Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
17.10.2013

Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик саноатининг жаҳон бозоридаги ўрни янада мустаҳкамланмоқда

Пойтахтимизда 16 октябрь куни Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган IX Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бошланди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ўтказиб келинаётган анъанавий Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси мамлакатимиз иқтисодиётининг юксак рақобатбардошлиги ҳамда улкан салоҳиятини ёрқин намойиш этишга хизмат қилмоқда. Жорий йилда тўққизинчи марта ўтказилаётган ушбу ярмарка йирик халқаро иқтисодий форумлардан биридир. Мазкур ярмаркада иштирок этиш учун Тошкентга дунёнинг кўплаб давлатларидан пахта ва тўқимачилик саноати вакиллари, трейдерлар ташриф буюрди. Улар иқтисодиётнинг ушбу муҳим тармоғини ривожлантириш, жаҳон бозорларидаги нархлар конъюнктураси, халқаро ҳамкорлик йўналишлари ҳамда истиқболларини муҳокама этади. Ўзбекистонда пахта ва тўқимачилик комплексини изчил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни етказиб бериш бўйича бевосита шартномалар тузади.

Ярмарканинг очилиш маросимида истиқлол йилларида Ўзбекистонни жадал ривожлантириш, чунончи, самарали ва рентабелли бозор иқтисодиётини шакллантириш борасидаги ютуқлар давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг «ўзбек модели» нечоғли юксак самаралар бераётганидан далолат экани таъкидланди. 2000 йилдан буён мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти, биринчи навбатда, барча асосий тармоқларда ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳисобидан 3,1 баравар ўсди. Таркибида юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар улуши мунтазам ортиб бораётган экспорт ҳажми шу давр мобайнида 4,4 баробар кўпайди. Ўзбекистоннинг жаҳон хўжалик муносабатлари, жумладан, ташқи бозорда харидоргир юқори сифатли пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотлари савдосидаги иштироки тобора кенгаймоқда. Чет эллик ишбилармонлар мамлакатимиз билан савдо, ишлаб чиқариш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга катта қизиқиш билдирмоқда. Уларни, энг аввало, миллий иқтисодиётимизнинг барқарорлиги ва изчил юксалиб бораётгани ўзига кенг жалб қилмоқда. 2008 йилда бошланиб, дунёнинг аксарият давлатларида ишлаб чиқаришнинг пасайишига сабаб бўлган ва ҳамон давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг пухта ўйлангани яна бир бор ўз тасдиғини топди. Бошқалардан фарқли равишда, мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида глобал инқироз оқибатларининг олдини олиш ва салбий таъсирини юмшатиш бўйича ўз вақтида қабул қилинган чора-тадбирлар натижасида сўнгги олти йилда, жумладан, жорий йилда ҳам миллий иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатлари барқарор равишда 8 фоиздан ошмоқда.

Мамлакатимизда энг юқори жаҳон талабларига жавоб берадиган пахта маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича ташкил қилинган замонавий комплекс иқтисодиётимизни жадал ривожлантиришга хизмат қилаётир. Бундай ютуқларга давлатимиз раҳбари Ватанимиз мустақиллигининг илк йилларидан собиқ тузумдан мерос қолган хомашё етказиб беришга йўналтирилган бир ёқлама иқтисодиётни тубдан ўзгартириш вазифасини қўйгани самарасида эришилмоқда. Иқтисодиётнинг пахта ва тўқимачилик тармоғи ҳам жадал ривожланмоқда. Мазкур жараён илгари бўлгани каби пахта майдонларини кенгайтиришнинг экстенсив услубларига эмас, балки замонавий агротехнологияларни қўллаш ҳисобидан ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, жаҳон талабларига тўла жавоб берадиган янги пахта навларини жорий этиш, пахтакорлар – фермер ва деҳқонлар учун барча зарур моддий-техник шароитларни яратиш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда давлат харидларини таъминлашга асосланган. Чуқур таркибий туб ўзгаришлар амалга оширилди, ишлаб чиқаришнинг барча бўғинлари модернизация қилинди, техник ва технологик қайта жиҳозланди, инфратузилма жадал ривожлантирилмоқда, замонавий бозор механизмлари кенг жорий этилаётир. Мазкур ишлар бугунги кунда ҳам давом эттирилмоқда. Буларнинг барчаси пахта толаси сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда пахтани чуқур қайта ишлаш ва тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларнинг тури ҳамда ҳажмини кўпайтириш учун янада кенг имкониятлар яратилмоқда.

