22.10.2013

АХБОРОТ-МАЪРИФАТ ХОНАЛАРИ

фаолиятини намунали йўлга қўйиш сиёсий-ўқувлар савиясига, тарғибот-ташвиқот ишлари таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади

Сиёсий ўқув одатдагидан бош­қача бошланди. Семинар очилишидан аввал иштирок­чилар гуруҳларга бўлинди ва уларга саволлар тарқатилди. Қатнашчилар аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини оши­риш механизмлари, ахборот-маърифат хоналари фаолиятини янада кучайтириш масалалари бўйича ўз таклифларини ишлаб чиқди. ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ­ходимлари, Олий Мажлис Қо­нунчилик палатаси депутат­лари ва экспертлар гуруҳи иштирокида бу таклифлар муҳокама этилди.

«Электорат вакилларида сиё­сий маданият ва фуқаролик масъулиятини шакллантиришда Ахборот-маърифат хоналаридан самарали фойдаланиш». Мавзу долзарб. Негаки, инсоннинг қалби ва онгини эгаллаш, айниқса, маънавий дунёсини издан чиқаришга қаратилган турли хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган бугунги замонда аҳолида сиёсий ва фуқаролик маърифатини шакллантириш ниҳоятда муҳим вазифалардан бири. Шу боис, Бектемир туманида таш­кил этилган сиёсий ўқувда бу масалалар чуқур муҳокама этилди.

— Ҳар бир сиёсий партия жамиятда мустаҳкам ўрин топиш, одамлар ишончини кўп­роқ қозониш учун ҳаракат қилади, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева. — Бу жараёнда партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий он­ги, тафаккурини юксалтириш, ижтимоий-сиёсий жараёнларда иштирокини кучайтириш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш муҳим аҳа­мият касб этади. ЎзХДП тизимида ташкил этилган ахборот-маърифат хоналари ушбу мақсадларга хизмат қилмоқда. Айни пайтда уларнинг мод­дий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, ҳуқуқ­шунослик ва ижтимоий-сиёсий йўналишдаги адабиётлар, илмий ҳамда даврий нашрлар билан тўлдириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаяпти.

Бугунги кунда 14 та минтақавий партия кенгаши ва 194 та туман ҳамда шаҳар партия кенгаши ҳузурида ахборот-маърифат хоналари бор. Улар фаолиятини кучайтириш учун жойларда бугунгидай семинарлар ўтказишни йўлга қўйдик.

Ахборот-маъ­рифат хоналари ишини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тайёрлашда бу алоҳида аҳамият касб этади. Бундай семинарларда сизларнинг таклифларингиз ўр­ганилади ва энг намуналилари оммалаштирилади.

Семинар иштирокчилари ўз гуруҳларида ахборот-маърифат хоналари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ишлаб чиққан таклифларини тақдимот қилди.

Камолиддин АКРАМОВ, ЎзХДП Олмазор туман кен­гаши раиси:

— Бугун сиёсий партия фаолиятини замонавий талаблар асосида янги босқичга олиб чиқишни давр ўзи тақозо этмоқда. Бунинг учун, аввало, партия тизимида ишлаётган ходимлар, қолаверса, аъзоларнинг билим ва тафаккурини кенгайтириб бориш зарур. Ушбу жараёнда ахборот-маърифат хоналарининг аҳамияти катта.

Бунинг учун ахборот-маърифат хоналарида партия Сайловолди дастуридан бошлаб, ўқув адабиётлар, услубий қўл­ланмалар ва матбуот нашрлари, барча сиёсий пар­тиялар газеталари бўлиши лозим. Шунингдек, партиядан сайланган депутатлар тўғрисида маълумотлар келтирилиши, уларнинг амалий ишлари ҳа­қида маълумотлар тез-тез янгиланиб туриши талаб қилинади. Шунингдек, Сайлов­ол­ди дастуридан келиб чиқиб ўтган давр мобайнида қандай ишлар амалга оширилгани, депутатларимиз ва партия ташкилотларининг фаолияти ҳақида слайдлар яратиш зарур. Бу ахборот-маърифат хоналарига келган электорат вакиллари партиямиз фао­лияти, ўз дас­турий вазифа­ларини амалга ошириш борасидаги ташаббуслари ҳа­қида кенгроқ маълумот олиши учун хизмат қилади.

Ихтиёр САЛАЕВ, ЎзХДП Шайхонтоҳур туман кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси:

— Бугунги замонавий ахборот-маърифат хоналарида барча қулайликлар, шароитлар яратилиши учун қатор талаблар қўйилмоқда. Аввало, ахборот-маърифат хоналарининг моддий-техника базасини яхшилаш керак. Масалан, алоҳида компьютер ажратилиши, у, албатта, интернетга уланган бўлиши зарур.

Шунингдек, ахборот-маърифат хонасида маълумотлар базасини яратиш аҳа­миятли ҳисобланади. Масалан, катологлар, адабиётлар рўйхати ва китоблар, қўлланмаларнинг электрон вариант­лари бўлса, бу фойдаланувчига анча қулайлик яратади. Бундан ташқари, хоналарда партия фаолиятининг турли йўналишларига бағишланган кўргазмалар ташкил этиш зарур. Масалан, партия дас­турий мақсадлари акс этган кўргазмали ташвиқот материаллар ва слайдлар яратилса, ташриф буюрувчилар учун партия ташкилоти ҳақи­да зарур маълумотларни тез­корлик билан олиш имкония­ти бўлади.

Семинарда гуруҳлар томонидан ишлаб чиқилган таклифлар кенг муҳокама этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, соҳа ходимлари ва экспертлар таклифлар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Гуруҳларда яхши таклифлар айтилди. Айниқса, ахборот-маърифат хоналари фао­лияти самарадорлигини ошириш учун биринчи навбатда услубий қўл­ланмалар БПТга тизимли равишда етказиб борилиши керак, деган таклифни қўл­лаб-қувватлайман. Чунки, қу­йи бўғинда ҳам ахборот-маърифат бурчакларини ташкил этишга эришсак, бу орқали партия дастурий мақсадлари тарғиботи янада кенг тус олади. Бундан ташқари, гуруҳлар­нинг ахборот-маърифат хоналарининг моддий-техник базасини яхшилаш, зарур адабиётлар билан таъминлаш, даврий нашрлар тахламини мунтазам юритиш, интернетдан фойдаланиш имкониятини яратиш бўйича билдирган таклифлари ҳам жуда долзарб. Агар мазкур йўналишларда камчиликларни бартараф этиб, аниқ натижага эришсак, бу ўз-ўзидан тадбирлар, сиёсий-ўқувлар са­виясига, тарғибот-ташвиқот ишлари таъсирчанлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Семинарда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ҳафиза Каримова, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Учқун Шойимқулов, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бош мутахассиси Обод Қиличбоевлар сўзга чиқиб, мавзу юзасидан ўз фикрларини билдирди. Шу асосда партия ташкилотлари ахборот-маърифат хоналари фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.