Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
19.10.2013

БЮДЖЕТ КОДЕКСИ

Ўзбекистон ХДП электорати манфаатларига хизмат қилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда фракция аъзолари билан бирга тегишли вазирлик, идора ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок эт­ди. Фракция «Ўзбекистон Рес­публикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.

Таъкидландики, мустақиллик йилларида мамлакатимизда давлат молиясини бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, бюджет сиёсати устувор йўналишларини тартибга солиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Юқоридаги қонун лойиҳаси бюджет жараёнини янада тартибга солиш, бир-бирига зид ва эскирган меъёрларни бартараф қилиш, тўғридан тўғри амал қилувчи ягона қонунчиликни яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган мазкур ҳужжат амалдаги меъёрлар, низомлар ва бюджет жараёни иштирокчиларининг ваколатларини тизимлаштиради.

— Бюджет кодекси лойиҳаси умумий ва махсус қисмлар, саккиз бўлим, йигирма етти боб ва 203 та моддадан иборат, — деди молия вазирининг биринчи ўринбосари Баҳром Юсупов. — Мазкур ҳужжат шу вақтга қадар бюджетни тартибга солиб келган «Бюджет тизими тўғрисида» ва «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида»ги қонунларни, бюджет жараёнининг алоҳида масалаларини тартибга солувчи олтита қонунни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармон ва қарорларини, ҳукумат қарорларини ҳамда идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қамраб олган. Кодекс лойиҳасида айни пайтда амалда бўлган меъёрлар кенгайтирилиб, бюджет жараёни иштирокчиларининг ваколатлари, давлат томонидан маблағ жалб қилиш, бюджет ижроси устидан назорат ва бюджет қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни акс эттирувчи янги моддалар қўшилган.

ЎзХДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳаси давлат молиясини бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаши, бюджет сиёсати устувор йўналишларини тартибга солиши, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда давлат хизматлари сифатини яхшилашга хизмат қилишини алоҳида эътироф этди.

— Мамлакатимизда бюджет сиёсатини амалга ошириш борасида катта тажриба тўпланди, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Аҳад Аҳмедов. — Шу вақтга қадар давлат бюджети билан боғлиқ муносабатлар бир неч­та қонун, қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниб келинди. Бу бир томондан алоҳида меъёрларнинг турлича талқин қилинишига ва айрим мураккабликлар келиб чиқишига сабаб бўлаётган эди. Фракциямиз бутун бюджет жараёнини тартибга солувчи ягона қонунчилик ҳужжатининг ишлаб чиқилиши ниҳоятда муҳим, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, партиямизнинг Сайловолди дастурида мамлакатда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг, жумладан, уни амалга оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган тизимларнинг ҳуқуқий асосларини мус­таҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шу нуқтаи назардан, бюджет жараёнини тартибга солувчи Бюджет кодексининг қабул қилиниши, унда назарда тутилаётган мақсад ва вазифалар Ўзбекистон Халқ демократик партияси Дастури ҳамда электорати манфаатларига тўла мос келади. Шулардан келиб чиқиб, фракциямиз «Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.

— Маълумки, ҳар йили мамлакатимизда давлат бюджетининг 60 фоизга яқини аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилмоқда, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Саттор Раҳматов. — Бизнинг партия­миз эса мамлакатимизнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан аҳолининг барча қатлами, шу жумладан, ижтимоий ёрдамга муҳтож кишилар турмуш даражасини яхшилаш йўлида фойдаланишга қаратилган бундай сиёсатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ушбу кодекс лойиҳасида бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, уни сарфлашнинг натижавийлиги ва самарадорлиги, ғазнанинг ягоналиги, жавобгарлик, очиқ-ойдинлик яъни ошкоралик каби бюджет тизимининг асосий тамойиллари киритилмоқда. Бу Ўзбекистон ХДП электорати ҳисобланган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли турмуш даражасини яхшилашга йўналтириладиган маблағларнинг манзилли ва мақсадли сарфланишига ҳамда унинг устидан самарали назорат ўрнатилишига хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, Бюджет кодекси лойиҳасини такомиллаштириш, уни маромига етказиш, пишиқ, пухта бўлишини таъминлаш мақсадида ЎзХДП фракция­си аъзолари, партия Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар кенгаши экспертлари, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари иштирокида ишчи гуруҳи тузилди ҳамда таклифлар тайёрлаш жараёни давом этмоқда.

Фракция «Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқди. Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади қонун ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси билан мувофиқлаштиришдир.

Йиғилишда, шунингдек, «Тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб этиш янада рағбатлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Кўриб чиқилган барча қонунлар ло­йиҳалари бўйича партиямиз электорати манфаатларидан келиб чиқиб, таклифлар билдирилди ҳамда ЎзХДП фракциясининг позицияси белгилаб олинди.

Асли КАМОЛ


DB query error.
Please try later.