19.10.2013

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ: БУНЁДКОР ҒОЯЛАР, БУНЁДКОР ОДАМЛАР

«...кимки бугунги кунда Ўзбекистонда амалга ошири­лаётган улкан ўзгаришларни кўрмоқчи, улардан тўлиқ хабардор бўлмоқчи бўлса, биринчи галда Андижонга келсин, ўзини андижонлик деб атайдиган одамларнинг меҳнати, ҳаёти, бугунги ютуқлари билан яқиндан танишсин»

Ислом КАРИМОВ

ОБОД ТУРМУШ МЕҲНАТ БИЛАН ЯРАТИЛМОҚДА

Андижонликлар мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ибратли ташаббуслари, янгиликка интилувчанлиги ва бунёдкорлик салоҳияти билан алоҳида эътиборга сазовор бўлиб келмоқда. Айтайлик, тўрт тарафдан ҳам кириш мумкин бўл­ган «Бахт уйи» биносини фақат Андижонда учратасиз. Кўча бўйида райҳонзорлар яратиш, шаҳар майдонларини гулу гулзорга буркаш фикри ҳам андижонликлардан чиққан, улар томонидан амалга оши­рилган. Ёки қишлоқ хўжалиги соҳасини олайлик. Ғўзани парваришлаш, сувдан самарали фойдаланиш бўйича «Андижон тажрибаси» кўп эътироф этилган. Деҳқончилик маданияти нечоғли юқо­ри эканлиги эришилаётган натижаларда ҳам намоён: андижонлик миришкорлар бу йил ғалладан 280 минг тоннага яқин мўл ҳосил етиштирдилар. Куни кеча эса пахта етиштириш бўйича шартномавий режани ҳам уддаладилар.

Вилоятда кейинги олти йилда сабзавот етиштириш ҳажми 1,9 баробар, картошка — 2,2 баробар, полиз маҳ­сулотлари — 3,5 баробар, мева — 1,8 баробар, узум — 2,2 баробар ортган. Қорамоллар сони 1,6 баробар, парранда 2,2 баробар, гўшт ва сут етиштириш 1,5 баробар, тухум етиштириш 1,8 баробар кўпайган.

Буни қарангки, бугун ўз то­морқа­си ва иссиқхонасида банан, киви, ананас ва папая ўсимликларини етиштираётган, уларни ўзимизнинг шароитимизда кўпайтиришга, бозорларимизга олиб чи­қишга уринаётган андижонлик миришкорлар оз эмас.

Буларнинг барчаси нафақат вилоят, балки мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга, бозорларимиздаги серобчилик ва арзончиликни таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда.

Дарҳақиқат, бун­ёдкор ғоя­лар туфайли бунёдкорлик ишлари амалга ошади.

— Бугун Андижон шаҳридаги бун­ёдкорликларни кўрган киши уларни беихтиёр Европанинг шаҳарлари билан қиёслайди, қувонади, ғурурланади, — дейди вилоят «Маҳалла» хайрия жамоат фонди раиси, ЎзХДП фаоли Икромиддин Валиев. — Шаҳардаги 14 та кўчада олиб борилган кенг миқёсли ободончилик ишлари Андижонни юртимиздаги энг обод ва кўркам ман­зиллардан бирига айлантирди. Айниқса, Ўзбекистон шоҳ кўчаси нафақат Андижоннинг, қолаверса мам­лакатимизнинг фахрига айланди, десак тўғри бўлади. Навоий, Бобур шоҳ кўчаси, Амир Темур кўчалари ҳам кенг ва равонлиги, ободлиги билан эътиборни тортади.

Яқинда улар қаторига Истиқлол ва Миллий тикланиш кўчалари қўшилди.

— Жорий йилда ушбу кўчалар бўйлаб 94 та янги бино қурилиб, 126 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, — дейди «Андижонфуқа­ролойи­ҳа» МЧЖ раҳбари, Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Абоқул Мирзаев. — «Инфинбанк», «Ипак йўли» банклари ҳамда вилоят бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бинолари барпо этилди. 47 ўринли меҳмонхона капитал таъмирланди. Бешта давлат муассасаси биноси, учта кўп қаватли турар­ жойнинг ташқи қиёфаси тубдан ўзгартирилди. «Анда жон», «Дилноз» тантаналар саройлари, «Шарқ» кинотеатри ва «Олтин водий» ресторани янгича кўриниш олди. Ўнлаб савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, болажонлар учун турли аттракционлар, музқаймоқ ва салқин ичимликларга мўлжалланган савдо шахобчалари қурилди. Кўчанинг икки тарафидаги ландшафт дизайни йў­налишидаги экзотик кўринишлар кишида ҳайрат ва завқ уйғотиши табиий. Истиқлол кўчасида бунёд этилган мусиқий фаввора эса андижонликлар ва меҳмонларнинг севимли масканига айланиб улгурди. Ҳар икки кўчадаги ободонлик ва қурилиш ишлари натижасида 2 мингга яқин янги иш ўрни яратилди. Навоий шоҳ кўчасида 5 та кўп қаватли уй барпо этилди, ўнлаб оилалар кў­чиб ўтди.

Вилоятда жорий йил ярмида ял­пи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йил шу даврига нисбатан 10,1 фоизга кўпайган, саноат, халқ истеъмол моллари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши сезиларли ортган. Ҳозирги вақтда 85 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Ялпи саноат маҳсулотининг қарийб 79 фоизи, жами экспорт ҳажмининг эса салкам 89 фоизи ана шу корхоналар ҳис­сасига тўғри келмоқда. Вилоятда экспорт таркиби ҳам кескин ўз­гариб, қайта ишланган ва тайёр маҳсулотлар улуши 87 фоиздан 95 фоизга етган.

Бу каби тараққиёт ва фаровонликлар замирида вилоят аҳлининг ғайрат-шижоати, мардонавор меҳнати, тадбиркорлик фазилатлари мужассамлиги ҳақиқат, албатта.

ЯНГИ ИШ ЎРНИ — КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ

Вилоятда бугунги кунда 300га яқин қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд. Уларнинг аксарияти водийда илгари мутлақо мавжуд бўлмаган қу­рилиш маҳсулотларини тайёрлашга ихтисослашган.

— Мустақиллик арафасида ғишт ишлаб чиқарувчи заводларни санашга қўллардаги бармоқ ҳам кўп­лик қил­ган бўлса, улар сони ҳозирга келиб 70 га яқинлашди, — дейди Жалақудуқ агросаноат касб-ҳунар коллежи директори, Халқ депутат­лари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Малика Юсупова. — Йилига 130 миллион дона ғишт ишлаб чиқари­лаётганини назарда тутсак, Андижондаги қурилишлар кўлами, яратилаётган иш ўринлари миқёси кўз ўнгимизда намоён бўлади.

2013 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасидаги янги қувватларни ташкил этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан дастур ишлаб чиқилган. Унда 2 та цемент, 8 та ғишт, 4 та черепица, 1 тадан асфальт, пенобетон, брусчатка ишлаб чиқарувчи ва шағални қайта ишловчи корхоналар ташкил этиш белгиланган эди. Уларнинг аксарияти фаолият бошлаши билан 500 дан зиёд иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, 2013-2015 йилларга мўлжалланган алоҳида лойиҳа орқали янги ташкил этиладиган ва реконструкция қилинадиган қу­рилиш материаллари корхоналарида 3 мингга яқин янги иш ўрни яратилади.

Дарҳақиқат, вилоятда жорий йил январь-сентябрь ойларида жами 3238 та лойиҳа доирасида 164,7 миллион АҚШ долларилик инвестиция киритилди ва 20 минг 672 та янги иш ўрни яратилди. Улар асосан саноат корхоналарини ташкил қилиш, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш эвазига амалга оширилди. Жумладан, саноатда 663 та лойиҳа бажарилди. Шунинг­дек, енгил саноат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари кўлами кенгайди. Агар 2006 йилда вилоятда етиштирилган пахта толасини қайта ишлаш ҳаж­ми 31,5 фоизни ташкил этган бўл­са, 2012 йилда бу рақам 40 фоизга етди. Шу ўтган даврда қиймати 66 миллион долларлик 19 та йирик лойиҳа амалга оширилиб, 45 минг тоннадан ортиқ ип-калава, қарийб 9 минг тонна трикотаж полотно, 9 миллион донадан зиёд тайёр тикув-трикотаж буюмлари ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватлар, энг муҳими, 3,5 мингта янги иш ўрни яратилди.

2006-2012 йилларда Андижонда пойабзал ишлаб чиқариш 8,6 баробар, чарм-галантерея буюмлари 11 баробар, мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13 баробар ўсган. Бу аҳоли бандлиги таъминланмоқда, турмуш даражаси юксалмоқда, деганидир.

ЎЗБЕКИСТОН — АВТОМОБИЛСОЗЛИК МАМЛАКАТИ

— Асакада бундан ўн етти йил илгари ўзбек автомобилсозлигига тамал тоши қўйилган эди, — дейди «GM — Uzbekistan» ёпиқ акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш техноло­гияси бўлими бош технологи, Ўзбекистон Қаҳрамони, ЎзХДП фаоли Ҳасанбой Қосимов. — Бугунги кунда мамлакатимизда нафақат енгил машиналар, қолаверса юк кўтариш ҳамда йўловчи ташишга мўлжалланган автоуловлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Асака эса ишлаб чиқариш ҳажми ва иқтисодиётдаги ўрни билан мамлакатимиз автосаноатидаги марказга айланди, десак хато бўлмайди. Дар­ҳақиқат, жорий йилда автозавод маҳсулоти 2 миллиондан ошди. Ҳозирда бу ерда «Дамас», «Нек­сия», «Матиз», «Спарк», «Ласетти», «Кобальт», «Малибу», «Каптива» сингари 8 турдаги автомаҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Ўзбек автомобиллари чет мамлакатларда ҳам тобора харидоргир бўлиб бормоқда. Уларнинг асосий мижозлари Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон ҳисобланади. Ўтган тўқ­қиз ой мобайнида 192 минг 727 дона автомобиль корхона конвейридан чиқди. 66 минг 991 дона «Нексия», «Матиз», «Спарк», «Ласетти» хориж бозорига жўнатилган. 2008 йилдан бошлаб, жаҳон автомобиль саноатида етакчи ҳисобланган «Женерал Моторс» компанияси билан ҳамкорликда ушбу заводда маш­ҳур «Шевроле» бренди билан автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу завод ишга тушиши билан автомобил саноатининг бошқа соҳалари ҳам тез ривожланди. Биргина Андижон вилоятининг ўзида автомобилларга бутловчи ва эҳтиёт қисмлар етказиб берадиган машинасозлик корхоналари сони сўнгги етти йилда 47 тадан 108 тага, улар томонидан тайёрланган маҳсулот ҳажми эса 1 триллион 100 миллиард сўмга етди. Бу эса мазкур тармоқда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар сонини 22 минг 400 кишига етказиш имконини яратди.

Юксак интеллект талаб қиладиган мураккаб дастгоҳ ва техникаларни ўзимизнинг ёшлар бошқараётганини кўриб беихтиёр севинасан, киши. Президентимиз айтганидек, бир пайтларда Ўзбекистон энди автомобилсиз қолади, ўзбеклар фақат шофёр бўлиб ишлашга ярайди, деган асоссиз гаплар ҳам бўлган эди. Ёшларимиз бугун дунёдаги энг замонавий автомобилларни ўз қўллари билан ишлаб чиқармоқда.

ЮРТ ТАРАҚҚИЁТИ — АҲОЛИ ФАРОВОНЛИГИ

— Мамлакатимиздаги ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга, ижтимоий ёрдамга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир кучли ижтимоий сиёсат Андижон вилояти мисолида яққол кўринади, — дейди Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Илтижохон Бурхонова. — Бугунги кунда аҳолини марказлаштирилган тармоқлар орқали ичимлик суви билан таъминлаш 89,7 фоизни, табиий газ билан таъминлаш эса 75,3 фоизни ташкил этмоқда. Келгуси уч йилда ичимлик ва оқава сув тизимини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури асосида вилоятда 150 километр магистраль сув тармоғи барпо этилиши, 183 километрлик тармоқ эса реконструкция қилиниши режалаштирилган. Бу ишларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 45 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратиш кўзда тутилган. Натижада вилоятдаги 230 дан ор­тиқ қишлоқда ичимлик суви таъминоти янада яхшиланади ва бу борадаги кўрсаткич 92,3 фоизга етказилади. Жорий йилда эса 131 километр ичимлик суви тармоқлари ва қудуқларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳам вилоятда изчил олиб борилмоқда. Бунинг тасдиғини шу ўтган даврда ҳар сменада 3 минг нафардан ортиқ кишига хизмат кўрсатадиган поликлиника муассасалари, 930 ўринга эга бўлган шифо масканлари фойдаланишга топширилди, Андижон тиббиёт инс­титутининг ахборот-ресурс маркази барпо этилаяпти. 2013 йилда яна 10 та тиббиёт муассасасини, жумладан, вилоят онкология диспансери, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва болалар санаторийсини реконструкция қилиш режалаштирилган. Бу мақсадлар учун 54 миллиард 900 миллион сўм маблағ сарфлаш кўзда тутилган.

Қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши Андижон қишлоқлари қиёфасини ҳам тамоман ўзгартирмоқда. Вилоят қишлоқларида 2010 йилда 620 та, 2011 йилда 665 та, 2012 йилда 770 та янги уй-жой қурилиб, эгаларига топширилди. Жорий йилда эса 46 та қишлоқ массивида 900 хонадон ана шундай янги уйларга кўчиб киради. Қишлоқ аҳолиси орзусидаги ҳар томонлама қулай уйлардан 13 таси Балиқчи туманидаги Чинобод қишлоқ фуқаролари йиғинининг Қияли маҳалласида қад ростлади.

АНДИЖОН СПОРТИНИНГ ШУҲРАТИ

Андижон спорт соҳасидаги ютуқлари билан ҳам донг таратиб келмоқда. Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўткирбек Ҳайдаров, Баҳодиржон Султонов, Раъно Омонова ва Руслан Нуриддинов каби андижонлик спортчилар Ўзбекистоннинг фахрига айланган. Спорт иншоотлари, ундаги шарт-шароит ва малакали мураббийлари билан андижонликлар ҳар қанча ғурурланса арзийди.

2006-2012 йилларда нуфузли ­халқаро мусобақаларда Андижон ёшлари орасидан 107 нафари, жумладан, 57 нафар қиз бола иштирок этиб, уларнинг 72 нафари совринли ўринларни қўлга киритган. Ҳозирда Алмати шаҳрида бокс бўйича бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида иштирок этаётган 10 нафар боксчимизнинг 8 нафари Андижон бокс мактаби тарбияланувчилари эканлигининг ўзиёқ вилоятнинг мамлакатимиз спортидаги нуфузини кўрсатиб турибди. Буларнинг барчаси болалар спортини ривожлантириш, спорт турларини оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш йўлида юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ишларнинг натижасидир.

Вилоятда бугунги кунда жами 4786 та спорт иншооти мавжуд бўлиб, шундан 784 таси спорт зал, 30 та ўйингоҳ, 45 та сузиш ҳавзаси, 217 отиш тири, 1 та манеж ҳамда 3709 спорт майдони ва майдончаларидир. 5 та ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Андижон Олимпия захиралари коллежи ҳамда вилоят футбол лицей-интернатидаги шароитга мана-ман деган мамлакат болаларининг ҳам ҳаваси келиши бор гап.