Иқтисодиётнинг ушбу тармоғини жадал ривожлантиришда Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этаётир. Ушбу ҳужжатда баён этилган қонунчилик ташаббуслари асосида бозор муносабатларининг ҳуқуқий базаси янада такомиллаштирилмоқда ва бу мазкур муносабатларни жадал демократлаштириш ҳамда эркинлаштириш, миллий иқтисодиётимиз ва унинг барча тармоқлари рақобатбардошлигини янада оширишда муҳим омил бўлаётир.

Ўзбекистон бугун жаҳон пахта бозоридаги етакчи мамлакатлардан биридир. Ўзбекистон пахта толасига бўлган талаб жаҳон бозорида муттасил ортиб бораётир. Шу боис Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг хорижлик иштирокчилари сафи йил сайин кенгаймоқда. Мисол учун, 2005 йилда ўтказилган ярмаркада 30 мамлакатдан 170 га яқин трейдерлик ва тўқимачилик компаниялари вакиллари қатнашган бўлса, бу йилги ярмаркада дунёнинг 40 давлатидан пахта ва тўқимачилик соҳаси компанияларининг мингдан зиёд вакили иштирок этмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш кўлами тобора кенгайиб, тўқимачилик саноати жадал ривожланаётган Жануби-шарқий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, шунингдек, Европа ҳамда бошқа минтақалар, жумладан, МДҲ давлатларига изчиллик билан етказиб берилмоқда.

– Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида ҳар йили иштирок этаман ва бу мен учун катта шараф, – дейди "Cotton Outlook" халқаро ахборот агентлигининг бошқарувчи директори Р.Батлер. – Тошкент шаҳрида ўтказилаётган ушбу ярмарка бугун халқаро пахта бозорида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга. Агентлигимиз сифати барча халқаро стандартларга мос ва истеъмолчилар талабларига жавоб берадиган Ўзбекистон пахтаси бўйича алоҳида котировкаларни мунтазам чоп этиб келмоқда. Ҳамон давом этаётган глобал иқтисодий инқироз сабабли жаҳон пахта бозорида юзага келаётган айрим мавҳумликлар ва таҳдидларга қарамай, Ўзбекистон унда ўзининг етакчи ўрнини барқарор сақламоқда. Ип ва бошқа тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ортиб бораётгани ҳам эътиборга лойиқдир.

Бугун Ўзбекистонда селекционерларимиз томонидан яратилган ҳашарот ва касалликларга бардошли, мамлакатимизнинг ҳудудлари тупроқ-иқлим шароитига мос, эртапишар ва серҳосил, толаси узун ва тоза янги пахта навлари етиштирилмоқда. Сўнгги вақтда бундай хусусиятларга эга янги 20 хил нав районлаштирилди. Жорий йилда «олий» ва «яхши» навли тола улуши 90 фоиздан ошди. Ўзбекистон пахтаси жаҳон бозорида талаб этилган асосий сифат кўрсаткичларидан бири бўлган микронейр кўрсаткичига тўла жавоб беради. Бу борада энг илғор биотехнологиялардан фойдаланиш катта аҳамиятга эга. Мамлакатимиз олимлари эришган сўнгги ютуқлардан бири – бу улар томонидан ғўза учун яратилган дунёдаги илк ген-нокаут технологиясидир. Бу эса, ўз навбатида, чидамли хусусиятларга эга «Порлоқ» навларини яратиш имконини берди. Бундай навли пахта 5-10 кун аввал етилади, ҳосилдорлиги 18-30 фоиз ошади, толасининг узунлиги 40 миллиметргача, микронейр кўрсаткичи 4,2 миллиметргача етади. Бундай технология асосида яратилган навлар синовдан муваффақиятли ўтди. Айни пайтда ген-нокаут технологиясини бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари учун ҳам қўллаш борасидаги ишлар амалга оширилаётир. Мазкур янгилик бутун дунёда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ярмарка бўлиб ўтаётган “Ўзэкспомарказ”да жорий йил мамлакатимиз пахта заводлари томонидан ишлаб чиқарилган пахта толасининг намуналари қўйилган. Тадбирда сўнгги йилларда республикамизда фаолият кўрсатаётган барча пахта заводлари реконструкция ва модернизация қилингани самарасида тола сифати ва ишлаб чиқариш ҳажми ошгани қайд этилди. Сотувга қўйилган ҳар бир той пахта толаси “Сифат” Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш марказининг сифат сертификатига эга. Марказ ва унинг ҳудудий лабораторияларида тола хусусиятлари замонавий HVI юқори технологик тизим ёрдамида текширилмоқда. Истеъмолчилар бундай текширув натижаларига тўлиқ ишонади. Негаки, ушбу тизим энг юксак халқаро талабларга жавоб беради.

