчалик 21-математика-физика фанларига ихтисослашган лицей-интернатда билим олишни давом эттирдим. Сўнгра Андижон қишлоқ хўжалиги институтининг иқтисодиёт ва бошқарув факультетига грант асосида қабул қилиндим.

— Германияда ўқиш имконияти қандай пайдо бўлди?

— Германиянинг ЛОГО ташкилоти билан ҳамкорликда Андижон қишлоқ хўжалиги институтининг юқори босқич талабалари Германия фермер хўжаликларида ишлаб чиқариш амалиётини ўташ йўлга қўйилган. Мана шу ҳамкорлик натижасида синов топшириқларини аъло даражада топшириб, Германияда амалиёт ўташ имконига эга бўлдим. Шу жараёнда ўқишни Германияда давом эттириш истаги пайдо бўлди. Амалиёт ўз якунига етганидан сўнг, ўз имкониятларимни синаб кўр­дим. Омадим келиб, ўқишни Европада давом эттирадиган бўлдим. Устозларим менга оқ йўл тилашди. Хорижда ўқиш мобайнида ўзимга бўлган ишонч янада ортди. Кўплаб дўстлар орттирдим. Ҳозирда Аугсбург университетининг информатика факультетида, информатика ва мультимедиа йўналишида таҳсил олаяпман. Университетимиз Германиянинг Бавария ўлкасида, Аугсбург шаҳрида жойлашган.

— Таълим олаётган йўналишингиз ҳақида гапириб берсангиз?

— Информатика, компьютер ­соҳасида тез-тез янгиликлар бўлади. Шуларни инобатга олиб, устозларимиз ўз маъруза ва амалий машғулотларини олиб боришади.

Университетимизда ўқиш, асосан, электрон тизимда олиб борилади, яъни университетнинг веб-саҳифаси орқали талаба ўзига керакли ҳар қандай маълумотни топа олади. Профессор-ўқитувчилар дарсда замонавий техник воситалар ёрдамида талабаларга маълумотлар етказади, талаба университет веб-саҳифасининг иловасидан ўзига тегишли бўлган дарсларга рўйхатдан ўтади, ўзининг ҳафталик дарс жадвалини тузади, ана шу жадвал асосида маърузалар ёки семинар дарсларига қатнай бошлайди. Мазкур иловада уйга берилган вазифалар, яна бир қанча зарур бўлган ишларнинг ҳаммасини топиш мумкин.

— Немислар билан суҳбатлар асосан нималар ҳақида бўлади?

— Нафақат немислар, балки бош­қа миллат вакиллари билан гаплашиб қолганимизда, табиийки, улар қаердан эканлигимни сў­райди. «Ўзбекистонданман» деб жавоб бераман. Кўпчилиги дарров Буюк ипак йўлини эсга олади ва шу аснода юртимиз ҳақида маълум маънода тасаввурга эга эканлигини билдиради. Аксарият танишларим кўп йиллик тарихга эга буюк ва нав­қирон шаҳарларимизни яхши билишларини айтади. Шахсий иш билан бир немис дўстимникига борганимда, китоб жавонидаги тарихий китобларга кўзим тушганди. Қизиқиб варақлаб кўрсам, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига борадиган сайёҳлар учун махсус китоб экан. Мен дўстимдан бу китобни қаердан олганини сўрадим. У «Дадам саёҳатни ёқтиради ва юртингизда бир неча марта бўлган. Бизга ҳам эсдалик совғалар олиб келган» деди ва Ватанимизнинг расми туширилган совғаларни кўрсатди. Ич-ичимдан хурсанд бўлиб кетдим.

— Келажакдаги режаларингиз?

— Аввало, ўқишни тамомлаб, уйга ёруғ юз билан қайтиш. Компьютер, информатика ва мультимедиа соҳасида бу ерда ўрганган билим ва малакамни амалиётга татбиқ қилиб, юртимизга фойдаси тегадиган малакали мутахассис бўлиб етишиш. Андижонда ўзимнинг шахсий фирмамни очиб, чет эл корхоналари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатмоқчиман.

Президентимиз ҳар гал биз ёшларга ишонишини айтади. Чет элларда шунчалик ўқиб юрганимиз ҳам у кишининг юксак ишончидан. Айни пайтда кўплаб тенгдошларимиз хорижда таълим олмоқда. Ҳаммамиз Президентимиз ва халқимиз ишончини оқлашимиз керак, деб ҳисоблаймиз.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: