19.10.2013

ИННОВАЦИЯЛАР — ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетида «Инновация-2013» XVIII халқаро илмий-амалий анжумани бошланди. Тадбир Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази, Савдо-саноат палатаси, Тошкент давлат техника университети ва бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилди.

Унда таълим, илм-фан соҳаси, саноат тармоқлари вакиллари, тадбиркорлар, қа­тор хорижий давлатлардан олимлар иштирок этмоқда.

Инновациялар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятни ҳимоя қилиш ва такомиллаштириш, янги саноат ва молиявий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, маҳсулот сифатини ошириш ҳамда унинг рақобатбардошлигини таъминлашга доир вазифаларни ҳал этишда муҳим ўрин тутади. Шу боис мамлакатимизда инновацион фаолиятни ривожлантиришга катта эътибор берилаётир. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2006 йил 7 августда қабул қилинган «Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш ва бош­қаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2008 йил 15 июлда имзоланган «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2010 йил 15 декабрдаги «2011-2015 йилларда Ўзбекис­тон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарорлари бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази директори А.Қодиров ва бошқалар Ўзбекистон катта илмий-техникавий, интеллектуал салоҳиятга эга эканини таъкидлади. Улардан мақсадли фойдаланиш халқимизга янги жамият барпо этиш йўлида муҳим вазифаларни ҳал этиш, жаҳон хўжалик муносабатларида обрўли иштирокчи бўлиш имконини беради. Моҳиятига кўра ноёб бўл­ган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг амалга оширилиши натижасида фундаментал ва амалий тад­қиқотлар, жумладан, инновация лойиҳалари амалга оширилишини таъминлайдиган академик ҳамда олий ўқув юрти илм-фанининг ривожланган сектори ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган мамлакатимизни инновацион ривожлантириш жараёнини жадаллаштиришдек, стратегик муҳим вазифанинг ҳал этилиши кўп жиҳатдан таълим, илмий ва ишлаб чиқариш тузилмаларининг ҳамкорлигига боғлиқ. Шу муносабат билан анжуманда саноатчилар, олимлар, тадбиркорлар саъй-ҳаракатларини муҳим вазифа — мамлакатимизни инновацион ривожлантириш жараёнларини жадаллаштириш йўлида бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистонда 1996 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур халқаро илмий-амалий анжуман ушбу мақсадларга эришишга кўмаклашмоқда, инновацион маданиятни шакл­лантириш, олимлар, саноатчилар, ишбилармонлар ва ёшларнинг инновацион-технологик ривожланиш, мамлакатимиз илм-фани ютуқларини намойиш этиш, бу борадаги халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда хорижий иштирокчилар билан кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришга доир ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

— Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларида юксак инновацион технологияларнинг янада самарали қўлланилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ, — дейди Киев политехника университетининг дастгоҳлар ва машиналарни лойиҳалаштириш кафедраси профессори Юрий Кузнецов (Украина). — Мамлакатингизда олимлар томонидан амалга оширилаётган тадқиқотларга катта эътибор берилаётгани иқтисодиёт, жамиятни ривожлантириш, илмий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази олимларининг ахборот технологиялари соҳасидаги ютуқлари бунга мисол бўла олади. Ушбу йўналишдаги илмий ишланмалардан кўплаб саноат корхоналарида самарали фойдаланилмоқда ва бу хомашёни қайта ишлаш жараёнини бошқаришни автоматлаштириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ҳамда электр ва иссиқлик энергиясини тежаш имконини бераётир.

Таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали инте­грациялашганини Навоий кон-металлургия комбинати фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Комбинат корхоналари мунтазам модернизация қилинмоқда, соҳа олий ўқув юртлари билан яқин муносабатлар ва замонавий ишлаб чиқариш талаблари инобатга олинган ҳолда биргаликда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган, меҳнат қилаётган мутахассисларнинг малакасини оширишга ёрдам берадиган ўқув-илмий-ишлаб чиқариш комплекси фаолият кўрсатмоқда.

Икки кун давом этадиган ушбу анжуман давомида иқтисодиёт тармоқларидаги инновацион жараёнлар, инновацион технологиялар, табиий, минерал-хомашё ва ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш муаммоларини ҳал этиш услублари, тоғ-кон иши, металлургия, технологик жараёнлар ҳамда объ­ект­ларни бошқаришнинг автоматик ва автоматлаштирилган тизимлари, тизимли таҳлил ва математик моделлаштириш, ахборот технологиялари ва тизимлари, уларнинг амалий жиҳатлари, ахборот хавфсизлиги муаммолари каби муҳим илмий-амалий ҳамда таълим йўналишлари бўйича маърузалар тинг­ланади.

Сардор ТОЖИЕВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.