— Ўтган йили Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоятимиз шаҳар ва туманларида 7 та спорт иншооти, 3 та сузиш ҳавзаси, 5 та болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилган эди, — дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиа­ли директори вазифасини бажарувчиси Маҳмуджон Топволдиев. — Жорий йилда эса жамғарма маблағлари ҳисобидан салкам 20 миллиард сўмлик 14 та болалар спорт объектлари қурилди ва реконструкция қилинди.

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТИ

Андижон вилоятида Ўзбе­кистон Халқ демократик партиясининг 26 393 нафар аъзоси бор. Улар 813 та бошланғич партия ташкилотига бирлашган. Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашида 18 нафар, туман, шаҳар Кенгашларида эса 167 нафар депутат ЎзХДП вакилларидир. Бу кўрсаткич маҳаллий Кенгашлардаги жами депутатларнинг 40 фоиздан ортиғини ташкил этади.

— 2013 йилнинг ўтган даврида депутатлик гуруҳларимиз партия Сайловолди дастури ҳамда Ҳаракат дастури асосида бир қатор маса­лаларни чуқур ўрганди ҳам­да депутатлик гуруҳи йиғилишларида уларни ҳар томонлама муҳокама қилди, — дейди халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашида­­ги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзо­си Абдумутал Абдуллаев. — Муҳим масалалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тегишли доимий комиссиялари йиғилишлари кун тартибига киритилди. Айримлари сессияларда кўриб чиқилди. Улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, бугунги кунда ижроси назоратга олинди.

Мисол учун, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Олтинкўл туман кенгаши ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи тегишли соҳа мутахассислари, мутасаддилари, партия фаолларини жалб этган ҳолда касб-ҳунар коллежлари, корхоналар ва битирувчилар ўртасида уч томонлама шартномалар тузиш амалиётини ўрганди. Унинг натижалари, аввало, депутатлик гуруҳининг партия кенгаши билан кенгайтирилган қўшма йиғилишида батафсил кўриб чиқилди. Масала долзарблиги ҳисобга олиниб, халқ депутатлари туман Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси, сўнгра эса сессия кун тартибига киритилди.

Сессияда ушбу масала юзасидан алоҳида қарор қабул қилинди. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида жойларда турли тадбирлар амалга оширилди. Аввало, битирувчиларни ишга жойлаштириш тадбирлари назорат қи­линди. Бўш иш ўринлари ярмаркалари ва «Коллеждан — корхонага» мақсадли тадбирлари ташкил этилди. Айни пайтда туманда 7 та касб-ҳунар коллежи мавжуд бўлиб, 2013-2014 ўқув йилида битирувчилар сони 2066 нафарни ташкил қилади. Депутатлик гуруҳимиз уларни иш билан таъминлаш бўйича ҳозирдан тегишли чора-тадбирларни кўрмоқда.

Партиянинг Жамоатчилик қабулхоналарига ўтган олти ойда ишга жойлаштириш, иш ҳақи ва пенсия­ларнинг ўз вақтида тўланиши, уй-жой, коммунал хизматларга доир 250 га яқин мурожаат келиб тушган. Ҳар битта мурожаатда кўтарилган масаланинг ижобий ечимини топиш доимий эътиборда.

Партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари электорат манфаати билан боғлиқ ишларни янада кучайтириш, амалий таклифларни кўпроқ илгари суришга ҳаракат қилмоқда...

Яратиш, бунёдкорлик туйғуси бугун ҳар бир андижонликнинг қалбида жўш уриб турибди. Улар ўз уйи, ҳовлиси, кўчаси ва маҳалласини обод ва гўзал қилишдек эзгу мақсадлар билан яшамоқда, меҳнат қилмоқда. Шу ўринда бир фикр хаёлдан ўтади: юртимиздаги ўзгариш ва ютуқларни кўрмоқчи бўлганлар, аввало, Андижонга келсин. Бу ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишсин, тиниб-тинчимас андижонликлар билан суҳбатлашсин. Шунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар кўлами, мақсади ва моҳияти билан яқиндан бохабар бўлади, юртимиздаги юксалишлар тўғрисида холис фикрга эга бўлади.

Акбар ЖОНУЗОҚОВ,

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.