22.10.2013

САНЪАТ ВА СПОРТ

ёшларни тарбиялайди, чиниқтиради, гўзалликка ошно қилади

Миллий матбуот марказида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ёш авлоднинг маданият, санъат ва спорт соҳаларидаги қобилиятини юзага чиқариш ҳамда уларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасида вазирлик тизимида амалга оширилаётган ишлар хусусида матбуот анжумани ўтказилди.

— Мустақиллигимизнинг илк йилида санъат соҳасидаги халқаро танловларда бор-йўғи 8 нафар ёш ижрочи иштирок этган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 105 нафарга етди, — дейди Маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Отабек ­Мусаев. — Иштирокчилардан 3 нафари — ёш скрипкачи Алина ­Қориева Франция­нинг Баноле шаҳрида ўтказилган халқаро танловда, виолончелнинг моҳир созандаси Жамшид Сайдикаримов Россиядаги «Где рождается ­исскуство» халқаро танловида, фортепьяно ижрочиси Жасмина Абдуназарова Париж шаҳридаги «Ниcолаи Рубинстеин» халқаро танловида Гран-прини қўлга киритди. 82 нафар ёш истеъдод эгаси эса фахрли ўринларни олди.

Юртимизда тизимли равишда барпо этилаётган маданият ва спорт иншоотлари, турли танлов ҳамда спорт мусобақалари ёшлар қобилиятларини намоён қилишига, улар соғлом ва баркамол бўлиб тарбияланишига хизмат қилаётир.

Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 20-28 сентябрь кунлари Австриянинг Линс шаҳрида бўлиб ўтган ёш опера солист­лари халқаро фес­тивалида Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри солисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рамиз Усмонов фахр­ли 2-ўринни эгаллади.

Ёш истеъдодлар учун таъсис қилинган «Ниҳол» давлат мукофоти соҳибига айланган ёшлар сони бугунги кунга келиб 152 нафарга етди. Улардан 1 нафари Ўзбекистон халқ артисти, 16 нафари хизмат кўрсатган артист, 1 нафари Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист унвонлари ва 3 нафари «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

— Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тасарруфидаги 5 та олий таълим муассасаси, 21 та маданият ва санъат коллежи, 14 та олимпия захиралари коллежи, 1 та Ўзбекис­тон давлат консерватория­си қошидаги иқтидорли болалар академик лицейида таълим жараёнини ислоҳ этиш, юқори билим ва салоҳиятга эга кадрларни тайёрлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилаяпти, — дейди Отабек Мусаев. — 2012-2013 ўқув йилида жаҳоннинг тараққий этган мамлакатларида ўтказилган нуфузли халқ­аро ва республика танловларида ғолибликни қўлга киритган истеъдодли ёшларимиздан 66 нафари маданият йўналишида, 256 нафари спорт йўналишида имтиёзли равишда олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди.

Матбуот анжуманида шу йилнинг 25-30 август кунлари Самарқандда ўтказилган «Шарқ тароналари» халқ­аро мусиқа фестивалига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ушбу фестивалнинг нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу йил 53 та давлат вакиллари иштирок этган «Шарқ тароналари» IX халқаро мусиқа фестивалида юртимиз номидан ёш санъаткорлар ҳам саҳнага чиқишди. Бу улар учун катта тажриба мактаби бўлди.

— Ёш авлоднинг болалигиданоқ спортга ошно бўлиб ўсиши, бўш вақтини унумли ўтказиши, маданий ҳордиқ чиқаришига шароит яратиш мақсадида «Обод турмуш йили» Давлат дастури доирасида республикамиз ҳудудларида 597 та болалар майдончаси тикланди ва 167 таси янги ташкил этилди, — дейди Олимпия ва спорт захиралари бош­қармаси бошлиғи Рашид Толипов. — Бухоро вилоя­тида ўтказилган «Универсиада — 2013» спорт мусобақасида вазирлик тасарруфидаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия инс­титути талабалари ўз иқтидорларини намойиш этиб, 108 та олтин медални қўлга киритди.

2013 йилда ўтказилган 175 та халқ­аро спорт мусобақаларида юртимиз вакиллари 206 та олтин, 190 та кумуш, 208 та бронза, жами 604 та медалга сазовор бўлди.

2013 йилда Эронда шоҳмот бўйича болалар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Исломбек ­Синдоров, Филадельфияда қўл жанги бўйича бўлиб ўтган жаҳон кубогида Рустам Юсупов биринчи, Грециянинг Салоники шаҳрида бўлиб ўтган самбо бўйича жаҳон чемпионатида Давлатжон ­Ҳамроев иккинчи ўрин соҳиби бўлди.

Юртимизда ўтказилган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи жаҳон чемпионатида дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган 450 дан зиёд спортчи баҳс олиб борди. Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Тамшам Аян иштирок этди. Мусобақа ­натижаларига кўра, Юлдашев ­Маш­ҳурбек 3-ўринни эгаллаб, ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди. Умумий кўрсаткичларга асосан эса  Ўзбекистон терма жамоаси 45 та давлат ичида 9-ўринни эгаллаб, Олимпия ўйинларига бериладиган 2 та йўлланма эгаси бўлди.

Ёшларимиз томонидан қўлга киритилаётган бу каби ютуқлар, энг аввало, мустақиллик берган имкониятлар шарофатидандир.

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.