22.10.2013

ТИНЧЛИК УЧУН КУРАШМОҚ КЕРАК

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда «Тинчлик учун курашмоқ керак» деб номланган давра суҳбати ўтказди.

Унда партия фаоллари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассислари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбирда асосий эътибор Президентимизнинг «Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак» рисоласида баён қи­линган фикрлардан келиб ­чиқадиган хулосалар ҳам­да уларнинг тарғиботи масалаларига қаратилди.

Раимберган САБУРОВ, ЎзХДП Хоразм вилоят кен­гаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши­даги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги тинчлигимиз билан чамбарчас боғлиқ. Мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар, вилоятимиздаги тарихий бун­ёдкорлик ишларининг бош омили ҳам тинчликдир. Тинчлик бор жойда барака бўлади, ривожланиш бўлади.

Бироқ, бугунги кунда халқаро аҳволнинг тез ўзгарувчанлиги, дунёнинг турли нуқталарида юз бераётган нохуш воқеалар ҳар биримиздан огоҳ бўлиб яшашни, тинч­ликни қадрлаш, ҳимоя қилиш, унинг учун курашишни талаб этмоқда. Чунки, Президентимиз рисоласида алоҳида таъкидланганидек, биз бугун ён-атрофимизда қарама-қаршилик, хавф-хатарлар кучайиб бораётган нотинч замонда яшаяпмиз. Шундан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларни янада таъсирчан ўтказиш чора-тадбирларини кўришимиз керак. Долзарб масалаларга бағишланган тадбирларга соҳанинг етук мутахассисларини жалб этиш, ҳар қандай саволга холис ва асосли жавоб беришимиз керак.

Партиямиз сафида обрўли, таниқли кишилар, етук сиёсатчилар кўпчиликни ташкил этади. Биз улар кучидан самарали фойдаланишимиз керак бўлади.

Ғуломжон САПАЕВ, Фуқаролик жамияти шакл­ланишини мониторинг қи­лиш мустақил институти Хоразм ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси:

— Бугун биз глобаллашув даврида, тезкор ахборот алмашинуви замонида яшаяпмиз. Ер юзининг айрим ҳудудларида сиёсий ва ҳарбий тўқнашувлар ҳукм сураётган бир пайтда биз учун тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, уни асраш ниҳоятда муҳим. Узоққа бормайлик, мана, қўшнимиз Афғонистонни олайлик. Рисолада урғу бериб айтилганидек, бу жафокаш заминда уруш бошланган пайтда туғилган болалар бугун 30-35 ёшга чиқди. Бу авлоднинг изидан ҳозир яна бир янги авлод оёққа турмоқда. Уларни келажакда нима кутмоқда? Фақат уруш, одам ўлдириш, қон тўкишни кўрган ёшларнинг тақдири эртага нима бўлади?

Бу уруш оқибатида қанчалаб бегуноҳ одамларнинг қо­ни тўкилди, мамлакат тараққиёт йўлидан чиқиб кетди. Тинчликни қўлдан бериб қўй­гач, уни қайта тиклаш на­қадар оғир вазифа эканини Афғонистон мисолида кўриб турибмиз. Ёшлар билан учрашувлар пайтида уруш келтирадиган кулфатлар, тинчликнинг саодати ҳақида ҳаё­тий мисолларни таққослаб тушунтириш керак.

Тозагул МАТЧОНОВА, Хоразм вилоят Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасининг Маънавий-ахлоқий тарбия ва спорт бўлими бошлиғи:

— Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил қилади. Улар билим олиши, ўқиб-ўрганиши, ўз исътедод ва салоҳиятини намоён қилиши учун барча шароит яратилган. Энг муҳими, маҳаллаларимиз, кўчаларимиз, оиламиз, бир сўз билан айтганда, Ватанимиз тинч. Бу тинчликни қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраш учун, аввало, ёшларимизни дунёда содир бўлаётган воқеалар сабабларини идрок этиб, теран таҳлил қила оладиган, ўз мус­тақил фикрига эга баркамол авлод этиб тарбиялаш жуда муҳимдир. Огоҳ одам хавф-хатарга қарши тура олади, тинчлик учун, тараққиёт учун курашиб яшайди.

Аҳмаджон ВАИСОВ, ЎзХДП Хонқа туман кенгаши раиси:

— Жамият учун энг катта хавф-хатарлардан бири — бу лоқайдликдир. Шу боис ёш­ларда, партиямиз аъзолари, электорат вакилларида Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини кучайтириш муҳим аҳа­миятга эга. Бундай руҳда тарбияланган ёшлар ҳаётдаги камчилик ва нуқсонларга ҳеч қачон бефарқ бўлолмайди.

Мана, яқинда Урганч шаҳрида ёшлар кўли — дам олиш маскани ишга туширилди. Шаҳар ва қишлоқларимизда ҳам ҳар куни бир бунёдкор ўзгаришнинг гувоҳи бўламиз. Юртимизда тинчлик мустаҳкамлангани сари бундай ўзгаришлар янада авж олаверади. Ёшлар бу ишлар ниманинг ҳисобидан бўлаётганини билиши, бунёдкорликлардан ғурурлана олиши керак.

Тадбирда яна кўплаб фикр-мулоҳазалар, амалий так­лиф­лар билдирилди. Тинчликка, огоҳлик ва ҳушёрликка даъват қилувчи видеолав­ҳа барчада чуқур таассурот қолдир­ди.

Васила СОБИРОВА



DB query error.
Please try later.