– Ўзбекистон пахта толаси мамлакатимизнинг тўқимачилик саноатини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади, – дейди Хитойнинг йирик “Xinjiang Yinlong Imternational Agriсultural Cooperation” компанияси бошқаруви раиси В.Лян. – Ўн йилдан буён самарали ҳамкорлик қилиб келаётганимизнинг ўзи Ўзбекистон нафақат олий сифатли тола ишлаб чиқараётган, балки уни ташкил этилган логистика тизими орқали ўз вақтида етказиб бераётган ишончли ҳамкор эканидан ҳам ёрқин далолатдир.

Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг бошқарувчи директори А.Гитчунснинг таъкидлашича, Ўзбекистон жаҳон пахта саноатида кооперацияни рағбатлантиришда муҳим ўрин тутади. 1992 йилдан буён Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг аъзоси бўлган Ўзбекистон бу борадаги халқаро ҳамкорликда фаол иштирок этмоқда. Анъанавий Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси ушбу ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Яна шуниси муҳимки, Ўзбекистонда пахта толасини чуқур қайта ишлаш кўлами ва ҳажмлари тобора кенгаймоқда, тўқимачилик саноати изчил ривожланмоқда.

Мамлакатимизда уч юзга яқин замонавий тўқимачилик корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Ҳар йили янги корхоналар, шу жумладан, хорижлик ҳамкорлар иштирокида кўплаб қўшма корхоналар ишга туширилаётир, уларнинг ишлаб чиқариш қуввати оширилмоқда. Пахта толасини чуқур қайта ишлаш ҳажми ортмоқда. Масалан, ХХ асрнинг 90-йилларида бу кўрсаткич мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган толанинг атиги 7 фоизини ташкил этган бўлса, бугун 40 фоиздан ошади. Хорижий экспертларнинг таъкидлашича, яқин йиллар ичида Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилиши, шунингдек, катта ҳажмда хомашё, ишлаб чиқариш ва кадрлар ресурсининг мавжудлиги самарасида бу кўрсаткични 60 фоизга етказиш мумкин. Бунинг учун изчил чоралар кўрилаётир. Бу борада 2015 йилгача мўлжалланган Енгил саноатни ривожлантириш дастури амалга оширилмоқда, соҳага жалб қилинаётган инвестиция ҳажмлари ортмоқда, экспортбоп ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида илғор технологиялар кенг жорий этилмоқда. Бундай изчил чора-тадбирлар натижасида истиқлол йилларида тармоқ маҳсулотлари экспорти ҳажми 110 баравар ошди. Бугун мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари дунёнинг қирқдан зиёд мамлакатига етказиб берилаётир.

Ярмаркада Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган кенг турдаги калава, полотно, матолар, тайёр тикувчилик буюмлари ҳам кенг намойиш этилмоқда. “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси дизайнерлик марказининг табиий матолардан тайёрланган либослар моделларининг намойиши хорижлик иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Анъанага кўра, ярмарка доирасида мамлакатимиз ҳудудларининг инвестиция салоҳияти ва тўқимачилик тармоғини ривожлантиришга доир янги лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Хорижий ишбилармон доиралар вакиллари ушбу лойиҳалар катта истиқболга эга эканини таъкидлаб, уларга инвестиция киритишдан манфаатдорлигини билдирди.

“Cotton Bangladesh” халқаро агентлиги бош муҳаррири К.Ахсан, БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО) вакили Д.Ли, Халқаро тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар федерацияси бош директори К.Шиндлер, Ҳиндистон тўқимачилик саноати вазирининг ўринбосари З.Чаттержи, Швейцариянинг “Swiss Capital International AG” компанияси таъсисчиси М.Вальдвоген ва бошқалар Ўзбекистон билан ҳамкорлик катта истиқболга эга эканини таъкидлади. Мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити яратилгани, тола ва ундан тайёрланган маҳсулотларни харид қилиш шартлари шакллантирилгани, маҳсулотларни етказиб бериш ва транспортировка қилиш кафолатлангани, мослашувчан нарх сиёсати бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буларнинг барчаси Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар бераётган юксак самаралардан экани қайд этилди.

Ярмарканинг дастлабки кунида Ўзбекистон пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотларини сотиб олаётган мамлакатлар делегациялари билан бўлиб ўтган музокараларда юртимизнинг ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилари ҳамда ташқи савдо компаниялари вакиллари қатнашди.

IX Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев сўзга чиқди.

ЎзА



DB query error.
Please try later.